Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бош прокуратурада ташкил этилган Гендер тенглиги бўйича комиссияга тизимда ишловчи хотин-қизлардан шу вақтгача зўравонлик, тазйиқ ва босим ҳолатлари ҳақида бирорта маълумот келиб тушмаган. Бу ҳақда комиссия раҳбари, бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 26 ноябрь куни «Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Прокуратура органларида, масалан, 350 нафар аёл ишласа, улар билан ҳар куни бўлмаса ҳам, кунда-кунора гаплашаман. Мен жуда кучли психологман, кўзига қарайман, овозидан биламан — мени алдамайди. Бош прокуратурадаги Гендер тенглиги бўйича комиссия раҳбари сифатида айтаманки, шу вақтгача менга унақа хабарлар келмади. Қани, прокурор аёлга тазйиқ қиладиган эркакни бир кўрай-чи!», — деди Светлана Ортиқова, журналистларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи хотин-қизларга ҳам зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари бўладими, мазмунида берилган саволига жавоб бераркан.

Светлана Ортиқова, бош прокурор ўринбосари.

Светлана Ортиқова, бош прокурор ўринбосари.
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Мен ҳаётим давомида ундай эркакларни кўрганим йўқ, бўлмаса бош прокурор ўринбосари бўлиб ўтирмасдим», — деди Ортиқова. Ўз навбатида, у харассмент (шилқимлик, тегажоқлик) масаласида алоҳида фикр билдирди. «Ҳар ким бировнинг хатти-ҳаракатини [har xil] тушунади. Ҳозир, масалан, метрода ёш болани кўрсам, ўғлим ё неварамга ўхшайсан деб бошини силасам, сиз шуни харассмент деб тушунасизми? Ёки бир эркак келиб, уни фарзандига, неварасига ўхшаца, ширин гапирса, ёрдам берса-чи?.. Масала кўп, биргаликда муҳокама қилишимиз керак», — деди прокурор хоним.

«Ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз керак ва ўзимиздан бошлашимиз керак. Шунга муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Дунёқарашимизга ёт ғояларга мен қаршиман. Чунки у давлат ва жамиятни барбод қилиш ҳолатигача олиб келиши ҳеч гап эмас. Ўзимизни, миллий ўзлигимизни англайлик-да, шунга қараб қадам босайлик», — дея қўшимча қилди бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова.

Харассмент нима ўзи? Бошлиқнинг тегажоқлик қилишими? (Meduza’дан кўчирма)

«Нафақат бошлиқнинг тегажоқлиги. Содда қилиб айтганда, харассмент — инсонни камситадиган ё таҳқирлайдиган, унинг учун ноқулай вазиятни юзага келтирадиган, унда уят ёки қўрқув ҳиссини уйғотадиган бутун бошли ножўя хатти-ҳаракатлар рўйхати ўрнига қўлланиладиган умумий бир атама. Бу кўчада қизларнинг ортидан ҳуштак чалишдан тортиб жинсий алоқага мажбурлашгача бўлган маълум бир гаплар, имо-ишоралар, ҳаракатлар бўлиши мумкин. Ҳа, рўйхат жуда катта: ҳақоратлар, ҳазиллар, тегажоқликлар, таъқиб, уятсиз шамалар ва таҳдидлар — буларнинг бари харассментнинг турли кўринишларидир. Боз устига, харассмент фақат жинсий алоқа мазмунида бўлмайди: бир киши бошқа одамни ёши, миллати ёки терисининг ранги, эътиқоди, жисмоний ва ақлий ўзига хосликларидан келиб чиқиб ҳам камситиши мумкин. Масалан, ҳамкасбларингиздан бири сизнинг диний эътиқодингиз ҳақида мунтазам камситиш тарзида фикр билдираверса, бу ҳам харассмент. Ёки аксинча — агар ишда сиздан профессионал фаолиятингиз билан боғлиқ бўлмаган диний тадбирларда иштирок этишни талаб қилишса, бу ҳам харассмент».

Изоҳ
Асосий янгиликлар