«Кетгим келмаяпти онажон», «Келинчак» каби қўшиқларни кўпчилик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев томонидан куйланган деб ўйлашади.

Фото: «Дарё»

Бу қўшиқларнинг асл муаллифи, Охунжон Мадалиевнинг шогирди Раҳматилло Юсупов ҳисобланади. Хонанда Раҳматилло Юсупов ижод йўли, имижи, қўшиқлари Охунжон Мадалиевга жуда ҳам ўхшагани сабабли мухлислари уни «иккинчи Охунжон Мадалиев» деб эътироф этишади.

Хонанда Раҳматилло Юсупов «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида санъат оламига кириб келиши ва Охунжон Мадалиевга қандай қилиб шогирд бўлгани ҳақида гапириб берди.

Биз раҳматли Охунжон Мадалиев билан бир қишлоқданмиз. Қишлоғимиздаги бир тўйда Охун акам хизматда бўлганларида дадам раҳматли Охун акамнинг ёнларига мени олиб бориб «ўғлим сизнинг қўшиқларингизни айтиб тили чиқди, энди буни шогирдликка оласиз», деганлар. Ёшимиз каттароқ бўлганидан сўнг Охунжон Мадалиевнинг уйларига олиб боришган. Уйларига бориб келиб юрганмиз.

Уларнинг тўйлари жуда ҳам кўп бўлгани учун кўпинча хизматларда бўлардилар. Шогирдлар уларнинг тўйларда юриш, туришларидан кўп нарса ўрганганмиз. Охун акамнинг водийдаги хизматларига бирга борганмиз. У вақтларда қўшиқлар бошқача бўлганми ёки эшитувчилар бошқачароқ бўлганми. Билмадим. Бугунги кунда тўйларда хориж мусиқалари, ўйин-кулги кўп бўлади. Авваллари оғир, босиқ қўшиқларни кўп эшитишарди. Ҳозир эса…

Раҳматилло Юсупов, хонанда

Хонанда Раҳматилла Юсупов «Кетгим келмаяпти онажон» ва Келинчак қўшиқларининг яралиши тарихи ҳақида гапирди.

Бундан йигирма йиллар аввал Фарғонада бир тадбирда журналист акамиз «Кетгим келмаяпти онажон» қўшиғини айтди. Шеърни айтиб бўлгач бу шеърни дўстимиз Охунжон қўшиқ қилмоқчи эдилар, насиб қилмаган экан, шеърни уларнинг шогирдига берамиз, дедилар. Шеърни олиб, уйга бориб уни куйга солиб, мухлисларимизга тақдим этдим. Ижодкор одам сўзга қараб, унга характер бера олиши керак. Сўз дардли сўз бўлгани учун унинг мусиқаси ҳам, йўналиши ҳам мунгли бўлган.

2003—2004 йилларда халқимизнинг севимли шоири, акамиз Иқбол Мирзонинг китобини варақлаб «Келинчак» шеърини кўриб қолганман. Акамизнинг жуда кўп шеърларини қўшиқ қилганмиз, лекин бу шеърга ҳам алоҳида меҳрим тушиб қолди. Ўша вақтларда бунга ўхшаган босиқ қўшиқларим жуда ҳам кўп бўлгани учун, буни архивимга олиб қўйгандим. 2008 йилга келиб қўшиқни мухлисларга тақдим қилганмиз.

Раҳматилло Юсупов, хонанда

Маълумот учун, «Кетгим келмаяпти онажон» қўшиғининг сўзи шоир ва журналист Карим Баҳриевга тегишли.

Хонанда Раҳматилло Юсупов 1981 йил, 15 сентябрь куни, Фарғона вилоятида дунёга келган. 100 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор. Оилали, икки фарзанднинг отаси.