Молия вазирлиги 2022 йилда юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига киритилган асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Солиқ ставкалари
Қўшилган қиймат солиғи (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, айрим тоифалар учун — 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар — 12 фоиз, бюджет ташкилотлари — 25 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиғи (базавий ставка — 4 фоиз) бўйича ставкалар сақланиб қолинмоқда.
Қўшилган қиймат солиғи
Тушумидан қатъи назар, ҚҚС тўловчи корхоналар доираси солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, аудиторлик ташкилотлари ва нотижорат (шу жумладан бюджет) ташкилотлари ҳисобига кенгайтирилмоқда. Бунда нотижорат ташкилотлари фақатгина тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган тақдирда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ҚҚС тўлаши лозим бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони эллик гектардан йигирма беш гектаргача пасайтирилмоқда.
Қуйидагилар бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда:
- жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари хизматлари (бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган жисмоний тарбия ва спорт хизматлари бундан мустасно);
- қиймати қатъий суммада белгиланган банк операциялари.
Молиявий ва суғурта хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга бир ойда бир марта ҳисоб варақ-фактурани тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Шу муносабат билан Солиқ кодексида улар учун хизматлар кўрсатилган календарь ойининг охирги куни товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмани амалга ошириш санаси деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Илгари товарларни (хизматларни) олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган, ҚҚС суммасига тузатиш киритилиши лозим бўлган ҳолатлар рўйхати кенгайтирилди.
Экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС суммасини солиқ тўловчининг Ўзбекистондаги банк ҳисоб варағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар, ҳисобга олиш тартиби белгиланди.
Ушбу норма охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган интизомли солиқ тўловчиларга татбиқ этилади.
Товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб варағига келиб тушмаган тақдирда, қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг мос қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
Қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини ўрнини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинмоқда.
Солиқ тўловчи ўрни қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини қайтаришга доир солиқ ҳисоботини тақдим этишда солиқ органларини бу ҳақда хабардор қилган ҳолда, солиқнинг салбий суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) учун мурожаат қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Барча тоифадаги қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун ягона солиқ даври этиб бир ой белгиланмоқда.
2022 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар тажриба тариқасида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ва Uzbekistan Airways АЖ мисолида шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра ҚҚС салбий суммаси товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига камайтирилади.
Акциз солиғи
Акциз солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Қатъий суммада белгиланган акциз солиғи ставкалари 2022 йил 1 июндан ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Шу тариқа, ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига 2021 йил октябрь ойидан белгиланган солиқ ставкалари 2022 йил 1 июнга қадар сақлаб қолинади.
Нефть маҳсулотлари, шу жумладан, якуний истеъмолчига сотиладиган нефть маҳсулотларига солиқ ставкалари бир марта 2022 йил 1 июндан 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкаси, уларни импорт қилишда ҳам жорий қилган ҳолда 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилмоқда.
Суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчиларига акциз солиғи бекор қилинмоқда.
Фойда солиғи
2022 йил 1 январдан фойда солиғини ҳисоблаш мақсадида амортизация қилинадиган активларни тан олишнинг алоҳида тартиби жорий қилинмоқда.
Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш мақсадида амортизация қилинадиган активларга Солиқ кодексда келтирилган мезонларига жавоб берадиган асосий воситалар ва номоддий активлар киритилади.
Зарарларни жорий солиқ даври солиқ базасининг 60 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда 10 йил мобайнида келгусига ўтказиш бўйича чекловлар бекор қилинмоқда.
Тижорат банклари томонидан шакллантирилаётган захиралар Марказий банк томонидан белгиланган нормалар 80 фоизи миқдорида фойда солиғи ҳисобланганда харажатларга киритилади.
Ўқув-тарбия муассасаларига ёки етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга моддий ёрдам кўрсатишга харажатлар чегириладиган харажатлар деб ҳисобланади.
Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидентнинг солиқ тўлангандан кейин ўз тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилади ва 10 фоиз солиқ ставкаси бўйича солиққа тортилади.
Соф фойда деганда жами даромад ва доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади. Бунда жорий солиқ даври учун соф фойда айни бир доимий муассаса доирасида аввалги солиқ даврларида кўрилган зарарнинг (зарарларнинг) умумий суммасига, башарти илгари бундай зарар (зарарлар) соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса, камайтирилади.
