Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари Яман ҳудудига, хусусан, мамлакат пойтахти Сано шаҳрига яна ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Mehr агентлиги хабар берди.

Фото: Мehr news

Хабарга кўра, коалиция қирувчи самолётлари Санонинг Ал-Сабин округидаги Ан-Наҳдин ва Ал-Хафа туманларига беш марта зарба йўллаган, шунингдек, Сано чеккасидаги Фаж Аттан туманига ҳужум қилган.

Бундан ташқари, Саудия қирувчи самолётлари Санхан округидаги Жарбон туманига уч марта, Арҳаб туманига икки марта ҳаво ҳужуми уюштирган, Ҳавландаги Ал-Хосн туманига иккита зарба ташлаб, телекоммуникация тармоғини йўқ қилган.

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Ҳаво ҳужумларининг қурбонлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Яманда бир ҳафтадан бери интернет узилган, чунки зарбалар натижасида Ходейдадаги телекоммуникация маркази вайрон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, араб коалицияси 11 январь куни Яманни озод қилиш бўйича ҳарбий операцияни бошлаган эди. «Яманда хавфсизликни тиклаш мақсадида» кенг кўламли ҳарбий операциялар ўтказилмоқда. Январь ўрталарида коалициянинг Яман пойтахтига йўллаган зарбалари оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Аввалроқ Яманнинг Мариб шаҳрига амалга оширилган ракета зарбалари оқибатида 29 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилган.

Ямандаги можаролар 2014 йилдан бери давом этмоқда. Ҳарбий зиддиятлар 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучларининг республика президенти Мансур Ҳодий тарафига келиб қўшилганидан сўнг кучайди. Уларга Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ансар Аллоҳ» ҳаракати таркибига кирувчи яманлик исёнчилар қаршилик кўрсатмоқда.