Қозоғистондаги тартибсизликлар фонида тўрт нафар маҳаллий миллиардер жами 3 миллиард доллар йўқотди, деб ёзмоқда Forbes. Улар орасида собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёви ҳам бор.

Фото: EPA

Forbes маълумотларига кўра, Kaspi Bank маҳаллий тўлов ва финтех компанияси директорлар кенгаши раиси Вячеслав Кимнинг бойлиги 1,4 миллиард долларга — 5,7 миллиард доллардан 4,2 миллиард долларгача камайган. Бунга Kaspi Bank акциялари икки кун ичида 30 фоизга — 4 январдаги 188 доллардан 6 январда 87 долларгача тушиб кетгани сабаб бўлган.

Kaspi Bank бош директори, асли грузиялик бўлган Қозоғистонда яшовчи Михаил Ломтадзе ҳам деярли шунча миқдордаги бойлигини йўқотди. Унинг капитали 5,2 миллиард доллардан 3,8 миллиард долларгача қисқарган.

Назарбоевнинг қизи Динара Қулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибаев жами 200 миллион доллар зарар кўрди. Эр-хотин мамлакатдаги Халқ банкини назорат қилади. Банкнинг акциялари 4—6 январь кунлари 16 фоизга арзонлашган. Forbes маълумотларига кўра, жуфтлик 3,1 миллиард доллар миқдоридаги бойликка эгалик қилади.

Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи кескин ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бошланиб, бир неча кундан сўнг улар тартибсизликларга айланди. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 6 январь куни тартибсизликлар оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш, маъмурий бинолар, ижтимоий объектлар, турар жой биноларини тиклашни бошлаш, жабрланган кичик ва ўрта бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берган.

6 январь ҳолатига, мамлакатдаги тартибсизликлар оқибатида кўрилган зарарнинг умумий миқдори 91 миллион долларни ташкил этгани, шундан 89,8 миллион доллари Олмаотага тўғри келиши ҳақида хабар берилганди.