АҚШ, Япония, Гонконг билан электроника, банк хизматлари, бошқарув масалаларида тенгма-тенг беллашадиган, Жануби-шарқий Осиё давлатлари орасида эса етакчи бўлган Малайзия бирдан тараққиёт бешигига айлангани йўқ. Ўтган асрнинг 70 йиллари деҳқончилик билан зўрға кун кечирадиган мамлакат вақти етиб, дунё ҳамжамиятида ўрни, овози, мавқейига эга давлат бўлади, дейишса, малаяларнинг ўзлари ҳам бунга ишонмасди. Ислоҳотлар бошида эса «Биз қила оламиз!» шиорини илгари суриб, ортиқча ваъда ва ёлғонларсиз Малайзияни келажакка бошлаган бош вазир Маҳатхир Муҳаммад турган.
Узоқ йиллар Малайзияда якдил ҳукумат, аниқ мақсад ва сиёсий позиция бўлмаган. Фақат хом ашё етказиб берувчи, Европа давлатларининг манфаатлари кесишган нуқта эди, холос. Ички масалаларни ҳам кланлар, олий табақа вакиллари, юртнинг тубжой аҳолиси ҳал этгани инқироз ёқасини йилдан йил кенгайтираверган.
1978 йили шу ерда хизмат қилган ғарблик дипломат: «Кишининг кимлиги, насли муҳим бўлган давлатда оддий одамнинг вазирга айланиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди», — деб эслайди. Дунё сиёсатчилари орасида зиддиятли шахслардан саналган Маҳатхир ҳукуматни қўлга олганида ҳамманинг ҳайрати ошади, ҳатто айримлар норози ғўлдираб ҳам қўяди. Бироқ кимдир тобора ботқоққа ботаётган юртни қутқариши, аҳолининг қирилиб-битмаслиги учун курашиши шарт эди. Шу вазифаларнинг барини 20 йилдан кўп вақт ичида ёлғиз угина эплайди. Бугун Малайзия ва Маҳатхир сўзлари ўзаро маънодош сифатида қўлланилади. Бундан ҳеч ким ажабланмайди.
ХХ аср ўрталарида Малайзияда тубжой аҳоли бор-йўғи 43 фоизни ташкил этар, 1957 йили Буюк Британиядан ажралиб, мустақилликка эришгач, улар аҳолининг энг қолоқ, қуйи қатлами эди, холос. Бу малаяларнинг дунёқараши — деҳқон бўлиб умр кечиришни афзал билгани билан чамбарчас боғлиқ эди. Мамлакатда ўзларини якка ҳукмдор санайдиган британлар қалай ишлаб чиқариш, каучук етказишда хитой ва ҳиндларни ишлатишни афзал билар, малаялар эса, асосан, қишлоқ хўжалиги билан андармон бўлиб, чекка қишлоқларда кун кечирар, сиёсатга деярли аралашмасди. Британлар кетгач, ижтимоий пирамида тепасида ўта фаол, ҳаракатчан, тиниб-тинчимас миллат вакиллари — хитойликлар қолади. Кейин бўлса гастарбайтерлар хўжайинга айланади.
Малаялар худди маҳкумдек яшар, агар 1925 йил 10 июлда Алор-Сетар шаҳрида туғилган, касби шифокор, лекин давлат ишини моҳир сиёсатдонлардан-да ошириб уддалайдиган Маҳатхир Муҳаммад бўлмаганда эди, малаяларни ё қирилиб кетган, ё бошқа халқларга аралашиб, йўқолиш арафасида турган миллат бўларди, дейди тарихчилар.
Ўрта мактаб муаллимининг ўғли, бўлғуси вазир мамлакат ва миллат агар чин дилдан истаса, бу боши берк кўчадан чиқиб кетишини жуда барвақт англаб етган. Оиласидаги шароит сабаб тузукроқ таълимга қурби етмаслигини пайқаган бола Маҳатхир мустақил ўқишга киришади, Муҳаммад (с.а.в) таълимоти, Камол Отатурк сиёсати ва Пётр I ислоҳоти тарихларини астойдил ўрганади.
