Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерлари очиқ электрон танлов асосида ижарага берилади. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов «Дарё» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Баҳром Норқобилов

Баҳром Норқобилов
Фото: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Баҳром Норқобиловнинг таъкидлашича, чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерларининг очиқ электрон танлов асосида ижарага берилади.

«Бизнинг олдимизга президентнинг «Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чорвачилик соҳасида бошланган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида мамлакатда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли чора-тадбирларни белгилаб берди.

Эндиликда пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан 206 минг гектар суғориладиган ер майдонида алмашлаб экиш ҳамда беда ва чорва озуқа экинлари экилади. Натижада йилига қўшимча 2 миллион тонна озуқа бирлигини жамғариш имконияти яратилади. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан 500—1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, келгуси икки йилда ҳар бир туманда камида биттадан гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотиш ишлари ташкил этилади. Бунда, ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари  гўшт ҳамда сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерларининг очиқ электрон танлов асосида ижарага берилиши таъминланади», – деди қўмита раси.

Таъкидланишича, қарорга мувофиқ кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга чорвачилик учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.

«Дейлик, фермер хўжаликлари томонидан 22 фоизли кредит олинганда шунинг 8 фоиз қисми компенсация ҳисобига қопланиши эвазига 14 фоизга айланади. Иккинчидан, кредит маблағларини олишда етишмайдиган гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик тақдим этилади.

Чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларнинг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади. Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳалар учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларни қайтариш муддатини тадбиркорларнинг аризаларига кўра ўн йилгача узайтириш тавсия этилмоқда.

Фермер хўжаликлари томонидан олиб келинган қорамоллардан олинган бузоқлар даромадга киришига ва бу орқали хўжаликлар ҳам даромад қилади, ҳам кредитларини ўз муддатида тўлаш имкониятига эга бўлади», – деди Баҳром Норқобилов.

Қўмита расининг алоҳида таъкидлашича, сут, мол ва қўй гўшти ишлаб чиқарувчилари учун субсидиялар икки бараварга оширилди.

Фото: «Дарё»

«Аввал чорвачилик хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 минг сўм, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўм ҳамда тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм, шунингдек, парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм ва интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидиялар ажратилиши жорий қилинган эди.

2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 минг сўмдан 4 минг сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади.

Бир килограмм гўшт ва бир литр сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сарфланадиган харажатнинг маълум қисмини қоплайди. Бунинг натижасида фермер хўжаликларининг қўшимча даромади ошиб, фаолиятини янада кенгайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, техника харид қилиш имконияти яратилади», — деди Баҳром Норқобилов.

Маълум қилинишича, чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Фермер хўжали томонидан харид қилинган техника учун кредит ёки лизинг йиллик 22 фоиздан олинса, 12 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва бу фоиз кўрсатгичи фермер хўжалиги учун 10 фоизни ташкил этади.

Фото: «Дарё»

Озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда, бир гектар ер майдонига ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш 2 минг 500 доллар бўлса, 8 миллион сўм субсидия ҳисобига ўрнатиш нархи 1 минг 700 долларга тўғри келади. Ушбу технологияларни жорий этиш натижасида озуқа экин ерларидан олинадиган биргина макажўхорининг ҳосилдорлиги гектарига 35 центнердан 60 центнерга етказилади.

Гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади. Гидропоника усулида озиқлантирганда майда шохли молларнинг тирик вазни 18—20 фоиз қўшимча вазнга ҳамда сут маҳсулдорлиги 15—20 фоизга ошади. Бу орқали экин ерлари камлиги, сув тақчиллиги шароитида гидропоника усулида чорва озуқаси етиштириш соҳага ва чорва моли боқувчиларга катта манфаат келтиради.

Хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан ва утилизация йиғимидан озод қилинмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилмоқда.

Маълумот учун, ўтган 2021 йили республика бўйича 473 та чорвачилик субъектига импорт қилинган наслли қорамол, қўй-эчки, наслли бир кунлик жўжа ва ички хўжаликларда етиштирилган наслли қорамол ва интенсив балиқлар учун 67 миллиард 768 миллион сўм, шунингдек, етиштирилиб сотилган сут-гўшт, парранда гўшти ва тухуми, балиқ учун 657 та чорвачилик субъектига 60 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Украинадаги урушни Россия бошламаган» — Путин (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига газ қуйиш вақтинча тақиқланди
Маҳаллий
Тошкентда Cobalt йўлдан ўтаётган она-болани уриб юборди (видео)