Оммавий ахборот воситалари — газета, журнал, телевидение, радио, интернет — барининг ўрни, аҳамияти бор. Бироқ охирги йиллар Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони ортгандан ортиб, газета ва журналларга талаб камайгандек. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январигача интернет тармоғига уланган абонентлар сони қарийб 20 миллионни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 21,9 фоизга ошган. 2000–2020 йиллар оралиғидаги босма нашрларни чоп этиш маълумотларида журналлар ва бошқа вақтли нашрлар чиқарилиши 2019 йили 195 тани ташкил этган бўлса, 2020 йили 175 тага тушган. Газеталар нашри эса 2019 йили 460 тадан 94 тага камайиб, 2020 йилда 366 тани ташкил этган.

«Дарё» газета-журналларга талаб нега камаяётгани, газетхонлар ўрнини тармоқ фойдаланувчилари эгаллаётгани масаласини ўрганганда, бунда фақат интернетнинг «ҳисса»си эмас, яна бир қанча муаммолар, масъуллар бепарволиги, газетхонлар танлови сабаб бўлаётгани аниқланди.

Жадвал: Давлат статистика қўмитаси

«Газеталарнинг нархи қиммат, маошимиз жуда кам»

Газета-журналларга аҳоли талаби, қанчалик тез ва кўп сотилиши ўрганилганда, харидорлар сони йил эмас, ой сайин камаяётгани, жиддий нашрлардан кўра, кўнгилочар, теледастурлар жамланмаси, турфа бошқотирма, кроссвордлар тўпланган газеталар сотилаётгани маълум бўлди.

Тошкент шаҳридаги матбуот дўконларини кузатганда: «Кўпроқ пенсионерлар келади. Бирор ёшнинг ўзи учун атайин газета, журнал олганини эслолмайман. Ота-онаси тайинлагани учунгина сотиб олади», — деди исмини ошкор қилишни истамаган сотувчи. «Кўп газета пайшанбада чиққанига харидор ҳам кўп бўлади шу куни. Сешанбада кроссвордлар келади. Уни ҳам кексалар хотирасини йўқотмаслик, паришонхотирлигини ‘даволаш’ учун олади».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Интернет дегани чиқишидан аввал газетага талаб яхши эди. Одамлар бажонидил олар, ёшлар ҳам улардан қолишмасди. Бугун-чи, телефонидан ҳамма нарсани ўқиб, кўриб, эшитиб кетяпти. ‘Газетаям ўқинглар’, десангиз, қўлидагини кўрсатиб, ‘Ҳаммаси интернетда бўлса, нима зарил!’, дейди. Очиғи, биз катталар ҳам дангасамиз, ёшларни-ку айтмай қўяқолай. Газеталарнинг тиражи камайган. Олувчи камлигига кўпини орқага қайтаришга мажбурмиз», — қўшимча қилади сотувчи.

Пойтахтдаги яна бир матбуот дўкони сотувчиси Сатура аянинг айтишича, ҳозир одамларда пул кам, харид қуввати паст.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«3000 сўмга газета олгандан кўра, иккита ‘буханка’ олишяпти. Газеталардан кроссворд билан программалар (теледастурлар) кўпроқ сотилади. Даромадимиз анча камайган. Маошларимиз ошса, яхши бўларди», — дейди у.

Наманган шаҳридаги 26-матбуот дўкони сотувчиси Муҳаммаджон Маҳмуджонов 15 йилдан бери шу касб-корни қилади. Унинг айтишича, ҳозир 20 хил газета-журнал сотади, бундан 10 йил олдин эса уларнинг сони 50 дан ортиқ бўлган.

Наманган шаҳридаги 26-матбуот дўкони сотувчиси Муҳаммаджон Маҳмуджонов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

29-матбуот дўкони сотувчиси Камолиддин Сайфиддинов шу соҳада ишлаётганига энди бир йил бўлди. Ҳозирча асосий товарлари – «Даракчи», «Суғдиёна», «Бекажон» газеталари, спорт ва сканворд нашрлари экан.