Отаси ҳинд, онаси тубжой малаялик экани унинг қаршисига икки масалани — ҳинд бўлиб яшаш ёки ўзингни шу юрт фарзанди санаб, маҳаллий аҳолига аралашиб кетишни талаб этарди. У малая бўлишни танлайди.
Бироқ Маҳатхир сиёсий амбициялари ҳақида дарров бир тўхтамга келиб, якдил қарор чиқармаган. 1953 йили Сингапурдаги Малая университетининг тиббиёт факультетини тамомлагач, она юртига қайтиб, бир неча йил шифокор бўлиб ишлайди. Вақти етгач, оила қуриб, рафиқаси Сити Ҳасмаҳ Муҳаммад Али билан етти фарзанд — икки асраб олинган ва беш нафар ўғил-қизни тарбиялаб вояга етказишади.
Камбағаллар, қашшоқ-у ғариблар билан муттасил мулоқот, йиллар бўйи тўпланган тажриба унга орзу-ўйларини амалга оширишга йўл очади, ғафлатдаги халқни уйғотиб, қайта қуришга ишонтиргани кутилмаган имконни беради. 1946 йили эндигина ташкил этилган Бирлашган малая халқ ташкилоти (BMXТ)га аъзолик унинг сиёсат майдонидаги илк қадами бўлади.
Азми қатъийлик ва мустаҳкам ирода билан ҳукуматда ўрнини топа бошлаган Маҳатхир 1964 йили BMXТдан парламентга аъзо сифатида сайланади. Лекин шунинг ўзи билан чекланмай, мамлакатнинг ўша пайтдаги бош вазири Абдул Раҳмоннинг доимий танқидчисига айланади. Бунинг ортидан BMXТ аъзолигидан ўчирилиб, четроқ ҳудудга бадарға этилади. Оғир жазодан сира тушкунликка тушмай, ўша пайтлари тақиқланган, лекин барча доираларда донг таратган «Малая дилеммаси» китобини ёзиб тугатади.
Сиёсий сургун 1972 йили ниҳоясига етади ва 1974 йили яна парламент таркибига кириб, таълим вазири сифатида фаолиятини давом эттиради. 1981 йил июлида бош вазир Датук Ҳусайн Онн бетоблиги учун истеъфога чиққач, унинг ўрнини Маҳатхир бин Муҳаммад эгаллайди.
Уни малайзияликлар фахр билан «доктор М» деб атайди. Ҳукуматни қўлга олгач, Маҳатхир мамлакат конституциясига ички хавфсизлик бўйича тузатишлар киритади, бир қанча газеталарни ёпиб, юздан ортиқ мухолиф, ислоҳотга қаршиларни ҳибс эттиради. У миллат, халқ бахтли яшасагина тин олишини минбарларда бот-бот таъкидлайди.
1971–1990 йиллари ривожланишнинг илк пойдевори сифатида Янги иқтисодий сиёсат эълон қилинади. Иккинчи қадам — «Миллий тараққиёт сиёсати» деб номланади. Учинчиси эса «Стратегик истиқбол дастури» номини олади.
У маҳаллий аҳоли — малаяларнинг ҳуқуқларини астойдил ҳимоя қилганидан, бора-бора ҳукуматда улар асосий рол ўйновчи қатламга айланиб қолади.
Бироқ 1981 йили ҳеч қандай ўзгариш кузатилмайди. Ҳаммаси ўз ҳолича — мамлакат қашшоқ, ташқи ёрдамга муҳтож, ички иқтисодиёт парокандалигича қолаверади. Малайзия масаласини ҳал қилмасдан, малаяларнинг иқтисодий ва ижтимоий тузилмалардаги ролини оширмасдан, давлатнинг гуллаб-яшнаши тугул ҳеч қандай барқарорлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини Маҳатхир жуда яхши англаб етади. Бунинг учун аҳолига замонавий меҳнат кўникмаларини сингдириш, етарли шароит, муҳит яратиш масаласи кўндаланг турарди.
У тўғридан-тўғри бумипутра — Малайзиядаги этник гуруҳ, туб аҳоли билан юзма-юз мулоқотга киришади. Агар қуёш остидан муносиб жой тегишини исташса, астойдил меҳнат қилишлари, дангасалик, боқибеғамликни унутиб, пул, вақт ва шахсни қадрлай билишлари кераклигини уқтиради. «Малайзияликларнинг қўлидан келади ва бошқа миллатлар нимагаки эришган бўлсалар, улар ҳам етишишлари шарт!» дея гапини якунлайди.
