Кореялик режиссёр томонидан ишланган «Калмар ўйини» энг яхши тўлиқ метражли йил сериали сифатида эътироф этилиб, Американинг кинотанқидчилар, журналистлар, дастурчилар ва фильм кураторларидан иборат қўмита томонидан Gotham Awards мукофотига лойиқ деб топилди. Бу ҳақда Esquire хабар беради.

Фото: Esquire

«12 йил аввал, 2009 йил ушбу сценарийни ёзганимда, бор кучим билан ҳаракат қилганман, аммо у ҳеч кимга ёқмаган. Менга сценарийнинг ҳаддан ортиқ даражада шафқатсиз, мавҳум ва ғалати эканини айтишган. Премьерадан кейин эса сериалнинг дунёдаги энг машҳур шоу бўлиши учун атиги 12 кун керак бўлди», — деган режиссёр Хван Дон Хёк.

Сериалда бош қаҳрамон ролини ижро қилган Ли Чон Же ҳам «Янги сериалдаги ажойиб актёрлик ижроси» йўналишига номзод бўлган, аммо мукофот бошқа бир ижодкорга насиб қилган.

Gotham Awards’нинг 31-тақдирлаш маросими Нью-Йоркда бўлиб ўтган. Маълумот учун, ушбу мукофотга бюджети 35 миллиондан кам бўлмаган лойиҳаларгина номзод бўлиши мумкин.

«Энг яхши фильм» йўналишида Мегги Жилленхолнинг дебют иши «Нотаниш қиз» (« The lost daughter») мукофотга лойиқ деб топилган. Ушбу фильмда она бўлганига анча бўлган ўрта ёшли аёлнинг илк фарзандли бўлгандаги кечинмаларни эслаши ҳақида ҳикоя қилинади. 2020 йилда режиссёр Хлои Чжаонинг «Кўчманчилар мамлакати» («Nomadland») сериали энг яхши деб топилган ва кейинроқ худди шу йўналиш бўйича «Оскар»га ҳам сазовор бўлганди.

Жилленхол, шунингдек, «Энг яхши сценарий» ва «Режиссёрлар орасидаги янгилик» бўйича ҳам мукофотни қўлга киритган. «Нотаниш қиз» («The lost daughter»)да бош қаҳрамонни гавдалантирган Оливия Кольман эса «Энг яхши бош рол ижроси» йўналиши бўйича мукофотни «Кеннет Чемберленнинг ўлдирилиши» («Killing of Kenneth Chamberlain») фильмида суратга тушган Фрэнки Фейсон билан бўлишган.

«Энг яхши хорижий лойиҳа» деб эса Рюсуке Хамагутининг «Машинамни бошқар» («Drive my car») фильми топилган. Сюжетга кўра, картина қаҳрамони — театр режиссёрига Антон Чеховнинг «Ваня амаки» «(Дядя Ваня») песасини саҳналаштириш таклиф қилинади. У ва унинг қўл остида ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган қиз билан ўрталарида муносабатлар пайдо бўлади. Аввалроқ мазкур фильм француз журнали Cahiers du Cinéma версияси бўйича йил фильмларининг ўнталик рўйхатидан ўрин олган.