Наманган шаҳридаги 29-матбуот дўкони сотувчиси Камолиддин Сайфиддинов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Одатда шу нашрларни сўрашади. Бугун куни бўйи 8 та газета, журнал сотдим. Харидорлар ‘газеталарнинг нархи қиммат’, дейди. Бекор қолиб, чиқитга чиқмасин, деб арзонга бўлсаям бервораман. Ижара ҳақи, нон-чой ва бошқа харажатларни чиқариб ташлаганда, бир ойда ўртача 500 минг сўм даромад топаман», — дейди у.

«Дарё» мухбири Бухоро вилоятидаги матбуот дўкони сотувчиси Мансур Ҳамроевдан ҳол-аҳвол сўраганида, «Ойликдан бошқа ҳаммаси яхши», деган жавобни олди.

Когон шаҳри марказидаги дўкон сотувчи Мансур Ҳамроев

Фото: «Дарё» / Лайло Ҳайитова

«Газета, журналларга эҳтиёж қолмаяпти, менимча. Бир ойда 1 миллион сўмлик газета-журнал сотаман. Сотганимнинг 6 фоизини беришади. Бор-йўғи, 60 минг сўмлар атрофида маош оламан. Бу пулга кимнинг ишлагиси келади. Баъзан кун охиригача ‘Кимдир газета олмасмикан?’, деб мўлтираб тураман. Нима қилай, пенсионерман, ўтирибман. Шароит йўқ. Ёзда иссиқ, қишда совуқ, свет йўқ, печка қўйиб бўлмайди. Беш-олти доимий мижозим бор. Ўшаларга ишониб юравераман-да», — дейди Мансур ака.

Жондор туманидаги «Матбуот» дўкони сотувчиси Муҳайё Бафоеванинг сўзларига кўра, «иш ҳақи ҳаддан ташқари кам. Лекин икки ойдан бери ўша 60–70 минг сўм маош ҳали ҳам берилмаган».

Жондор туманидаги «Матбуот» дўконларидан бири

Фото: «Дарё» / Лайло Ҳайитова

Самарқанд вилоятидаги «Матбуот» дўконда савдо қилувчи Аслам Вафоев эса 1985 йилдан буён шу соҳа ичида.

Самарқанд вилоятидаги «Матбуот» дўконлардан бири

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

«Авваллари даста-даста газета сотганмиз. Ҳозир доналаб ҳам сотолмаймиз. Асосан, обуначиларимиз келиб олиб кетишади. Шунақа вазиятда ҳам 250 нафар обуначим бор», — дейди сотувчи.

Фарғона шаҳар «Ўзбекистон почтаси» АЖ биноси олдида жойлашган «Матбуот» дўкони сотувчиси Муҳтарам Мажитова олдинлари «Даракчи» газетасининг битта сони камида 60-70 донагача сотилгани, ҳозир сонлар 30-40 тага тушганини эслайди.

Фарғона шаҳридаги «Ўзбекистон почтаси» АЖ биноси олдида жойлашган матбуот дўкони.

Фото: «Дарё» / Азизжон Эрматов

Андижон шаҳридаги «Янги бозор» матбуот дўкони сотувчиси Муҳайёхон Ёқубовани эса нега ўқувчилар камайиб бораётгани ўйлантиради.

Андижон вилоятидаги матбуот дўконларидан бири

Фото: «Дарё» / Умиджон Мамарасулов

«Дўконда ўтириб, саволларимга ўзимча жавоб қидираман. Балки газеталарнинг ахборот етказишда интернетдан орқада қолаётгани асосий муаммодир. Баъзи газеталарни ўқисангиз, аксар мақола, саҳифалар тагига ‘интернетдан олинди’ деб ёзиб қўяди. Бу қанчалик тўғри? Шунинг ўзи ҳам газеталарнинг ўқувчилари озайишига сабабчи бўлмаяптимикан?», — дейди у.