Малаяларнинг иқтисодиётда роли ва ҳиссасини ошириш мақсадида Маҳатхир «ижобий этник дискриминация сиёсати»ни бардавом тутиб, бизнесни ўта закийлик билан юритишлари учун кўплаб махсус курслар очади. Бошқарув кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва тарбиялашга алоҳида эътибор беради. Малаялар орасида миллионерлар умуман учрамагани учун Маҳахтир ўрта синф тадбиркорлари орасидан қобилиятли, келажагини қура оладиганларни ҳузурига чорлаб, уларга бир умр эсда қолгулик гапини айтади: «Эртадан сен — миллионерсан. Фақат панд берма!». Чинданам, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, малаяликлар ўз бойликларига эга бойваччаларга айланади, фоизсиз кредитлар олиб, ички ишлаб чиқаришга улкан ҳисса қўшишади. Шу зайл малая бизнесига асос қўйилиб, кейинчалик ўрта ва кичик бизнесга йўл очилади.
Маҳатхир Муҳаммад хорижий инвесторларга қатъий қоидаларини аввал уқтириб, сўнг иш бошлаш ёки йўқлигини обдон ўйлаб ҳал этишини сўраган. Фақат ҳалол, инсофли ва илмли тадбиркорларга мамлакат дарвозалари қуйидаги шартларга рози бўлгачгина очилган:
— Сармоянгиз ҳалоллигини исботланг;Ушбу очиқ ва қатъий қоидалар, шаффоф тендерлар ўтказилиши ва инглиз тилининг мамлакат миқёсида кенг томир отиши, хийла ривожланган таълим тизими хорижий инвесторларнинг оқиб келишига замин ҳозирлайди. Япония, Сингапур, АҚШ, Буюк Британия, Тайван, Жанубий Корея ва Германиядан йирик тадбиркорларнинг маҳаллий бозорга ўрнашиши иқтисодий муаммоларга ечим топади.— Пулларингизни маҳаллий банкка қўйинг-да, расман рўйхатдан ўтинг;
— Лойиҳаларимизда қатнашинг ёки ўз ишингизни бошланг. Хоҳлаган кишингизни ишга олинг. Истасангиз, 100 фоиз ишчини хориждан олиб келинг. Аммо маҳаллий аҳоли, айниқса, «бумипутра»ни қанча кўп ёлласангиз, харажатларингиз қисқариб, даромадингиз ортишини тез орада билиб оласиз;
— Маҳаллий ишчигаям, хорижликкаям иши учун бир хил маош тўланг;
— Маҳаллий ходимларнинг малакасини оширинг, уларнинг соғлиғини асранг, атроф-муҳитни ифлослантирманг;
— Киримларни яширишни хаёлингизга ҳам келтирманг, солиқларни ҳалоллик билан тўланг;
— Хоҳлаган пулингизни ишлаб топинг, ҳеч бир амалдор ишингизга ҳалал бермайди, аммо маҳаллий қонун-қоидаларни асло бузманг.
Иқтисодда Япония, бошқа соҳаларда Сингапур намунага айланади. Икки давлат тажрибаси тез орада Малайзия иқтисодини бирдан кўтариб, ўн йил нари-берисида бутунлай бошқа қиёфага киритади. 1992 йили давлатнинг ташқи қарзи 16 миллиард долларга, хизмат кўрсатиш даражаси 5,6 фоизгача тушади. Биринчи марта олтин-захиралари ташқи қарз миқдоридан ошиб, 18,8 миллиард долларни ташкил этади, ишсизлик даражаси 4,1 фоизгача пасаяди (1990 йили 6,0 фоиз эди).
Экспорт ва импорт амалда беллашиб, 41,7 миллиард ва 42,2 миллиард оралиғидаги кўрсаткичларни қайд этаверади. Экспортнинг 75 фоиздан ортиғини саноат маҳсулотлари ташкил этар, Малайзия дунё кўз ўнгида иқтисодий «Осиё йўлбарси»га айланиб бораверарди.
