Истеъдоди, тиришқоқлиги ва довюраклиги эвазига ҳаётда юқори марраларни забт этган таниқли кишиларда ҳам турли кўринишдаги ва даражадаги фобиялар учраб туради. Уларнинг айримлари ҳақида «Дарё» сўз юритади.

Альфред Ҳичкок

Альфред Ҳичкок

фото: Pinterest

Режиссёр Альфред Ҳичкок — саспенс устаси. Унинг фильмлари томошабинларни таҳлика ва қўрқувга солиб қўяди. Лекин бундай кайфият режиссёрнинг ўзига ҳам бегона эмасди. Ҳичкокдаги энг кучли фобиялардан бири овофобия (тухумдан қўрқиш) эди.

Суҳбатлардан бирида у тухумнинг силлиқ ва думалоқ шаклидан қўрқишини, ичидаги сариғидан эса жирканишини айтади. Ўзининг айтишига кўра, у тухум сариғини ҳеч қачон татиб кўрмаган, оқини эса фақат суфле шаклида истеъмол қилиши мумкин эди. Режиссёр, шунингдек, тухумни эслатувчи, овал шаклидаги бошқа нарсаларни ҳам ёқтирмасди.

Стивен Кинг

Стивен Кинг

Фото: Getty Images / Ричард Ҳартог

«Мен ҳамма нарсадан қўрқаман», — дея тан олганди Стивен Кинг. Ҳатто ёзувчининг биографи Лайза Роугек у ҳақидаги китобни «Қўрқувда яшаётган юрак» деб номлайди. «Даҳшатли фильмлар қироли» ўзидаги фобияларнинг йирик рўйхатини бир неча бор келтириб ўтган. Мисол учун, Кинг болалик даврларидан масхарабозлардан қўрқарди.

«Масхарабозларни кўриб, йиғлаётган бошқа болаларга ҳам кўзим тушган. Менимча, бу персонажда ваҳимага солувчи, даҳшатли нимадир бор», — дейди ёзувчи.

Кинг романида ўз қўрқувини маҳорат билан тасвирлаб берган. 2017–йилнинг ёзида унинг шу номдаги асари асосида суратга олинган «У» фильми намойиши арафасида бутунжаҳон масхарабозлар ассоциацияси WCA вакиллари шу каби фильмлар туфайли ўз фаолиятларида қийинчиликларга дуч келаётганликларидан шикоят қилган.

Бир сафар Деннис Миллер ток-шоусида Кинг самолётда учишдан қўрқишини тан олади. Шу билан бирга, ёзувчи ҳалокатларнинг олдини олишга айнан қўрқув ёрдам беришини таъкидлайди. Телебошловчи истеҳзо билан: «Йўловчилар танасидаги зўриқиш ҳаво лайнерини қулашдан сақлаб қолса керак-да», — дейди. Аммо Кинг жиддий оҳангда давом этади:

«Самолётдан ўлгудай қўрқадиган уч-тўртта одам билан бирга учсангиз, у қуламайди. Учишдан қўрқадиган бирорта йўловчиси бўлмаган рейслардан қўрқиш керак. Самолёт ҳалокатлари айнан ўшаларни деб содир бўлади».

Сальвадор Дали

Сальвадор Дали

Фото: Getty Images / Терри Фитчерер

Рассом болалигидан бери чигирткалардан қўрқарди.

«Чигиртка! Энди унутдим деганингда рўпарангдан чиқиб қолади. Даҳшатдан титроққа тушаман. Бу яшил ҳашаротнинг оғир, бесўнақай сакраши мени мурдадек карахт аҳволга солиб қўяди. У мени бутун умр шайтон васвасаси каби таъқиб қилиб келмоқда, у мени азоблайди, ақлдан оздиради», — деб ёзади Дали ўзининг «Сирли ҳаёт» номли таржимаи ҳолида.

Болалигида Далининг бу фобиясидан хабардор бўлган дўстлари уни қўрқитиш имкониятидан, албатта, фойдаланардилар. Баъзан у ўзи томонга учиб келаётган ғижимланган қанд қоғози ёки нон бўлагини чигиртка деб ўйлаб, қочгани жой тополмай қоларди. Чигирткага йўлиқиб қолмаслик учун буюк сюрреалист қаҳвани ҳеч қачон майса устида ичмасди. Шунга қарамай, Дали асарларида чигиртка мавжуд.

Владимир Майаковский

Владимир Майаковский

Фото: Getty Images / Совфото

Владимир Майаковский 12 ёшида отаси қон заҳарланишидан вафот этади. Кейинчалик шоир «Мен ўзим» номли таржимаи ҳолида отаси қоғоз жузлаш (китоб варақларини жуз-жуз қилиб тахлаш ёки тикиш) билан шуғулланаётиб бармоғига игна санчилиши оқибатида шундай бўлганини ёзади.

Ўша воқеадан бошлаб, бутун умри давомида шоир мизофобия — зарарланиш ва ифлосланиш қўрқувидан азият чекади. Майаковский эшик тутқичларини яланг қўли билан ушламасди — фақат рўмолча ёки қўлқоп билан ушларди. Лиля Брикнинг айтишича, у доим ўзи билан совун идиш олиб юрган ва қўлини ҳар куни сон-саноқсиз марта ювган.

Майаковский бошқаларнинг стаканидан ҳеч қачон фойдаланмаган ва ҳатто жамоат транспортига чиқмаслик учун узоқ йўлни пиёда босиб ўтишга тайёр бўлган. Шоир билан яқин муносабатда бўлган Наталя Брюханенконинг эслашича, у бир сафар пастки қаватда венеролог шифокор яшашини айтиб, зинапоя панжарасини умуман ушламаслик кераклигини тайинлайди.

