Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида иштирок этиш учун Туркияга амалга оширган ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига ташриф буюрди. У ерда давлат раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреевни қабул қилди.
Шунингдек, Президент 12 ноябрь куни Истанбулда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳар икки давлат ўртасидаги келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқотда Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, давлат раҳбари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.
Бундан ташқари, саммит доирасида Туркий кенгаш котибиятининг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Венгрия, Туркманистон ва ташкилотнинг байроқлари кўтарилди.
Саммит доирасида Ўзбекистонда 2022 йилда Туркий давлатлар саноат ҳафталиги ўтказилиши ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 2022 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши эълон қилинди.
Саммитда савдо, инвестиция, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Унинг натижалари бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланган.
Изоҳ (0)