1995 йили ЯИМ аҳоли жон бошига 9020 АҚШ долларини ташкил этиб, икки йилдан сўнг ички савдо айланмаси 158 миллиард долларга етади. Инфляция эса йилига бор-йўғи 2,1 фоизга етиб-етмасди. Ҳаммаси раҳбарлар кўзлагандек равон, бир текис кетар, мамлакат яқин орада «қолоқ дунё»дан етакчи ўлкага айланиши кундек равшан эди. Бироқ мусаффо ва мовий осмонни қора булутлар қоплайди-ю, ҳаммаси тўсатдан ўзгаради...
1997 йилги иқтисодий инқироз бутун Жануби-шарқий Осиёни исканжага олади. Малайзия иқтисодига сезиларли таъсир қилган фожиа Маҳатхирнинг ҳам фаолиятини четлаб ўтмасди. Жамики воқеа ва муаммоларни бош вазир «Малайзия пул бирлиги инқирози: бу нега ва қандай рўй берди?» китобида муфассал тасвирлаб, бор хатоларини бирма-бир санаб беради.
Ўшанда Маҳатхир ва жамоаси бирдан юз берган хаосга аввалдан тайёр бўлмаганлари, нега шундай кучли валютанинг долларга нисбатан қадри кулдек тўзғиганини фаҳмлолмайди.
Хорижий компанияларнинг малакали бошқарувчилари, халқаро экспертлар ва пул чайқовчилари жон борича малая ҳукумати, ёмон бошқарув усули, бош вазирни қоралаб, мамлакатни ботқоққа ботиришда айюҳаннос солади. Уларнинг сафига тез орада аллақандай танқидчилар, давлат-у раҳбариятдан муттасил нолийдиганлар, қўлидан арзирли иш келмайдиган бекорчилар қўшилади. Ҳамма бир овоздан ҳукумат истеъфосини талаб этар, аслида вазият қандайлигига биров зиғирча эътибор бергиси келмасди.
Худди шу паллада Халқаро валюта жамғармаси ўз хизматини таклиф этиб, ҳукуматдан ижтимоий чиқимларни кескин камайтириш, мамлакатда кредит масштабини чеклаш, қарз ставкаларини ошириш, миллий валютани қадрсизлантириш, иқтисодиётни халқаро молиявий институтлар ҳукмига топширишни «маслаҳат» беради.
Маҳатхир эса ушбу «беғараз кўмак»ни ҳаялламай рад этади, «Троя оти» афсонасини эслаб: «Совға олиб келадиганлардан қўрқамиз», — дея лутф қилади. Халқаро валюта жамғармаси берадиган кредит хорижий кредиторларга харжланишини жуда яхши билгани ҳам қўл келади.
Йиллар ўтиб, Маҳатхир хотираномаларида шундай қайд этганди: «Малайзия иқтисодиётини ХВЖ назоратига топшириб қўёлмасдик. Ҳатто ягона ечим шу бўлганида ҳам... Малайзия муаммоларига ўзи йўл топиши шарт эди». Вазият молиявий масалалар бўйича вазир ўринбосари Анвар Иброҳим ҳамда Марказий банк раиси бош вазир усулларига қарши чиққанда тағин чигаллашади. Шу боис, Маҳатхир икки фронтда «уруш» олиб боришга мажбур бўлади.
Асосий ишга киришишдан аввал, Иқтисодий ҳаракатлар миллий кенгашини тузиб, мухолифат етакчиларидан иборат жамоа тузади. Кенгаш ичида бош вазир, унинг ўринбосарлари — Молия вазири, Марказий банк раиси, Иқтисодий режалаштириш маркази бош директори, Малайзиянинг етакчи тадқиқот маркази раҳбари ва йирик бизнес вакилларидан иборат ижроия қўмита ташкил этилади.
Маҳатхир норасмий «иккинчи молия вазири» — Дайм Зайнуддин билан айрича меҳр, ҳурмат билан мулоқот қиларди. Жаноб Дайм ҳам 1938 йили Маҳатхир туғилган шаҳарча — Алор-Сетарда дунёга келган, бош вазир эса уни ҳамқишлоғи бўлгани учун эмас, билими, тажрибаси, профессионализми ва кенг дунёқараши сабаб эъзозларди.
