Тошкент шаҳри ва вилоятида 25 январь куни қалин туман тушиш ҳолати кузатилди. АОКАда ўтказилган брифингда Гидрометеорология хизмати маркази директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов туман инсон саломатлиги учун хавфсиз эканини маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Қайд этилишича, одатда Ўзбекистонда қиш мавсумида совуқ антициклон таъсирида Қуёшнинг чиқиши ва ботишидан сўнг қалин туман тушиш ҳолатлари тез-тез такрорланиб, табиий жараён ҳисобланади. Ушбу ҳодиса сув буғларининг кучли тўйиниши натижасида юз бериб, бу турдаги туман суткалаб давом этмайди, аксинча 3-4 соат вақт оралиғида тарқалиб кетади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

25 январь куни кечаси совуқ антициклон таъсирида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қалин туман тушиш ҳолати кузатилган. Кўринувчанлик жойларда 50—200 метргача чекланган. Туман тушган пайтда Тошкент шаҳридаги юқори сезувчанликка эга атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ўлчайдиган стационар постларда майда дисперс заррачалар миқдори 111,2 микрограмм метр/кубни ташкил этган. Кўрсаткич санитар меъёр қоидаларига кўра инсон саломатлиги учун хавфсиз даража ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, шу куни тушган қалин туман сабабли Тошкент аэропортининг фаолияти чекланиб, ҳудудга самолётлар қўниши тўхтатилган.