14 ноябрь — Халқаро логопедлар куни. Болаликдаги нутқий бузилишларга эътиборсиз қараш гапиришдаги бир умрлик нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин. Камчиликларни тўғри ва самарали усуллар билан бартараф этиш эса логопедларнинг зиммасида.
«Дарё» мухбири болаларда учрайдиган нутқий камчиликларга сабаб бўлувчи омиллар, уларни бартараф этиш йўллари, фарзандларининг гапиришида нуқсонларни сезган ота-оналар қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида логопед Мавжуда Махаматова билан суҳбатлашди.
Ҳомиладорлик, туғуруқ ва ундан кейинги давр. Нутқий камчиликларни пайдо қиладиган омиллар
Болаларда учрайдиган нутқ нуқсонлари туғма ёки орттирилган бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида онанинг вирусли касалликлар билан қаттиқ шамоллаши, уларни даволамасдан оёқда ўтказиши, ўзбошимчалик билан турли дори-дармонларни қабул қилиши, ота ёки онанинг гиёҳванд моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиши, радиация, тос суягининг торлиги натижасида туғуруқда бола миясининг лат ейиши, киндигига ўралиши, бўғилиб қолиши, йўлдош кўчиб қолиши натижасида болага кислород етиб бормаслик ҳолатлари учраганда болада нутқий нуқсонлар келиб чиқиши мумкин.Шунингдек, бола туғилгандан то уч ёшга тўлгунга қадар оғир инфексион касалликларга чалиниши, турли мия жароҳатларини олиши, боланинг илк ривожланиш пайтидан унга гапирмаслик, сўзларни тўлиқ ва ўз номи билан айтмаслик, тилга кира бошлаганда саволларига жавоб бермаслик, товушларни тўғри талаффуз қилмаслик ҳам нутқдаги камчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Ота-она, бобо-бувилар фарзанди ё неварасининг ҳар бир ҳаракатидан суюниб, унга «бола тилида» гапиришни хуш кўради. Нонни «нана», мушукни «миёв», кучукни «вов-вов» деб айтганда бола уларнинг номини шу ҳолда эслаб қолади. Натижада эса болада нутқнинг кечикиши кузатилади.
Булардан ташқари, ота-она эътибор бериши керак бўлган жиҳатлардан яна бири — боланинг овқатланиш рациони. Тишлари чиқа бошлагандан кейин бўтқа ва пюрелар, осон ютиладиган овқатлар қаторига чайналадиган таомлар-у мева-сабзавотларни ҳам қўшиш керак. Кўп ҳолларда ота-оналар болам қаттиқ нарсани тишлаб қийналиб қолмасин деб, меваларни ҳам қирғичдан ўтказиб беради.
Аммо доимий равишда бундай йўл тутиш нотўғри. Бола чайнашни ўрганолмайди. Тишнинг вазифаси чайнаш ва чиққандан кейин буни бажариши керак. Чайнаш тишлар қаторининг ва жағларнинг тўғри ривожланишига, тил ҳаракатчанлиги яхшиланиб, бола товушларни ўзининг ёшига мос талаффуз қилишига ёрдам беради.
Нутқ ривожланишидаги меъёр — икки ёшда 80 та, беш ёшдан кейин 3000 га яқин сўз
Эшитиш ва мия фаолияти меъёрида бўлган болалар 1,5-2 ойликдан бошлаб «агу-гугу» лашни бошлайди. Яқинлари у билан гаплашганда, бола «агу-гугу» деб жавоб қайтаради. 5-6 ойликдан то 8-11 ойликкача талаффузи осон бўлган лаб-лаб товушлари, лаб-тил товушларини талаффуз қилади.Соғлом бола бир ёшида ўнтача сўзни осонлик билан талаффуз қила олиши керак. Умуман олганда, бир ёш руҳий, нутқий ва жисмоний ривожланишлар параллел ҳолда бошланадиган пайт. Бола билан кўп гаплашиш шу даврдан кечикмаслиги керак.
Масалан, машинада бирга кетаётган бўлса, «бу машина, у бизни манзилимизга олиб боради» деб машина ҳақида кам бўлса ҳам тасаввур бериш керак. Ёки болага олма кесиб бераётганда унинг шакли, ранги, таъми, қаердан олиб келингани ва фойдалари ҳақида айтиб едириш лозим. Булар боланинг хотирасида ўрнашиб, лексик луғат бойлигини тобора оширади.