Фойда солиғини ҳисоблашда ижобий ва салбий курс фарқларини аниқлаш тартиби белгиланмоқда.
Валюта қимматликлари тарзидаги мол-мулкни ва қиймати чет валютасида ифодаланган талаб қилиш тарзидаги мол-мулкни қўшимча баҳолашда ёки қиймати чет эл валютасида ифодаланган мажбуриятларнинг қийматини пасайтиришда юзага келадиган курсдаги фарқ ижобий фарқ деб эътироф этилади.
Бунда берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги ижобий (салбий) фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди.
Солиқ органларига агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст бўлса айнан қўшилган қиймат солиғи каби фойда солиғи бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш ҳуқуқи берилмоқда.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи
Солиқ тўловчилар сафи, солиқ ставкалари, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби, шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига 0,1 фоиз ажратмалар ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати сақлаб қолинмоқда.
Солиққа тортилмайдиган даромадлар таркиби қуйидагилар ҳисобига кенгайтирилмоқда:
- ёш оила бўлган эр-хотиннинг олган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилган иш ҳақига ва бошқа даромадлар;
- солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари;
- солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари;
- солиқ тўловчининг солиқ даври давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 8-бараваригача бўлган миқдордаги халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтирган иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари.
Ижтимоий солиқ
Солиқ тўловчилар рўйхати, солиқ ставкалари, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби ҳамда солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатлари сақлаб қолинмоқда.
«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ижтимоий солиқни ҳар ойда тўлашдан бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда мажбурий тўловларни тўлашга ўтказилмоқда.
2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланмоқда.
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича
Солиқ тўловчилар рўйхати, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақланиб қолинмоқда.
Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси (линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари бундан мустасно) бу объектларга 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича қуйидаги миқдордаги тартиб киритилмоқда:
- Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм;
- Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 1 500 000 сўм;
- бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда – 1 000 000 сўм.
Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари белгиланган минимал қийматга, туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент киритиши мумкин.
Агар объектнинг 1 квадрат метри қиймати белгиланган минимал қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга ошириш учун баҳоловчиларни жалб этишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.
Агар баҳолаш натижалари қиймати 1 квадрат метр учун белгиланган минимал қийматдан кўп бўлиб чиқса, ушбу ҳолда солиқ тўловчилар солиқни ҳисоблаб чиқиш мақсадида, 1 квадрат метр учун белгиланган минимал қийматни қўллаш ҳуқуқига эга.
Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи
Турар жой фонди объектларига, шунингдек, кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойларига 2021 йилда амал қилган солиқ ставкалари 1,1 бараварга индексация қилинмоқда.
Бунга жисмоний шахслар учун кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан 2018 йилда белгиланган солиқ солиш объектларининг (солиқ базасининг) кадастр қийматининг миқдори сақлаб қолинганлиги сабаб бўлмоқда.
2022 йилда жисмоний шахслар учун 2018 йилда белгиланган кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган солиқ миқдори, 2021 йил учун ҳисобланган солиқ миқдоридан 1,3 баравардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Тадбиркорлик фаолияти учун ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларини солиққа тортиш тартиби ушбу объектларга юридик шахслар учун белгиланган мол-мулк солиғини қўллаган ҳолда (1,5 фоиз) сақланиб қолинмоқда.
Қонун ҳужжатлари билан юридик шахслар учун назарда тутилган оширилган солиқ ставкаларини ўрнатиш йўли билан таъсир чоралари кўрилиши мумкин бўлган объектларни солиққа тортиш тартиби сақлаб қолинмоқда.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу имтиёз етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун улар йигирма уч ёшга тўлгунга қадар давлат томонидан ажратилган турар жой хоналарига татбиқ этилади.
Ер солиғи бўйича
Юридик ва жисмоний шахслардан ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорида белгиланган солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун 2021 йилда амалда бўлган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 1,07 бараварга индексация қилинмоқда.
Бунда солиқ ставкаларининг аниқ миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан базавий ставкалар асосида туманнинг иқтисодий ривожланиши ва нуфузидан келиб чиқиб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.
