Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги кафелардан бирида маст ҳолдаги эркак ва аёллар ўртасида жанжал содир бўлгани акс этган видеолавҳалар тарқалганди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлагановнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
11 февраль куни соат 21:30 да Олмалиқ шаҳар «Бирдамлик» маҳалласида жойлашган «Марҳамат» ресторанида 2 нафар эркак ва 4 нафар аёл иштирокида жанжал содир бўлган. Тиббий кўрик хулосасида уларнинг маст ҳолда бўлгани аниқланган.
Жанжал иштирокчиларидан бирининг сўзларига кўра, можаро аёллардан бирининг рақсга тушмоқчи бўлган эркакка туртиниб кетгани сабаб юзага келган. Ушбу жанжал иштирокчилари бўлиб ўтган воқеадан пушаймонлигини билдириб, узр сўраган. «Мен ўша куни борганим учун пушаймонман, уйда ўтирсам бўлар эди ўзи», — деган аёлларда бири.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)