Бир ёш-у саккиз ойлик — икки ёшда бола содда гапларни туза олади. Сабаби бу даврда унинг нутқида феъллар пайдо бўла бошлайди. Икки ёшгача бола ишлата оладиган сўзлар миқдори 60-80 тага етиши керак. Ана шундан кейин у х, й товушларини айта бошлайди. Бу пайтда у ҳали р, ш, ж, л, ч каби айрим товушларни айтмаслиги мумкин ва бу меъёр саналади.
Умуман олганда, икки ёшлигида боланинг нутқида товуш талаффузидан ҳам олдин гапириш муҳим ўринда туради. Яъни товушлар талаффузида камчиликлар бўлиши мумкин, аммо бўғинлар, сўзлар, содда гапларни гапира олиши керак.
Икки ёшга тўлганда ҳам гапирмаслиги ташвишлантирадиган ҳолат. Бунга юқорида санаб ўтган омиллардан ташқари, неврологик, эшитиш органларидаги касалликлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунда болани логопедга олиб бориш зарур. У эса қаерида муаммо борлигини текшириб, аудиолог, невропотолог, психоневролог, лор каби мутахассисларга йўналтиради.
Бола уч ёшдан тўрт ёшгача — 1000 та, тўрт ёшдан беш ёшгача — 2000 та, беш ёшдан ошганда эса 3000 га яқин сўзни билса ва қўллай олса, унинг нутқий ривожланиши меъёр даражасида бўлади. Беш ёшли болада барча товушлар талаффузи шаклланган бўлиб, у расм асосида бирор ҳикояни қайта гапириб бера олади.
Ҳафтада уч кун, 45 дақиқадан. Логопед машғулоти мактаб дарсларига халал бермайди
Нутқдаги камчиликларни бартараф этиш болалик даврида нисбатан осонроқ кечади. Шунинг учун нутқида маълум нуқсони бор бола билан боғча ва мактаблардаги логопедик шохобчада мутахассис томонидан машғулотлар олиб борилади.Логопед Ўзбекистон бўйича ҳамма мактабда бор ёки йўқлигини билмайман, аммо Тошкент шаҳридаги деярли барча мактабларда бўлиши керак.
Маълумот ўрнида: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг «Дарё» га маълум қилишича, 2015 йилдан бери ҳар йили туманларда битта, вилоятлар марказида эса иккитадан логопедик шохобчалар ташкил қилиб келинмоқда. 2021/2022 йилги ўқув мавсумидаги логопедик шохобчалар сони 894 тани ташкил этмоқда.
Бу шохобчалар 27 732 синфни қамраб олган бўлиб, унда 1016 нафар логопед 46 304 нафар бола билан машғулот олиб бориши кўзда тутилган. Қайд этилишича, битта шохобчага яқин жойлашган бир нечта мактаб бириктирилган ва эҳтиёждан келиб чиқиб бу рақамлар ортиб боради.
Аслида нутқий камчиликлар боғчада — бола биринчи синфга чиққунга қадар бартараф этилиши керак. Аммо ота-она фарзандини боғчага бермаслиги ёки логопедик машғулотларга олиб бормаслиги натижасида бу жараён мактабда ҳам давом этиши мумкин.
Нутқий ривожланишдаги камчиликлар аксар ҳолларда биринчи синфга қабул қилинган ўғил-қизларда сезилса, баъзан 2-, 3- ва ҳатто 4-синф ўқувчилари орасида ҳам учраб туради. Одатда улар ҳам биринчи синфлигида логопеди бўлмаган мактабда ўқиган ва бошқа турли сабаблар билан камчилиги қолиб кетган ўқувчилар бўлади. Лекин шу даврда улар машғулотларни канда қилмаса, бошланғич синфлик пайтидаёқ камчиликларни бартараф этиш мумкин.
