Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) полковниги Азамат Ибраев Нур-Султондаги уйининг ҳовлисида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда МХҚ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Sputnik

Ибраевнинг жасади 10 январь куни эрталаб топилган. Унинг жароҳатлари баландликдан йиқилишга хос, деб ёзади «РИА Новости». Ибраев ўз жонига қасд қилгани тахмин қилинмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азамат Ибраев Миллий хавфсизлик қўмитасининг техник хизматини бошқарган, аввал эса қўмитанинг шахсий хавфсизлик бўлими раҳбари бўлган.

Шунингдек, Қозоғистон жанубидаги Тараз шаҳрида Жамбил вилояти полиция бошқармасининг бошлиғи генерал Жанат Сулейменов ўлик ҳолда топилган. У ўз жонига қасд қилган, дея маълум қилди Тараз маъмурияти «Интерфакс»га. Tengrinews Ички ишлар вазирлигига таяниб, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилди.

Қозоғистонлик журналист Михаил Козачков мамлакатдаги намойишлардан сўнг Сулайменовга қарши жиноий иш очилганини даъво қилмоқда. «Унга трибунал билан таҳдид қилишган», — дейди журналист. Жиноят иши ҳақида расмий хабар берилмаган.