«Ёшларни газета-журналга қайтариш имконсиз, менимча»

Пойтахтда яшайдиган, доимий равишда газета ва журнал ўқийдиган Нина Владимировна билан суҳбатлашганимизда, у фақат босма нашрларни ўқишини айтди. Олдин у «Пионерская правда», «Комсомольская правда», «Труд», «Совецкий спорт» газеталари, «Огонёк», «Юност» журналларини ўқиган бўлса, бугун «Мир новостей», гоҳи «Даракчи» газетасини ўқиб туради.

Доимий муштарий Нина Владимировна

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Наманган вилоятидаги матбуот дўконидан газета олган Фарида ая Тўхтасинова босма нашрларнинг нархи қимматлиги, шунинг учун ҳафталик газеталарни ойда икки марта олиб ўқишини айтди. «Интернет ишлатишни билмайман. Ёшлар ҳам кўпроқ газета-журнал ўқиши керак деб ўйлайман, аммо энди уларни ижтимоий тармоқлардан қайтариб бўлмаса керак», — дея қўшимча қилади Фарида ая.

Наманганлик муштарий Фарида ая Тўхтасинова

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшайдиган 67 ёшли Хурсандой ая Воҳидова ёшлигидан бери газета ва журналларнинг доимий муштарийси бўлган. Бугун эса қайнонасига аянинг ўзи газеталар ўқиб беради.

Бухоролик Хурсандой ая Воҳидова

Фото: «Дарё» / Лайло Ҳайитова

Фарғоналик Муҳайё Бойбобоева болалик вақтларида уйларига почтачи амаки «Фан ва турмуш», «Ёш куч», «Ёшлик», «Саодат», «Сиҳат-саломатлик», «Шарқ юлдузи» журналлари, «Футбол», «Маърифат», «Фарғона шифокори» газеталарини келтириб, дарвоза тирқишидан ташлаб кетишини эслайди.

Фото: «Дарё» / Азизжон Эрматов

«Югуриб бориб, ҳаммасини бир-бир варақлардим. Ҳатто охирги бети, ададигача ўқирдим. Ҳозир ҳам бу нашрларни тўплам қилиб, эски сонларини сақлаб қўйганмиз. Болаликдаги одат қолмаган, шекилли, дўконлар олдидан ҳеч бепарво ўтиб кетолмайман. Албатта, тўхтаб, яқинда келган нашрларни варақлаб кўраман. Газета-журналлар ҳам худди китобдек дўст. Ҳар бирини маза қилиб ўқийман», — дейди онахон.

Андижон давлат университети талабаси Холида Холматжонова: «Хорижда ўқувчилар тезкор, қайноқ хабарларни газеталарнинг электрон шакли орқали ўқишади. Ўта оператив ишлайдиган нашрлар обуначилар уйига ҳеч қачон кечикиб бормайди. Почта, етказиб бериш хизмати эътирозсиз ишлайди. Ўзбекистон  матбуоти, почтасида ҳам шундай хизмат, қулайликка муҳтожмиз. Лекин қачон амалиётга киритилишини, вазият ўнгланишини тахмин ҳам қилолмайман», — дейди.

«Айрим газеталар текинга тарқатилади» 

Ўзбекистонда чоп этиладиган хусусий газеталар таъсисчилари, муҳаррирлари билан суҳбатлашганимизда, «Шифо-инфо» газетаси бош муҳаррир ўринбосари Фарҳод Норматов ўз вақтида телевиденийе пайдо бўлгач, кўпчилик матбуот умри тугаганини таъкидлаганди, дейди.