Мана бу йили ўзим ишлайдиган 209-мактабда жами 44 нафар, 211а-мактабда эса 39 нафар боланинг нутқида турли даражадаги камчиликларни аниқладим. Ўқувчиларнинг ота-оналари билан мажлис қилиб, фарзандларининг логопедик машғулотларга қатнаши кераклиги, дарслар қай тартибда, қачон ва қанча муддатга олиб борилишини тушунтирдим.
Ҳозирча 209-мактабдаги 44 боланинг йигирма етти нафари логопедик машғулотлар билан қамраб олинган. Дарслар нутқий жараён билан боғлиқлиги ва ҳар бир боланинг алоҳида камчиликлари бўлгани сабаб бир гуруҳда саккиз-ўн ўқувчининг бўлиши меъёр ҳисобланади.
Бир пайтда ҳамма бола билан шуғуллана олиш учун ҳозирда учта алоҳида гуруҳларда саккиз нафардан, жами 24 бола билан нутқнинг турли нуқсонлари бўйича шуғулланаман. Дудуқланиш нуқсони бор уч бола билан алоҳида гуруҳда машғулот олиб бораман.
Дарсларга қамраб олинмаган ўқувчилар ҳам қолиб кетмайди. Ҳар чорак якунида нутқ нуқсонлари бартараф этилган, ўрганган товушларини кейинчалик ҳам тўғри талаффуз этишига кўзим етган ўқувчиларни гуруҳлардан чиқараман ва уларнинг ўрнига навбатда турган болаларни киритаман.
Ҳафтада уч кун ва 45 дақиқадан давом этадиган логопедик машғулотлар мактаб дарсларига халал бермайди. Ўқувчилар тузилган дарс жадвалига асосан машғулотларга келади. Ушбу жадвалдан ота-оналарнинг хабари бўлади.
«Болам эркаланиб гапиради-да. Ўтиб кетар-а? Дарсларга келиши шартми?’’
Фарзанди бирор товушни айтолмаса, айрим ота-оналар буни эркаланишдан деб ўйлайди. Логопедик дарсларга қатнаши кераклигини айтсак, бу эркаланиб гапиради, келиши шартми, ўтиб кетмасмикан, деб сўрашади.Уларга боланинг нутқи етти ёшгача ҳар томонлама шаклланган бўлиб, мактабда ўқиш ва билим олишга тайёр бўлган бўлиши, эркаликлар эса товушларни нотўғри талаффузи учун сабаб бўлмаслигини тушунтираман. Агар шунда ҳам масъулиятни ҳис қилишмаса, тажрибамизда бўлган турли ҳолатларни мисол қилиб келтираман.
Ўзим мактаблардаги дарсимдан ташқари хусусий логопедик марказда ҳам консултантлик қиламан. Нафақат ёш болалар, балки ўрта ва юқори ёш вакиллари ҳам турли нутқ нуқсонлари билан маслаҳат олиш учун келади. Нутқий камчиликларни исталган ёшда тўғрилашнинг имкони бор. Аммо ёш қанча катта бўлса, нуқсонларни тўғрилаш шунча кўп вақт ва меҳнатни талаб қилади. Бунинг учун ўша одамнинг ўзида кучли ишонч ва хоҳиш ҳам бўлиши керак.
Саккиз ёшли боланинг нутқида камчилик пайдо бўлганига ҳали кўп йил ўтмаган бўлади. Нуқсон шу ёшда бартараф этилмаса-ю, ўн саккизга кирганда ўша одамнинг ўзи бунга эҳтиёж сезиб келганда қай бирини бартараф этиш осонроқ бўларди деб ўйлайсиз? Ёш катта бўлаверган сари товушларнинг мустаҳкамланиши шунча ортади.
Қолаверса, нутқдаги камчиликлар болалик пайтида бўлса-ю, вақтида бартараф этилмаса, унга руҳий томондан салбий таъсир қилиб, боланинг жамиятга мослашишига халақит беради.
Мактабдаги логопедик дарслар мутлақо бепул. Агар шулардан кейин ҳам логопедик машғулотларимиздан бош тортишса, ўзларининг хоҳишига кўра рад этишгани ҳақида ариза оламан.
