23 январь ҳолатига кўра, Россияда яна 63 205 кишида коронавирус аниқланди, деб хабар беради COVID-19 га қарши кураш бўйича федерал тезкор штаб. Бу бутун пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич. Аввалги антирекорд бир кун аввал қайд этилганди — 57 212 кишида инфекция аниқланган.

Фото: Reuters

Россияда COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони 11 108 191 нафарга етди. Ўтган сутка давомида мамлакатда ушбу касалликдан 679 киши, пандемия бошидан бери эса 326 112 киши вафот этди.

Хусусан, Москвада бир кунда 73 (жами 38 368), Санкт-Петербургда 65 (жами 29 416), Подмосковеда 42 (жами 13 039), Красноярск ўлкасида 29 (жами 9280) киши вафот этган.

Пандемия бошидан бери 10 023 622 киши инфекциядан тузалган, шу жумладан, сўнгги 24 соат ичида 23 045 бемор шифохоналардан чиқарилган.

Россияда коронавируснинг янги тўлқини омикрон штамми тарқалиши фонида бошланди. Тезкор штабнинг 20 январдаги маълумотларига кўра, COVID-19 га чалиниш ҳолатлари орасида омикроннинг улуши 42,8 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга дельта штамм ҳамон устунлик қилмоқда — 56,2 фоиз.

Аввалроқ «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попов вазият ёмонлашса, кунлик касалланишлар сони 100 минг кишидан ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.