Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманидаги «Белтов» овул фуқаролар йиғинида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу ерда мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг илгари шароити оғир бўлган. «Обод қишлоқ» дастури асосида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, овул қиёфаси ўзгарган.
Шавкат Мирзиёев овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, аҳоли билан мулоқот қилган.
«Охирги йилларда Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор бериб, катта куч ва ресурсларни жалб этганимиз ўз натижасини беряпти. Одамлар йўлимиз тўғрилигига ишонди. Энди янги марралар қўйганмиз. Қорақалпоғистонга ҳамма раҳбарларни олиб келдик. Бунақаси тарихда бўлмаган. Улар маблағи, жамоаси билан келиб, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқяпти. Тахтакўпирнинг ҳам аввалги мавқейини тиклашимиз зарур», — дейди президент.
Давлат раҳбари аёллар турмушини яхшилаш масаласига алоҳида тўхталган: «Юртимизда аёллар кўз ёш тўкмайдиган жамият қуришимиз керак».
Шу ерда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлган. Улар маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирган.
Президент шу ерда журналистлар билан ҳам суҳбатлашган.
Изоҳ (0)