Тошкент шаҳрида 30 январь куни ишига масъулиятсизлик билан ёндашган метрополитен ходимларига чора кўрилди, деб хабар бермоқда метрополитен ахборот хизмати.
Қайд этилишича, шу куни Тошкент метрополитенининг Сергели-1 бекатида тунги навбатчиликни қабул қилиш вақтида бекат навбатчиси М.М. ва фаррош М.С. иш жойига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда келган. Вазиятга аниқлик киритилишича, М.М ҳамда катта оператор Г.И. фаррош М.С.нинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида иш вақтидан аввал кафега борган ва М.М. ва М.С. спиртли ичимлик истеъмол қилган. Тиббий экспертиза хулосасига кўра, бу ҳол ўз тасдиғини топган.
Меҳнат интизомини қўпол равишда бузганлиги учун М.М. ва М.С. билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Катта оператор Г.И. эса М.М. ва М.С. спиртли ичимлик истеъмол қилиб иш жойига келгани, бу ҳолат метрополитенда ҳаракат хавфсизлигига рахна солиши ва фожиа билан тугаши мумкинлигини била туриб, раҳбариятга маълум қилмагани учун унга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.
Изоҳ (0)