Дайм Зайнуддин Лондондаги Линколн университетининг ҳуқуқ йўнилишини тамомлаган, 1970 йиллари охири Калифорния университетида малака ошириб, 90 йиллар бошида Гарвард халқаро тараққиёт университетида таҳсил олганди. Дайм бир қанча давлат компанияларига асос солиб, узоқ йиллар партия бошқарувида, 1984–1991 йиллари молия вазири лавозимида ишлайди. Фавқулодда серғайрат ва тиниб-тинчимас бу одам нафақат мансаб пиллапояларида, яна Малайзиядаги энг бой тадбиркорлар орасида ҳам етакчиликни бировга тутқазмаган.
«Корпоратив бизнес отаси» деган ном олдига «ишбоши» ёрлиғи қўшилиб, мамлакат иқтисодиётини оёққа қўйишдаги заҳматлари, кўзлаган манзилга етишда собитқадамлиги олқишланади. У бирор амалдорнинг соясига салом бериш, минг қуллуқ қилиб, эгилиб-букилишни истамайдиганлар тоифасидан эди. Бироқ халқ ва давлат танг аҳволда, чорасиз қолганда Маҳатхир чақирган заҳоти ёрдамга шошадиган шахс эди.
Мамлакатдаги ишчилар бошбошдоқлиги, оммавий иш ташлашлар ва норозиликларни қатъий тўхтатиш учун «ўзбошимча» намойишчиларнинг ҳаммаси ишидан бўшатилади. Бугина эмас, бош вазирга муттасил қарши чиқадиган Анвар Иброҳим порахўрлик ва жинсий зўравонликда айбланиб, қамоққа олинади.
Бундай кескин чоралар ўша палла учун шафқатсиз туюлса-да, Маҳатхирнинг бошқа чораси қолмаган, мамлакатни инқироз ботқоғидан қутқариш масаласигина бутун фикр-зикрини банд этиб қўйганди. Ушбу воқеалардан кейин Дайм ягона молия вазири, Миллат кенгашининг ижрочи директори лавозимига тайинланади. Бошқарувчи бўйнига жуда оғир вазифалар юклатилади. Пул билан боғлиқ ишлар тадбиркор Дайм қўлига ўтгач, биринчи навбатда америкалик бизнесмен, валюта чайқовчиси Жорж Сорос айблари фош этилади.
Маҳатхир таклифи билан Малайзия марказий банки валюта ва фонд бозорига зарба мамлакат иқтисодиётидаги муаммолар билан боғлиқ эмас, балки ташқи кучлар иши бўлгани ҳақида расмий баёнот беради. Шундан кейин Дайм инқирозни енгиш бўйича Халқаро валюта жамғармаси тавсияларига мутлақо зид миллий дастурни ишлаб чиқади. Маҳатхир эса буни тасдиқлайди.
Мамлакатда ўта кескин ва қаттиқ валюта назорати ўрнатилади. Ичкаридан ташқарига капитал олиб чиқиш қатъий чекланади, импорт эса рағбатлантирилади.
Бир ярим йил беаёв давом этган урушда Малайзия ғолиб бўлади. 1998 йили инқироз чўққисига чиққанда ЯИМ 7,2 фоизга қисқарган бўлса, 1999 йили 5,8 фоизга кўтарилади. Йўқотишлар арзимаган суммага тенг келади.
Иқтисоднинг паст-баландини «сувдек симирган», юртнинг содиқ фарзанди, чин дўст Дайм Зайнуддин 2001 йилгача молия вазири бўлиб ишлайди, сўнг бамайлихотир қарилик гаштини сурай, деб барча лавозимларидан озод этишларини сўрайди. Маҳатхир эса уни юқори даражали «Тун» нишони билан тақдирлайди.
Ўтган асрнинг ўша йиллари улкан молиявий инқироз дунёнинг кўплаб минтақаларига жиддий таъсир кўрсатади. Таиланд, Аргентина, Россия ортиқча қаршиликсиз бунга таслим бўлиб қўяқолади, Индонезия, Филиппин, Жанубий Корея, Бразилия вазиятга охиригача дош беришга, сўнгги кучи қолгунича қаршилик кўрсатишга уринади. Ёлғиз Малайзиягина инқирозга қарши уруш очиб, ғалаба қозонади.