Солиқ юкининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида 2022 йилда жисмоний шахслар (тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкаларидан ташқари) учун ҳисобланган солиқ суммаси 2021 йилда ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозимлиги белгиланди.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ
Металлар бўйича (қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементларини) солиқ базаси қуйидагича аниқланади:
- олтин, кумуш, платина, палладий, мис, рух, қўрғошин ва молибден бўйича – ўртача арифметик биржа нархи ва ўртача олинган реализация қилиш нархи ўртасида олинган энг юқори нархдан келиб чиқиб.
- бошқа металлар бўйича – уларга ишлов бериш (уларни бойитиш), қайта ишлаш (аффинаж) ва (ёки) транспорт харажатлари чегириб ташланган ҳолда ўртача олинган реализация қилиш нархидан келиб чиққан ҳолда.
Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи (янги солиқ)
Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи тўловчилари қуйидагиларни қазиб олувчи юридик шахслар ҳисобланади:
- қимматбаҳо, рангли ва (ёки) радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементлари ва (ёки) уларни техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олувчилар;
- углеводород хом ашёси (табиий газ, газ конденсати ва нефть).
Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи металл ва углеводород хом ашёларини 2022 йил 1 январдан кейин қазиб олиш бошланган, лицензияланган участкаларга татбиқ этилади.
Айланмадан олинадиган солиқ
Амалда ҳар чораклик бўлган солиқ ҳисоботи даври ҳар ойликка ўтказилмоқда. Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлашга ўтиш тартиби аниқлаштирилмоқда:Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қайси сана олдинроқ келишига қараб, улар импорт шартномаси тузилган ёки товарларни олиб кирилган (импорт қилинган) санадан бошлаб;
- акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва (ёки) фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар, бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар, лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари ва солиқ маслаҳатчилари тегишли рухсатномалар (лицензиялар)ни олган ёки фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида ваколатли органни хабардор қилган санадан бошлаб;
- юридик шахслар — қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса, кўрсатилган ер участкасига бўлган ҳуқуқ ёки унинг майдони ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатга олинган санадан бошлаб;
- оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахсга – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича оддий шериклик шартномаси тузилган санадан бошлаб;
- бозорлар ва савдо комплекслари, нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган санадан, бюджет ташкилотлари эса ташкил топган санадан эътиборан тўлашга ўтади.
Солиқ органларига, агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст бўлса, айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш ҳуқуқи берилмоқда, айнан қўшилган қиймат солиғидагидек.
Бошқа ўзгаришлар
2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинмоқда:
- «Соғлом турмуш тарзи» платформаси доирасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган йиғим;
- автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим.
Умумий овқатланиш корхоналарига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва йиғимлар бўйича 2021 йил 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, шунингдек, барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.
2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига (бундан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз ости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар мустасно) умумий майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишда қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни олти ой муддатга кечиктириш ҳуқуқи берилмоқда.
Кечиктирилган солиқлар суммаси давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкалари, бино ва иншоотлар қийматидан ва (ёки) майдонидан келиб чиқиб ҳисобланган солиқлар миқдорида белгиланади.
2022 -ил 1 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2863-сон қарори билан берилган солиқ имтиёзлари муддати тугамоқда.
Шу билан бирга, солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ имтиёзларни қўллашга ҳақли бўладилар:
- қўшилган қиймат солиғи бўйича:
- тиббиёт хизматларини (бундан косметологик хизматлар мустасно) реализация қилиш бўйича айланмани озод қилиш (243-модда);
- дори воситалари, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек, дори воситаларини, тиббиёт мўлжалланган буюмларни ишлаб чиқариш учун қонунчиликда белгиланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган хом ашёни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда озод қилиш (246-модда);
- ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарни олиб киришни озод қилиш (246-модда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарори);
- фойда солиғи бўйича – нол даражали ставка белгиланган (косметологик хизматлар тиббиёт муассасаларидан ташқари) (337-модда);мол-мулк солиғи – соғлиқни сақлаш объектлари озод қилиниши (414-модда);
- ер солиғи бўйича – соғлиқни сақлаш объектлари билан банд бўлган ер участкалари озод қилиниши (428-модда).
Шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги соҳасидаги ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, солиқ органларига ўз вақтида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги учун молиявий санкциялар бекор қилинмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (1)
YATT OCHSAM UZIMNI NOMIMGA ALUMENTGA UTADIMI