АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси келгуси ҳафтада Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидан товарлар импортини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳужжат муаллифларидан бири, демократ-конгрессмен Жим Макговерн журналистларга маълум қилди.

Фото: AP Photo

«Кейинги ҳафта — инсон ҳуқуқлари масаласи учун муҳим ҳафта. Биз Хитой билан боғлиқ қонунга баъзи ўзгартиришлар киритиш зарур деб ҳисоблаймиз. Умид қиламизки, унинг катта қисми инсон ҳуқуқларига бағишланади. Қонун лойиҳаси уйғурлар мажбурий меҳнатининг олдини олишга қаратилган, биз мазкур қонун лойиҳаси у ёки бу шаклда марра чизиғини кесиб ўтишини истаймиз», — деди Конгресснинг Инсон ҳуқуқлари комиссияси ҳамраиси Макговерн.

АҚШ Пекинни Шинжондаги уйғур аҳолисига қарши қатағон ва геноцид уюштиришда ҳамда автоном ҳудудда мажбурий меҳнатни қўллашда мунтазам айблаб келади. Хитой эса бу айбловларни қатъиян рад этади.

Аввалроқ АҚШ, Канада ва Буюк Британия Хитойни «уйғурлар геноциди»да айблаб, унга қарши санкциялар киритган эди. Шунингдек, АҚШ уйғурларга қилинаётган зуғумлар сабаб Шинжондан пахта импортини чеклаб қўйган.

Хитой АҚШ ва Канадани Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди туфайли Хитойга қарши уюштирган «хато ҳаракатларини» тузатишга ва Хитойнинг ички ишларига аралашишни бас қилишга чақирган.

Март ойида Хитойда H&M, Nike ва яна бир нечта халқаро корпорацияларининг маҳсулотларига қарши бойкот бошланган. Таъкидланишича, улар Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидаги пахта далаларида одамларга қуллардек муносабатда бўлинаётгани ҳақидаги баёнотлар билан мамлакат ички сиёсатига аралашгани қайд этилган.