Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Зарафшон туманида олтин қазиш ниятида бўлган 40-50 кишини қум босиб қолгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ушбу ҳодиса юзасидан хабар келиб тушмаган.
«Ҳозирда вилоят ФВБ тегишли хизматлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ваколатли органлар томонидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади», — дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январида Жиззахда олтин рудасини ноқонуний равишда қазиб олишга уринган тўрт кишини тош босиб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг 2 нафари воқеа жойида вафот этган, 2 нафари эса турли хил даражадаги синиш ва бошқа тан жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Изоҳ (0)