«Шифо-инфо» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Фарҳод Норматов

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ҳаёт шуни кўрсатдики, телевизор, телевиденийе қанчалик хонадонларга кириб бормасин, газета-журналлар шунчалик гуллаб-яшнади. Бугун интернет баридан устун келиб турибди. Телевиденийе ҳам бундан четда қолмади. Инсонга ахборот ҳамиша керак. Интернет эса маълумотни тез олишда қулай восита. Лекин, менимча, газеталар ҳам керак. Жамият турли дунёқарашга эга инсонлардан ташкил топган. Тўғри, балки ёшларга босма нашр зарур эмасдир. Лекин катта авлодга газеталар керак», — дейди журналист.

Фарҳод Норматов газеталарни етказиб бериш тизимидаги муаммолар ҳақида гапираркан, 5 йил олдин ҳам почта тизими яхши ишлаганини таъкидлади.

«Афсуски, сўнгги йилларда 10 мингга яқин почтачи ишсиз қолди. Ҳар бир қишлоқда бир неча нафардан почтачи бўларди. Туманлардаги почта бўлимлари ҳам қисқариб кетди. Аввал ҳар бир қишлоқнинг почта бўлими бўлган, ҳозир туманда ҳам йўқ. Қанча-қанча гаплардан сўнг туман марказларида қайтадан ташкил қилишди, лекин шундаям айримларида почтачи топилмайди. Бизнинг газеталарни қишлоқларда ўқийдиганлар жуда кўп, лекин уларга етказиб бериладиган тизим носоз. Бундан ташқари, матбуот дўконлари ҳам камайиб кетган. Туман марказида битта-иккита бўлиши мумкин. Агар шу тизим тўғриланса, газеталарнинг адади ҳам ошади, одамлар яна газета ўқийди», — дейди Фарҳод Норматов.

Бухоро вилоятида бугун 30 дан ортиқ газета, журнал фаолият юритиб, биргина «Бухоро китоб олами» савдо мажмуасига қарашли «Бухоро китоб олами» газетаси 2018 йилдан буён бепул тарқатиб келинаётган экан.

«Ҳар қандай кичик ёки йирик таҳририятнинг оёқда мустаҳкам туриши учун унга зарур имтиёзлар берилиши керак. Бўлмаса, қоғоз нархи, босмахона харажатлари, қолаверса, оддий ижара ёки коммунал тўловлари таҳририятлар ‘белини букиб қўяди’», — дейди нашр бош муҳаррири Шодмон Сулаймон.

Самарқанд вилоятида нашр этиладиган «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасановнинг сўзларига кўра, газета ва журналлар, асосан, обуна орқали ўқувчиларга етказилади. Айрим газеталарни текин тарқатиш ҳам йўлга қўйилмоқда.

«Зарафшон» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасанов

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

«Матбуот дўконлари орқали газета сотиш сезиларли даражада камайган. Чунки матбуот тарқатувчилар таҳририятларга буюртма бермайди. Таҳририят ва матбуот тарқатувчи муносабатларида газета сотувини йўлга қўйиш ҳам мавжуд. Бундан беш-олти йил олдин почта ёки матбуот уюшмаси таҳририят билан шартнома тузиб, газетанинг ҳар бир сонидан маълум миқдорда (50-100 дона) олиб, савдога чиқарарди. Ҳар ой якунида газеталар сотилишига қараб, таҳририятга пули тўланарди. Сотилмай қолган газета эса қайтариларди. Бу таҳририят учун зарар. Сабаби ўша 100 та газета учун ҳам харажат қилинарди», — дейди у.

Ғолиб Ҳасанов айрим газеталар бугун текин тарқатилиши ҳақида гапириб, буни таҳририят ўзининг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб белгилаши ёки рекламалар орқали харажатни қоплашини айтди.

«Ободонлаштириш ишларидан кейин киосклар жойига қайтарилмаяпти»

«Дарё» мухбири «Матбуот тарқатувчи» аксионерлик компанияси вакиллари билан боғланганда, ташкилотнинг марказий аппарати бош юристконсулти Алишер Қосимов газета ва журналларга талаб камайганига электрон ОАВларнинг ривожланганини сабаб қилиб келтирди.

