Олий таълим муассасалари, академик лицей ва профессионал таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчилари учун авиа ҳамда поезд чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши имтиёзи сақлаб қолинади. Бу ҳақда ССВ маълум қилди.
Бунда Транспорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таълим муассасалари талабалари ҳамда академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари томонидан авиа ҳамда поезд чипталари харид қилинишини тартибли равишда талабалар ва уларнинг ота-оналари учун ташкил этади.
Юқоридаги вазирлик ва идораларда доимий ишлайдиган штаблар фаолияти йўлга қўйилади.
«Умуман, ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясининг омикрон штаммининг яширин даври қисқалигини инобатга олиб, коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланган эди. Таътил 2022 йилнинг 10 январигача давом этиши ва дарс жараёнлари 11 январдан бошланиши белгиланганди. Кейинроқ олий таълим муассасаларининг талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Бунга сабаб қилиб ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида 2022 йил 10—24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши кўрсатилган.
Қишки таътил муносабати билан Uzbekistan Airways ва «Ўзбекистон темир йўллари» Янги йил муносабати билан махсус чегирмалар эълон қилган. Кейинчалик талабаларга авиа ва темир йўл чипталарни 24 январгача бепул алмаштириш имкони берилганди.