Сўнгги кунларда актриса Раъно Шодиеванинг хасталикка чалингани ва Туркияда даволанаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бунга актрисанинг Instagram тармоғига жойлаган баъзи постлари сабаб бўлди. У Янги йил байрами арафасида ўтказилган оилавий фотосессиясидаги суратларни жойлаб, соғлиғи ёмонлигини сездирмасликка ҳаракат қилгани ва бунда унга актрисалиги қўл келганини ёзган. Актрисанинг саломатлиги билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида «Дарё» мухбири Наргиза Муродова у билан суҳбатлашди.

Фото: Instagram / @shodiyevarano

— Раъно опа, мухлисларингиз сиздан хавотирда. Ҳақиқатан ҳам соғлиғингизда жиддий муаммо борми?

— Аллоҳ менга шундай синов берди, ҳозирги кунда ундан муваффақиятли ўтишга ҳаракат қиляпман. Аллоҳга шукр, кўп нарса ортда қолди. Рости, бу тўғрисида гапириш мен учун жуда оғир. Чунки бу ҳақида гапиришга тайёр эмасман. Лекин шуни айта оламанки, жуда катта амалиётни бошдан ўтказдим. Шукрки, ҳозир оилам бағрида эканимдан хурсандман.

— Ҳозир нималар ҳақида ўйлаяпсиз?

— (бироз ўйланиб) Ҳаёт ҳақида кўп ўйлаяпман, аммо кўнглимдан ўтаётганларини тушунтириб беролмайман. Уларни одамларга айтиш ниятим йўқ. Ичимдаги хаёлларим ўзим билан қолгани яхши.

Фото: Instagram / @shodiyevarano

— Бир неча ойдан буён Туркияда яшаяпсиз. Аввалига сизни «Жалолиддин Мангуберди» сериалининг давомида суратга тушиш учун Истанбулга кетдингиз, деб ўйлагандик.

— Сериалнинг давоми олиниши ҳақида эшитдим. Ҳали аниқ бирор нарса деёлмайман. Буни раҳбарият ва продюсерлар ҳал қилади. Насиб қилса, сериалнинг давоми суратга олиниши керак у ниҳоясига етмаган.

— Ҳамкасбларингиз Райҳон Уласенова ва Феруза Норматова ҳижобга кириб, ижоддан бироз четлашди. Сизнингча, уларнинг ролини кимлар давом эттириши мумкин?

— Райҳон ва Феруза гўзал либосга ўранишди, аммо бу санъатдан кетди дегани эмас. Чунки уларнинг иккиси ҳам ҳозирги кунда санъатда жуда фаол. Менимча, уларнинг бундан кейинги роллари танлаган ролларига мос бўлади. «Жалолиддин Мангуберди» сериалидаги ролларини давом эттиришларига ҳеч қандай тўсқинлик бўлмайди. Либос усталари икки актрисамизнинг рўмолларига мос либослар яратишса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

Фото: Instagram / @hamidkhusanov_photography

— «Куркут ота» фестивалига меҳмон сифатида таклиф этилган эдингиз, аммо Туркияда бўла туриб, унда иштирок этмадингиз. Бунинг сабаби саломатлигингиз билан боғлиқми?

— Шундай деса ҳам бўлади. Фестивальга бир ой аввал таклиф қилиб, билетлар юборишганди. Ҳақиқатан ҳам фестиваль ўтадиган кунлари Туркияда эдим. Аслида фестивалга бордим, чунки ҳамкасбларимни соғингандим. Ярим соат ўтириб, ортга қайтишимга тўғри келди. Шу боис ўзбекистонлик меҳмонлар қаторида бўлолмадим.

Фото: Instagram / @shodiyevarano

— Тошкентга қачон қайтасиз?

— Худо хоҳласа, албатта, қайтаман. Янги йилни нишонлаш учун Тошкентга бордик. Оилам даврасида бўлгим келди. Албатта, қайтиш ниятим бор, аммо ҳали бу ерда тугатилмаган ишларим талайгина. Насиб қилса ҳаммаси яхши бўлади.

Актрисага соғлиқ тилаймиз. У вужудидаги хасталикни енгиб, оиласи бағрига тезроқ қайтишини ва мухлисларни янада турли-туман роллари билан хушнуд этишига ишонамиз. Ундан яна «Ватан», «Мактуб», «Қизғалдоқ» ва «Ўтов» фильмларидаги роллари каби ёрқин ва такрорланмас ижроларни кутиб қоламиз.