Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қалбаки ҳужжатлар орқали банкдан кредит олишга муваффақ бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «Г.И.» МЧЖ раҳбари бўлган фуқаро Ж.Э. бошқа бир корхонага тегишли 3 қаватли нотурар жой биноси интернет сайтлари орқали сотувга қўйилганидан фойдаланиб, объектнинг кадастр ҳужжати, МЧЖ раҳбарининг имзо ва муҳрини қалбакилаштиргани аниқланган.
У ушбу ҳужжатлар орқали бинони гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк муассасасидан 4 миллиард сўм кредит маблағини олган ва пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Шунингдек, тижорат банки филиали масъул шахслари Ж.Э. томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ ўрганмагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда МЧЖга тегишли қарийб 1 миллиард сўмлик корхона ва иморатларни ноқонуний сотиб юборган собиқ раҳбарлар ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)