Товушни тўғри шакллантириш ва мустаҳкамлаш ота-онага ҳам боғлиқ
Мажлисда ота-оналарнинг ҳар бирига фарзандларининг вақтида, қолдирмасдан машғулотларга келишини таъминлаши шартлигини тайинлайман. Логопед сифатида қўядиган энг асосий талабим ҳам шу.Дарс турли интерактив усуллар ва анимацион роликлар орқали олиб борилса, боланинг қизиқиши ортиб, ўзлаштириши осон кечади. Болада қайси товушда камчилик бўлса, у иштирок этган бўғин, сўз, содда ва мураккаб гаплар ва катта матнлар, шеър-у топишмоқлар айттирилади. Биз ўргатган товушлар фақат синфдан чиқиб кетгунгача қўлланмаслиги керак. Болаларга билимларини мустаҳкамлаш ва амалда қўллаш учун ота-онанинг кўмаги ҳам зарур.
Битта гуруҳда саккиз ўқувчи бўлса, логопеднинг кўзи бир пайтнинг ўзида уларнинг ҳаммасига қараб туриши керак. Машғулот жараёнида ҳар бир боланинг партасида ойналар туради. Нутқ камчиликларини бартараф этиш учун «коса», «қўзиқорин», «арғимчоқ» ва бошқа бир қанча машқларни бажарамиз. Ойна боланинг ўзига машқни қандай бажариб турганини кўрсатиб турувчи восита бўлиб хизмат қилади.
Болалар артикуляцион машқларда ўзини бошқа тенгдоши билан таққослаш ҳолатлари кузатилиб туради. Бирида тез ўхшаса, бирида бу жараён секин бўлади. Машқни бажаришда қийналаётганлар нега унда ўхшайди-ю, менда ўхшамаяпти деб сўрашни бошлайди. Шундай пайтда спортчиларнинг мушаклари доимий шуғуллангани учун бақувват бўлгани каби, сизлар ҳам кўп машқ қилсангиз, ўхшайди деб кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қиламан.
Тил машқларини қилишда махсус зондлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Аммо бизда бир марталик зондларни ишлаб чиқариш ҳали йўлга қўйилмагани учун фойдаланмаймиз. Керакли пайтда ўрнига бир марталик пахтали таёқча, боланинг ўзи уйидан идишчада олиб келадиган сўрғичларни ишлатамиз.
Айрим болаларнинг нафас олиш тизимида камчиликлар бўлиб, гапини бир нафасда тугатолмайди. Ота-оналарга бундай пайтларда тавсия этадиган, уйда бажариш самарали бўлган машқлар ҳам бор. Масалан, қошиқда овқат ёки сувни тўкмасдан узоқ вақт давомида пуфлаб туриш, кўпиги пуфланадиган ўйинчоқларни ишлатиш мумкин.
Нутқида камчилиги бор бола билан вақтини ўтказадиган ҳамма — ўқитувчи, ота-она, бобо-буви, амма-холалар товушларни тўғри талаффуз қилишни ўрганганда уни мақташи, рағбатлантириши керак. Шунда болада ўрганганларини қўллаш учун хоҳиш пайдо бўлади.
Нутқи тўлиқ ривожланмаган болага бир неча тилни ўргатиш ва турли тилда мулоқот тўғри иш эмас
Нутқ кечикиши кузатилаётган болаларда боғча дарслари, уйдаги ва бошқа мулоқотлар ҳам битта тилда бўлиши керак. Бола билан кам гаплашиш натижасида унинг нутқи яхши ривожланмайди. Айрим ота-оналар кўп тил ўрганса яхши бўлиб кетади деб, ҳатто мактабга чиқмаган фарзандини тил тўгаракларига беради.Ҳали ўзбек тилида товушларни айтолмайдиган бола боғчада русча, тўгаракда инглизча, уйида эса ўзбекча гапириши ва тинглаши нутқнинг янада кечикишига сабаб бўлиши мумкин. Тил ўргатишни боланинг нутқи тўлиқ чиққандан кейин маслаҳат берамиз.
