АҚШ раҳбарияти яқин кунларда Шарқий Европага қўшимча ҳарбий кучларни юбориш ниятида. Бу ҳақда мамлакат президенти Жо Байден 28 январь куни журналистлар билан учрашувида маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».

Фото: AP Photo

«Мен яқин келажакда АҚШ қўшинларини Шарқий Европага, НАТО давлатларига юбораман. У қадар кўп эмас», — дейди Америка етакчиси. Украинадаги вазият бўйича янги маълумот борми деган саволга Байден «Охирги икки соатда йўқ», дея жавоб қайтарган.

24 январь куни Пентагон матбуот котиби Жон Кирби АҚШ Европага 8,5 минг ҳарбий хизматчини юборишга тайёрлигини маълум қилганди, бироқ бу борадаги якуний қарор ҳозирча қабул қилинмаган. Унинг сўзларига кўра, гап жанговар, разведка, авиация, тиббиёт ва транспорт бўлинмалари ҳақида кетмоқда. 25 январь куни эса Кирби CNN телеканалига берган интервьюсида Қўшма Штатлар НАТОга аъзо бўлмаган Европа давлатлари ҳудудида ўз қўшинларини жойлаштириш ниятида эмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Украина билан чегарада Россия қўшинларининг тўплангани ҳақидаги маълумотлар октябрь ойида ғарб ОАВларида пайдо бўлишни бошлаган. Ноябрь ойи ўрталарида Украина президенти Владимир Зеленский чегарада 100 минг Россия қўшини борлигини маълум қилган. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Россиянинг Украинага «бостириб кириши» 2022 йил бошида содир бўлиши мумкинлигини айтган.

Москва бу маълумотларни рад этиб, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик ҳақидаги хабарларни «қуруқ, асоссиз кескинлик» деб атамоқда. Қолаверса, Россия ғарб давлатларидан НАТОнинг шарққа томон кенгаймаслиги, Украина эса бу ташкилотга қабул қилинмаслиги ҳақида кафолат талаб қилган.

Аввалроқ Зеленский АҚШ давлат котиби билан учрашувда Украина армиясини модернизация қилишда ёрдам сўрагани, Канада махсус кучларининг бир қисми Украинага жўнатилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, НАТО Украина яқинида Россия кучлари тўпланаётгани сабаб ўз қуролли кучларини жанговар шай ҳолатга келтираётгани ва Шарқий Европага қўшимча кема ҳамда қирувчи самолётларни юборгани маълум бўлганди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянсга аъзо давлатлар ўз қўшинларини Украинага жойлаштирмаслигини билдирган.