Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бухорода спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда ҳамқишлоғига оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган фуқарога суд ҳукми ўқилди. Фуқаро аввалига ўз жиноятига иқрор бўлмаган. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.

Таъкидланишича, Ғиждувон туманидаги Сармижон қишлоғида яшовчи фуқаролар Мансур Шарипов ва унинг қайнукаси Холиқ Рўзиев ҳамда Шавкат Шаропов (исм шарифлар аслига тўғри)лар узоқ йиллардан буён устачилик билан шуғулланиб келган. Улар бир неча ойдан буён ишлаб келишаётган хонадондаги таъмир ва безаш ишларини якунлаб, маҳалладаги чойхоналардан бирида ўтиришга ўзаро келишган.

Усталар овқатланиш баробарида спиртли ичимликлар ҳам истеъмол қилган. Худди шу пайтда чойхона олдидан ўтиб кетаётган ҳамқишлоқларидан бири Тилав Ҳожимуродов ҳам уларнинг даврасига келиб қўшилган. Тилав Холиққа пул бериб, унинг ҳисобидан яна бир шиша ароқ олиб келишини талаб қилган. Холиқ эса бошқа ичмаслигини ва дам олиш учун уйига кетишини билдирган ва улар оғзаки тортишиб қолган.

Холиқ уйига кетмоқчи бўлиб чойхона дарвозасидан чиққан вақтда Тилав унинг орқасидан келиб урган ва икки ўртада жанжал бошланган. Жанжал ўзаро қаттиқ муштлашувга айланган. Тилав Холиқни дуч келган жойига муштлаб уриб, дўппослаб ерга йиқитган ва оёқ, қўл ва бошларига қаттиқ зарбалар билан тепган. Шавкат ва Мансур уларни ажратган.

Мансур қайнукаси Холиқни ҳам маст, ҳам оғир тан жароҳати олган аҳволда ўз уйига олиб кетган. Орадан кўп ўтмай, Холиқнинг ўғли Азамат Рашидов воқеа жойига келган ва Шавкатдан «Нега отамни урасизлар?» дея бақириб кетган. Шавкат Холиқнинг ўғли Азаматга Тилавнинг айби билан улар муштлашишганини, поччаси Тилавни уйига олиб кетганини ва бошқа ҳеч нарсани эслай олмаётганини айтган.

Айни улар гаплашиб туришганига ҳали бир неча дақиқа ўтмай туриб, уларнинг олдига тез тиббий ёрдам автомашинаси келиб тўхтаган ва тиббий ходимлар фуқаро Мансур Шариповнинг уйи қаерда эканини сўрашган. Шунда поччасининг уйида ҳуш-беҳуш ётган отасининг аҳволидан хабардор Азамат саросимага тушиб қолган ва тез ёрдам машинасига ўтириб, улар билан бирга Мансурнинг уйига келган.

Тиббий ходимлар етиб келган, беморни тезкор бирламчи кўрикдан ўтказган ва унинг бир неча дақиқа олдин вафот этганини билдирган. Воқеа жойига етиб келган туман ички ишлар бўлими ходимлари марҳумнинг пешона ва бурун соҳаларидаги жароҳатлар, унинг лаблари кўкариб кетгани билан қизиқишган ва тезкор суриштирув ишларини олиб борган.

Марҳумни жасадни сақлаш бўлими (морг)га олиб кетилган ва уни суд тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази вилоят филиалида экспертиза қилинган.

Экспертиза хулосасига кўра, марҳум Холиқ Рўзиев баданида бош мия иккала ярим соҳасидаги субдурал, яъни қаттиқ пардаости қон қуйилиши, бош мия лат ейишининг оғир даражаси, бош мия ва мияча юмшоқ пардаусти ва остига, бош мия ва мияча тўқимасига ва қоринчаларига қон қуйилиши, бош мия шиши, пешона ўрта, бурун қирраси ўртаси, ўнг кўз пастки бурчак соҳаси, ўнг юқори қовоқ ташқи, оғиз ўнг бурчаги, пастки жағ чап томон ўрта соҳасидаги шилинмалар, кўкрак қафаси чап қўлтиқ ости соҳаси олд юзасида ва ўнг ёноқ соҳасидаги қонталашлар, пастки лаб ички юзасидаги қон қуйилишлар жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ушбу жароҳат оғирлик даражасига кўра, инсон ҳаётига хавф солувчи оғир тан жароҳати тоифасига кириши, жароҳатларнинг жойлашган ўрни, хусусияти ва рельефига кўра, марҳумнинг ўз бўйи баландлигидан йиқилиб тушишга характерли эмаслиги билдирилган. Шунингдек, марҳумнинг қонидан 2,32 фоиз промилли этил спирти аниқлангани, бу миқдор унинг ўлимига олиб келадиган ва уни тезлаштиришга сабаб бўладиган касаллик эмаслиги ҳақида кўрсатма берилган.

Суд тергов-суриштирув жараёнлари аввалида Тилав Ҳожимуродов Холиқни фақат бир марта оёғидан ва бир марта елка қисмидан оёғи билан тепгани, уни бошидан тепмагани ҳақида важлар келтирган. Бироқ суд-тергов ҳаракатлари унинг барча важларини тўлиқ рад этган ва айбдор бу важларни жавобгарликдан қутилишга қаратилган ҳаракат, деб баҳолаган.

Судланувчи ўз айбини тўлиқ тан олишга мажбур бўлган. Тилав Ҳожимуродов Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «д» бандларида назарда тутилган жиноятни (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) содир қилганликда айбли деб топилган. Ушбу модда билан унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар