Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бухоро вилояти ИИБ тизимида фаолият юритувчи тўққиз нафар ходим ИИБ ходимларига хос бўлмаган нопок хатти-ҳаракатлари учун ишдан бўшатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев иштирокидаги матбуот анжуманида маълумот берилди, дея хабар қилди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Бўшатилганлар орасида ички ишлар органлари номига доғ тушириб, пора олиш жиноятини содир этганлар ҳам йўқ эмас. Кечагина беш нафар ходимни нолойиқ хатти-ҳаракати учун, икки нафар ходимни эса нопок ҳаракати учун ишдан олдик. Яна икки нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, айби исботлангач ишдан кетди. 2022 йилнинг жуда қисқа даврида тўққиз нафар ходим ИИБ ходимига хос бўлмаган нопок ҳаракатлари учун ишдан олинди. 11 та ҳолатда эса маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйилгани аниқланди», — деди Шуҳрат Алиев.

Бошқарма бошлиғининг маълумот беришича, 2021 йил давомида ички ишлар органларида фаолият юритиб келган 55 нафар ходим ишдан бўшатилган. Шундан 44 нафари ўз хоҳиши ва бошқа лавозимларга ишга ўтиб кетгани муносабати билан вазифасидан озод этилган бўлса, 11 нафари эса салбий сабаблар билан бўшатилган. Шунингдек, 1190 та ҳолатда ИИБ ходимлари хизмат интизомини бузгани маълум бўлган.

«Вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳуқуқ-тартибот масканларига компьютер жамланмалари берилган. Ҳар бирида оптик шиша толали кабеллар ўрнатилган. Бу орқали жиноят ишлари бўйича шаҳар-туман судлари билан тест режимида онлайн суд муҳокамаларини ўтказа олишади. 570 нафар инспекторга ‘E-ma’muriy ish’ ҳамда IMB Uzbekistan электрон дастурлари юкланган планшетлар тарқатилган. Улардан талабимиз фақат битта — ҳалол ва виждонан хизмат кўрсатиши шарт. Ички ишлар органлари фаолиятида тартиб-интизом талаби ҳар доимгидан юқори. Талабни бажара олмаган, тизим юзига доғ бўлган ходимлар учун соҳада ўрин йўқ», — деди Шуҳрат Алиев.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Иқтисодиёт
Коррупция даражаси, иқтисодий эркинлик индекси: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгармоқда?
Дунё
АҚШ Ельциннинг Украина ҳақидаги баёнотини махфийликдан чиқарди
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда фрилансерлик: улар қанча маош олади ва нега кўпаймоқда?