«Баъзилар интернет газета ва журналларни бутунлай йўқоца керак, дейди. Бу даражагача бормасмиз. Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам қоғоз шаклидаги ОАВлар маромида ишлаяпти», — дейди масъул.

«Матбуот тарқатувчи» АК марказий аппарати бош юристконсулти Алишер Қосимов

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Матбуот дўконларининг камайишида республика ҳудудларида бўлаётган ‘Обод қишлоқ’ ёки ‘Обод маҳалла’ доирасидаги ободонлаштириш, қурилиш ишларининг ҳиссаси кам эмас. Ободонлаштириш ишлари кетаётдан жойда киоскларимиз вақтинча четроққа олиб турилади. Ишлар тугагач, уларни ўрнига қайтаришда муаммолар туғиляпти. Масалан, тозалаш, қурилиш ишлари якунланади, лекин унгача киоск ўрнида нимадир қурилган бўлади. Биз учун ажратилган бошқа жойни мониторинг қилганимизда, еростидан бирор коммуникация сими ўтган бўлади. Бундай жойларга киоск қўйиш нотўғри, қўйилган тақдирда ҳам унга электр етказиш муаммо.

Бугун Тошкентда 120 га яқин киоск бор, 40 га яқини ишламаяпти. Киосклар сони 5 йил аввалгига қараганда кескин камайган, деб айтолмайман. Лекин 20 йил билан солиштирилса, фарқ сезилади. 20 йил аввал пойтахтда 300 га яқин киоск ишлаган. Вақт ўтиб, бирин-кетин ёпилаверган, бошқаси эса юқорида айтилганидек, жойи ўзгаргани учун ишини тўхтатган.

Сотувчиларнинг маоши ишбай белгиланган. Сотилган газета пулидан 6 фоизи маош сифатида берилади. Қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи билан таъминлаш мақсадида сотувчиларга компания томонидан етарли миқдорда газета, журнал ва канцелярия маҳсулотлари етказилади. Яна бир тартибимиз бор – режадан ошириб бажарилган ишга алоҳида фоиз билан қўшимча ҳақ тўланади.

Айни кунларда замонавий, ичига харидор кириб юрса бўладиган киоскларни кўпроқ ўрнатишни режалаштиряпмиз. 2020–2021 йиллари шундай киосклардан Тошкентда 7 та ўрнатилди», – дейди Алишер Қосимов.

Тошкент шаҳри Навоий кўчасида жойлашган замонавий киоск

Фото: «Матбуот тарқатувчи» АК

«Наманган матбуот тарқатувчи» МЧЖ шаҳар бўлими бошлиғи Ҳасанбой Холбоевнинг айтишича, бундан 10 йил аввал киосклар сони икки баравар кўпроқ, аниқроғи, 42 та бўлган.

«Ўша пайтлари Наманган шаҳридаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари сабаб анча-мунча матбуот дўконлари одатий манзилларидан кўчирилди. Лекин қайта жойига келтирилмади. Матбуот дўконлари ойига 60 минг сўм ижара пули тўлайди. Бу сумма сарф-харажатларимизни умуман қопламаслиги аниқ. Лекин ижара пулини оширсак, қолган киоскларимиздан ҳам ажралиб қолишимиз мумкин», – дейди Ҳасанбой Холбоев.

Наманган вилоятидаги киосклардан бири

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Матбуот тарқатувчи» АК Бухоро вилояти бўлими директори Чориқул Ражабов кўплаб матбуот дўконларини айрим туман ҳокимликлари мутасаддилари асосли ва асоссиз сабаблар кўрсатиб, гавжум жойлардан олиб ташлагани ҳақида гапирди.

