Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Amnesty International (АI) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Халқаро жиноят судини Афғонистондаги можаронинг барча иштирокчилари, жумладан, АҚШ ва Афғонистон кучлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилишга чақирди. Бу ҳақда «Afghanistan.ru» нашри хабар берди.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

«‘Толибон’, АҚШ қуролли кучлари ва афғон хавфсизлик кучлари мамлакат ҳукумати қулашидан олдин тинч аҳолининг катта азоб-уқубатларига олиб келган ҳужумлар учун жавобгардир», — дейилади ҳисоботда.

Бундан олдин Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон суд «Толибон» ва ИШИД томонидан амалга оширилган жиноятларга эътибор қаратишини ҳамда АҚШ ва Афғонистон ҳарбийларига боғлиқ можароларни кўриб чиқишни режалаштирмаётганини маълум қилганди.

АI ҳисоботига кўра, мамлакат «Толибон» ҳудудларни эгаллаб олгандан сўнг, улар этник ва диний озчиликлар вакилларини, собиқ афғон хавфсизлик кучлари ва амалдорларни қийноққа солиб, қатл қилган. Хусусан, ҳужжатда Қандаҳор вилоятининг Спин-Болдак туманида собиқ ҳукуматга алоқадор афғонларнинг қатл этилиши, шунингдек, Ғазни ва Дайкунди вилоятларида ҳазорларнинг ўлдирилиши ҳақида сўз боради.

«Мамлакат бўйлаб қотилликларнинг тўлиқ кўлами ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда, чунки ‘Толибон’ кўплаб қишлоқ жойларда мобил ва телефон алоқаларини узиб қўйган ёки интернетга киришни кескин чеклаган», — дейди ташкилот.

Шунингдек, ҳисоботда таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида АҚШ ва Афғонистон қуролли кучларининг ҳаво ҳамда ердаги операциялари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган ва жароҳат олган. Ҳужжатда 28 кишининг ўлимига сабаб бўлган ва яна 6 киши жароҳат олган 4 та авиазарба ҳақида маълумотлар келтирилган. Бундан ташқари, қуруқликдаги амалиётлар чоғида тинч аҳоли ўлими ҳолатлари қайд этилган.

Август ойида Афғонистонда ҳукумат тепасига келган «Толибон» раҳбарияти собиқ ҳукумат амалдорларига умумий амнистия эълон қилганди. Толиблар давлат хизматчиларига расмий мурожаат қилиб, улардан ўз иш жойларига қайтишни, ҳуқуқлари чеклаб қўйилишидан хавотирланмасликни сўраган эди. Ташкилотнинг расмий вакили «Толибон» аъзолари Кобул кўчаларида хавфсизликни таъминлаши ва собиқ амалдорларга ҳужум қилмоқчи бўлганларни ҳибсга олишини маълум қилган.

30 ноябрь куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти «Толибон»нинг 2,5 ойлик ҳукмронлиги даврида — 15 августдан 31 октябргача Ғазни, Ҳилмонд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларида собиқ ҳукуматнинг юздан ортиқ ҳарбий ва хизматчилари ўлдирилгани ҳақида маълумот эълон қилган. 

«Интерфакс»нинг Baxtar ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, «Толибон» ноқонуний дарахт кесиш ва контрабандага қарши курашиш учун қуролли «китайи сабз» («яшил бўлинма») махсус бўлинмасини яратишга қарор қилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Искандаров — энг яхши футболчи, Кападзе — энг яхши мураббий. Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари аниқланган маросимдан фоторепортаж
Маданият
Фарзандидан айрилган, 3 соат ухлаган, ҳожатхонада фаррошлик қилган: муваффақиятга эришиш йўлида турли қийинчиликлардан ўтган юлдузлар (фото)
Маҳаллий
«Сирдарёда бир сўм ҳам ўғирланмайдиган, коррупциясиз тизим яратилиши керак» — Сардор Умурзоқов