Тез орада Европа «энергетиканинг ноодатий юқори нархларига» дуч келади ва ушбу тенденция геосиёсий вазият туфайли янада кучаяди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи энергетика вазирларининг норасмий учрашуви чоғида энергия масалалари бўйича Европа комиссари Кадри Симсон айтиб ўтди.
Симсон сўнгги бир неча ой ичида газнинг нархи рекорд даражада ўсганини эслатди ва янада «тоза» энергия манбаларига ўтиш нархларни пасайтиришини қўшимча қилди.
«Биз газ таъминоти хавфсизлигига ҳам эътибор қаратдик. Йилнинг бу даврида Европа Иттифоқидаги газни сақлаш даражаси одатдагидан сезиларли даражада паст. Аксарият вазирларнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг шарқий чегарасидаги вазият бозорларда ноаниқликни келтириб чиқармоқда, сўнгги ойларда эса Россиядан газ оқими сезиларли даражада камайган» , — деди Европа комиссари.
Шу билан бирга, у Европанинг газ инфратузилмаси ишончли ва яхши диверсификация қилинганини, фавқулодда вазиятлар протоколларида аниқ ҳаракатлар тартиби борлигини қайд этди.
«Аммо ўта ҳушёр бўлишимиз, хавфга тайёргарликни оширишимиз ва иттифоқ аъзолари ўртасида бирдамликни кучайтиришимиз зарур. Комиссия мавжуд миллий режаларнинг мақсадга мувофиқлигини таъминлаш учун турли сценарийларни чуқурроқ таҳлил қилмоқда, бунда хусусан, сўнгги ўзгаришлар ва газни сақлаш даражаси ҳисобга олинмоқда», — дея қўшимча қилди Симсон.
Январь ойи ўрталарида Европада табиий газнинг биржа нархлари яна кўтарилиб, минг куб метр учун 1,1 минг доллардан ошиб кетди. Бунгача, декабрь ойи охирида ёнилғи нархи тарихий максимум даражага кўтарилганди (21 декабрда минг куб метр учун 2190,4 доллар), ундан кейин эса 1000 долларгача тушган.
Мавзуга доир:
- Молдова президенти фуқароларни фавқулодда ҳолат режимида энергиядан оқилона фойдаланишга чақирди
- Reuters: Россия билан ҳарбий можаро юзага келса, Украинанинг гази бир ҳафтага етади
- Евроиттифоқ иқлим ўзгаришига қарши кураш учун йирик режа ишлаб чиқди. 14 йилдан кейин Европада бензинда юрадиган автомобиллар сотилмайди
Изоҳ (0)