«Матбуот дўконлари хизматига бефарқ туман мутасаддилари ҳам йўқ эмас. Вилоятда 2017 йилгача 50 дан ортиқ матбуот киосклари хизмат кўрсатарди. Ўша йилдан бошлаб вилоятнинг қарийб барча ҳудудларида йирик миқёсда қайта қуриш, реконструкция ишлари бошланиб кетганди. Ҳар бир киоск жойига қайта қўйиш шарти билан ҳудудларнинг чекка қисмларига кўчирилди. Афсуски, ҳали четга кўчирилган дўконлар ўрнига қайтарилмай, пандемия даврида қолганлари ҳам узоқроққа чиқариб ташланди. Бугун бор-йўғи, 32 та дўкон ишлаяпти. Ҳаракат қиляпмиз, лекин натижа бермаяпти. Туман ҳокимлари билан келишиб ишламоқчимиз энди», – дейди Чориқул Ражабов.

Бухоро вилоятидаги киосклардан бири

Фото: «Дарё» / Лайло Ҳайитова

Чориқул Ражабов матбуот дўкони сотувчиларининг газета-журналлар сотувидан нега фақат 6 фоизини ойлик сифатида олишини ҳам изоҳлади. Унга кўра, компания нашрлар савдоси хизмати эвазига 17 фоиз атрофида даромад олиниши юзасидан устама ажратган. Шунинг 6 фоизи газета сотувчисига, қолган қисми давлат солиқлари, матбуот дўкони учун ажратилган ернинг ижара тўловлари, транспорт харажатлари ва газета сараловчи ишчи-хизматчилар харажатига йўналтирилган.

«Интернет ривожлангунча сотилаётган маҳсулотларга талаб жуда катта эди. Бир ойда 100 миллион сўмдан ортиқ даромад кўрардик. Газета сотувчиларининг маошлари ҳавас қиладиган даражада эди», – дейди Чориқул Ражабов.

Самарқанд вилояти «Матбуот уюшмаси» МЧЖ раҳбари Зарема Семерманнинг сўзларига кўра, 1992–1994 йилларда Самарқанд шаҳрида 113 та киоск мавжуд бўлган.

«Қурилиш, кўчалардаги ўзгаришлар сабабли улар йўқолиб кетди. Ҳозирги киоскларимиз жуда эски, биз фақат фасад қисмини таъмирлаганмиз. Битта янги киоск 80 миллион сўм туради. Газеталарга талаб камлигини рақамлардан ҳам билиш мумкин. Масалан, «Зарафшон» газетасига муштарийлар 2021 йилнинг 10 декабрь ҳолатига кўра, 13,181 та обуна бўлган. «Овози Самарқанд» ва «Самаркандский вестник» газеталарида ҳам аҳвол шундай. Обуначилар йилдан йилга ихтисослашяпти, обуна нархи ҳам қиммат. Аксар нашрларнинг йиллик обунаси бир кишига қимматлик қилади», – дея қўшимча қилади Зарема Семерман.

Халқаро медиа ва ахборот бозорида кўпгина газета ва журналлар аллақачон электрон нашр имкониятларидан тўлиқ фойдаланаётгани, обуначилари талаб-истагини инобатга олиб, ҳам босма, ҳам веб-сайтлар, турли воситалар орқали фаолиятини давом эттираётгани янгилик эмас. Буни замонга мослашмоқчи бўлган ҳар қайси газета-журнал таҳририяти тушуниб етган. Охирги пайтлари Ўзбекистондаги босма нашрларнинг электрон шаклини яратиш ва обуначисини топиш борасида фикрлар, таклифлар янграмоқда. Эҳтимол, севимли ва қадрдон газета-журналларимизнинг «умр»и узайиши, бутунлай йўқ бўлиб кетмаслигига мақбул чора шудир...

Оғабек Самисов, Лайло Ҳайитова, Азизбек Абдувалиев, Фарҳод Норбўтаев, Умиджон Мамарасулов, Азизжон Эрматов тайёрлади