Нутқий камчиликлар: Талаффуздаги нуқсондан — сўлакнинг оқиб кетишигача
Дислалия, дисграфия, алалия, афазия, ринолалия ва дизартрия — кўп учрайдиган нутқий нуқсонлардир. Дислалияда товуш талаффузида турли нуқсонлар бўлиши кузатилади. Агар дислалия вақтида бартараф этилмаса, бу ёзишдаги ҳарф камчиликлари — дисграфияга олиб келади. Алалияда нутқнинг тўлиқ ривожланмаганлиги ёки кечикиши кузатилса, афазияда бош миянинг органик жароҳатланиши натижасида шаклланган нутқнинг йўқолиши содир бўлади.Дудуқланиш оғзаки нутқ жараёнида артикуляцион аппарат аъзолари мушакларининг тортишуви натижасида келиб чиқадиган нуқсон бўлса, ринолалияда артикуляцион аппарат аъзоларида туғма ёки орттирилган нуқсон пайдо бўлади. Бунда бурун, ҳалқум соҳаларида турли фалажликлар, суякнинг қийшиқ бўлиши, бурун соҳасида ҳар хил ўсмалар, танглай, лаб ёриқлари бўлиши кузатилади.
Дизартрия — артикуляцион нутқ аппарати инервациясининг органик жароҳатланиши нуқсони. Унинг натижасида миядан нутқ аппаратига сигнал узилиб-узилиб келади ва боланинг сўлаклари оқиб кетиши, доим оғизда нимадир бордек гапириш, овқат чайнолмаслик ҳолатлари кузатилади.
Нутқий камчиликлардан энг кўп учрайдигани ва бартараф этиш осонроғи — дислалия ҳисобланади.
Жарроҳлик амалиёти ҳам қўлланилади
Тил юганчаси жуда калта, қалин бўлса, жарроҳлик амалиёти яхшироқ чора бўлиши мумкин. Юганчанинг калта ё қалинлиги тилнинг тепага кўтарилишига имкон бермайди ва товушлар талаффузи ҳам нуқсонли бўлиб чиқади. Йигирма бир йиллик логопедик тажрибамга асосланиб, биринчи кўрганимдаёқ бола тил юганчасининг ҳолати ҳақида хулоса қила оламан.Фақат жарроҳга юборишга шошмайман. Чунки тил юганчаси чўзилувчан бўлиб, машқлар орқали ҳам меъёр даражасига келиб қолиши мумкин. Улар ҳам фойда бермасагина, ота-оналарга жарроҳлик амалиётидан фойдаланишларини айтаман. Шунда ҳам ўз хоҳишларига кўра жарроҳга олиб боришлари мумкин.
Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган ринолалия нуқсонини жарроҳлик амалиётисиз бартараф этишнинг имкони йўқ.
Дудуқланишга сабаб бўлувчи омиллар: қўрқиш, иммунитетнинг пастлиги, нерв системасидаги камчиликлар
Дудуқланувчи болалар гапирганда ҳаво етмай қолади. Кўз олдингизга ўпка тасвирини келтиринг. Тепа қисми кичикроқ, пасти эса кенг ва каттароқ бўлади. Дудуқланувчи болалар ана шу ўпканинг фақат тепасидан нафас олади. Бу нафас юзаки бўлиб, олинганда елкалар ҳам кўтарилади.
Дудуқланувчи болалар гапираётганда нафасини етказолмай қолади. Нафасни тез олиб, секин чиқариш меъёр бўлса, улар тез олиб, тез чиқаради. Ота-оналар фарзандида дудуқланишни сезган заҳоти логопед, невропатолог, психоневролог мутахассисларга олиб бориши ва уларнинг тавсияларига доимий амал қилиши керак.
Дудуқланиши бор болалар билан нафас машқларини бажариш яхшироқ самара бериши мумкин. Нафас нозикроқ бўлгани учун машқларни мутахассис назорати остида бажарилиши керак.
Дудуқланиш ўғил болаларда кўпроқ учрайди. Бу касаллик қўрқув ва стресс натижасида пайдо бўлиши мумкин. Умуман олганда, ҳамма қўрқиши мумкин, аммо ҳаммада ҳам дудуқланиш кузатилавермайди. Бу иммунитетнинг пастлиги, нерв системасининг нотўғри ишлаши натижасида келиб чиқадиган касаллик.
Ҳар қандай ҳолатда ота-оналар ҳам ёш болаларига иложи борича қўрқинчли ўйинларни ўйнаш, фильмларни кўришга имкон бермаслиги лозим. Бу дудуқланишнинг олдини олиш учун улар томонидан ташланадиган қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)