Кўпнинг ҳайратини оширган муваффақиятни ҳатто ХВЖ ҳам олқишлайди, Жорж Сорос эса Малайзиянинг ишбилармонлиги, уддабуролигига тан беради. Маҳатхирнинг хориждаги барча душманлари, танқидчиларининг дами ичига тушади.
Ғалабадан кейин бош вазир сиёсатни тарк этишни, оғир, узоқ давом этган руҳий толиқиш, хиёнат-у кўнгилсизликларни унутишни истайди. Муаммоларнинг охири кўринмаётган йиллари кимлардир уни «дабдабали» лойиҳаларга берилганликда қоралайди, бошқалар инқироз айнан унинг калта ўйлаши, узоқни кўра билмаслигидан рўй берди дейди, яна биров дунёнинг йирик давлатлари билан курашиш эмас, тил топишиш керак эди деб сафсата сўқийди. Орада «Отахон жуда узоқ ўтирдилар, энди ёшларгаям йўл берсинлар» деган узун-қулоқ гаплар янграйди.
Буюк инқироз ниҳоясига етиб, лойқаланган сувлар тингач, бош вазир 2000 йили лавозимини тарк этишни, мамлакат ишларидан чекинишини эълон қилади.
Жавоб жуда антиқа бўлади: бутун парламент тиз чўкиб, ундан фаолиятини давом эттиришини, яна бир неча йил лавозимида қолишини сўрайди. Бунда на сохтакорлик, на мулозамат, лаганбардорлик бор эди. Маҳатхир андак ўйга чўмади-ю, сўнг рози бўлади.
У яна 3 йилча давлатни бошқаради. Умуман олганда, Маҳатхир ҳукмронлиги даврида мўъжиза юз беради: бир вақтлар умидсиз, қашшоқ, кунини қандай ўтказишни билмайдиган қолоқ, каучук ва қалайдан бошқа хом ашёси йўқ мамлакат дунёнинг энг ривожланган 25 та давлатидан бирига айланади. Бир авлод алмашинуви даврида миллатнинг ўзига ишончи қайтади, узоқ умр кўриш бобида қўшниларини ортда қолдиради: эркаклар 71,8 йил, аёллар эса 76,2 ёшгача яшай бошлайди. Ишлаб чиқариш, модернизация, компьютер технологиялари, архитектура ва замонавий илмлар борасида пешқадамга айланади.
Бугун давлатнинг мақсадли сиёсати сабаб Малайзиянинг деярли барча аҳолиси расмий тил — малая тилини билади. Кўпмиллатли мамлакат ичида ягона мулоқот тили фақат шу бўлади.
Маҳатхирнинг бош вазирлиги давридаги энг салмоқли иши — исломни «модернизация» қилганидир. «Ҳақиқий ислом» ҳар доим либерал, бағрикенг, когнитив ва илғор тенденцияларни олиб келади, дейди. Малайзияда ислом худди шу шаклларни олади. Қолаверса, бу ерда ислом Ғарбдан кириб келгувчи турли оқимларнинг ўзига хос «фильтр»ига айланади. У ҳақиқий маданий қадриятлар, илғор ғоялар ва фойдали инновацияларга йўл беради, зарарли, нигилистик ва ахлоқсизлик тенденцияларини рад этади.
Охир-оқибат, ўлкада этник, диний ва ижтимоий зиддиятлар барҳам топади, жамики қарама-қаршиликлар бартараф этилади.
Малайзиянинг халқаро ҳамжамиятда нуфузи йилдан йил ошиб, 2006 йили уч номдор ташкилот: Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом конференцияси ташкилоти ва АСЕАНъга раҳбарлик қилади.
2000 йили Халқаро меҳнат ташкилоти Малайзияни Исроил, Бразилия, Хитой ва Руминия қаторига қўйиб, энг тез ривожланаётган ўлкалардан деб эътироф этади.
Дарвоқе, бош вазирнинг Ислом конференцияси ташкилотининг олий даражадаги 10-сессияси очилиш маросимидаги нутқи (2003 йил 16 октябрь) ҳали-ҳамон энг машҳур мурожаатлар қаторида туради.
Изоҳ (0)