Андижон вилояти перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт вилоят ҳокими буйруғи асосида кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди. Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Қайд этилишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ишчи гуруҳи 16 январь куни воқеа жойига етиб борган. 12 туп элдор қарағайи дарахти амалдаги мораторий муддатсиз даврга узайтирилган бир пайтда ноқонуний равишда кесилгани бўйича ҳисоб-китоб ва ўлчов ишлари амалга оширилган.

Ҳолатга гувоҳ бўлган шахслар ва бевосита ҳуқуқбузарликка алоқадор масъул ходимлардан тушунтириш хатлари олинган. Қўшимча равишда мутахассислар томонидан шу атрофда ўсиб турган 145 туп дарахт тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида муҳофазага олинган ва ҳар бир дарахтга ёрлиқ бириктирилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Перинатал маркази раҳбариятига мазкур марказ эгалигида бўлган бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) ер участкаларини ободонлаштириш, мавжуд дарахтлар ва буталарни парвариш қилиш ҳамда суғориш ишларини амалга ошириш бўйича мажбурий кўрсатма киритилган.

Содир этилган ҳолат бўйича экология инспекторлари томонидан тўпланган барча ҳужжатлар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

15 январь куни Андижон Ободонлаштириш бошқармаси вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 та дарахтни кесиб ташлаган. Хабарларда дарахтларни кесиш вилоят ҳокими буйруғи асосида амалга оширилгани айтилган. Вилоят ҳокимлиги дарахтлар Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилганини рад этган. Юқорида келтирилган ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида назоратга олинди. Ҳудудда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилиши ва бу ҳақда батафсил ахборот берилишини маълум қиламиз», – дейилади баёнотда.

Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 сантиметрдан 40 сантиметргача экани, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилгани қайд этилган.