Уолт Дисней

Уолт Disney

Фото: Getty Images / Раймон Клебо

1928 йилда дунё нафақат энг машҳур мультфильм қаҳрамонларидан бири, балки Америка поп маданиятининг рамзи саналган Микки Маус билан танишди. Уни Уолт Дисней чизган бўлиб, кейинчалик айнан ўша сичқонча туфайли унинг мултипликация саноатида омади чопганини ўзи ҳам тан олади. Микки «туғилиши билан» дарҳол пул келтира бошлайди. 1929 йилдаёқ унинг сурати туширилган маҳсулотлар, 1930 йилда комикслар, уч йил ўтиб эса қўл соатлари сотувга чиққанди.

Лекин Уолт Диснейнинг ўзи сичқонлардан жуда қаттиқ қўрқарди. Дисней муваффақиятга эришгунига қадар гаражда фаолият юритган бўлиб, у ерга кемирувчилар тез-тез «ташриф буюриб» турарди. Микки эса унинг жон-у дили эди.

«Қизлар билан доим зерикардим. Мен ҳаётимда танишган ҳар қандай аёлдан кўра Микки Маусни кўпроқ севаман» — дейди таниқли мултипликатор.

Киану Ривз

Киану Ривз

Фото: Getty Images / Пошине

Профессионал актёр сифатида Киану Ривз «Матрица», «Тезлик» каби фильмларда бир қатор ёрқин ролларни ижро этган. Бироқ ўша фильмлардаги бир нечта хавфли саҳналарда иштирок эта олмаган. Шахсий ҳаётида севгилиси Женнифер Сайм билан юз берган автоҳалокатдан сўнг у қаттиқ тушкунликка тушиб қолганди.

Фақир одамларни кузатиб, у ҳаётнинг фақат қоронғи томонини кўрарди. Шуниси қизиқки, Кианунинг ўзи қоронғиликдан қўрқади. Ундан бу ҳақида сўрашганида ўзидаги фобияга кўпроқ фалсафий масала сифатида қарайди. Ахир у шунчаки ўлимдан қўрқиши мумкин-ку.

Мадонна

Фото: EPA

Мадонна — америкалик қўшиқчи ва шоу бизнес саноатида фаолият юритувчи энг ўзига ишонган поп юлдузларидан бири. У ҳатто ҳозирги 63 ёшида ҳам ўзидаги шижоат ва дадилликни йўқотмаган. Лекин бутун умри саҳна чироқлари ва шовқини ичида ўтган бу довюрак аёл ғайритабиий тарзда момақалдироқ ва чақмоқлардан қўрқади.

Жонни Депп

Жонни Депп

Фото: Reuters

Америкалик актёр ва продюсер нафақат актёрлик маҳорати, балки ўзи фильмларида синаб кўрган бир қатор образлари билан ҳам машҳур. Унинг Жек читтак, Эдвард қайчиқўл, Вилли Вонка каби қаҳрамонлари мутлақо ўзига хос ташқи қиёфага эга бўлишлари учун гримдан беармон фойдаланишади.

Аммо Жонни масхарабозлардан, асосан, уларнинг сохта табассуми ва бўялган юзи туфайли қўрқади. Унга макияж ортидан қандайдир сирли ва ёвуз нарса тикилиб тургандай туйилаверади. Қанчалик ғалати кўринмасин, у ҳақиқий ёвузликни қўрқитиш учун ўзини масхарабоз анжомлари билан ўраб олади.

Орландо Блум

Фото: Instagram / Orlando Bloom

«Узуклар ҳукмдори» «Кариб денгизи қароқчилари» каби фильмларда бир-биридан ажойиб ролларни ижро этган актёр Орландо Блум поркуфобиядан (чўчқалардан қўрқиш) азият чекади.

У Ева Грин билан биргаликда суратга тушган «Муқаддас замин» фильми суратга олинаётган вақтда актёр оддий чўчқадан қўрқиши тасодифан аён бўлиб қолади. Чўчқа қўраси ёнида бўлиб ўтадиган саҳналардан бирининг репетицияси пайтида бир ҳайвон панжара ичидан сакраб чиқади ва буни кўрган актёр даҳшатдан қотиб қолади. Жонивор ўз қўрасига қайтарилгач, Орландо Блумни тинчлантириш учун анча овора бўлишади.

Бундан ташқари, актёр чўчқа гўштига ҳам тоқат қила олмаслигини ва у сотиладиган жойларга яқин йўламаслигини айтади. Қизиқ, Голливуд уйларида митти чўчқаларни боқиб олиш одати урфга киргани Орландо Блум ҳаётига қандай таъсир қилган экан?

Тоби Магуайр

Тоби Магуайр

Фото: Getty Images / Тони Анн

Ўргимчак одам ролини ижро этган актёр Тоби Магуайр ўргимчаклардан қўрқишига (арахнофобия) нима дейсиз?

Сем Реймининг ушбу суперқаҳрамон ҳақидаги фильмини суратга олиш чоғида Тоби Магуайрни тунги қўрқинчли тушлар безовта қилади. У ўзининг қўрқуви ҳақида гапириб бериш ва шу орқали бироз енгил тортиш илинжида кўп вақтини психоаналитик қабулида ўтказарди.

Актёрнинг собиқ рафиқаси Женнифер Меерда ҳам худди шундай фобия бўлгани маълум. Магуайр турмуш ўртоғини ушбу мезон бўйича танламаган бўлса керак, албатта. Аммо улар биринчи учрашувда нима ҳақида гаплашишганини тахмин қилса бўлади.