Доҳада 26 октябрь куни эрталаб Қатар Маслаҳат кенгашининг (Мажлис аш-Шўра) биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш октябрь бошида бўлиб ўтган илк парламент сайловларидан кейин бир палатали парламент вазифасини бажармоқда.

Фото: Reuters

Давлат тарихида биринчи марта сайлов йўли билан тузилган қонун чиқарувчи органнинг фаолиятини шахсан Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ат-Таний очиб берди. Ўз нутқида у содир бўлаётган воқеалар «тарихий лаҳза» эканини, чунки унинг мамлакатида «конституцияда белгиланган (давлатни шакллантириш) институтлар жараёни якунланганини» таъкидлади.

Қатарда қонун чиқарувчи ҳокимиятни тарихан амир амалга оширади. 1972 йилда Маслаҳат кенгаши — маслаҳат бериш функцияларига эга бўлган давлат органи ташкил этилди, унинг жами 35 нафар аъзоси амир томонидан тўрт йил муддатга тайинланди. Конституцияга мувофиқ, 2005 йилдан бошлаб Маслаҳатлашув кенгаши парламент сайловларидан кейин қонунчилик органи — бир палатали парламентга айланиши мумкин. Бир палатали парламент 45 нафар депутатдан иборат бўлади: шундан 30 нафари тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан сайланади, яна 12 нафар депутат амир томонидан тайинланади. Депутатлар ваколатининг муддати тўрт йил.

2 октябрь куни Қатар ахборот агентлиги хабар беришича, мамлакат тарихида илк бор Маслаҳат кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. Агентлик маълумотларига кўра, сайловларда 233 кишининг номзоди кўрсатилган, тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан тақсимланадиган 30 та ўриннинг барчасини эркаклар қўлга киритган. Сайловда иштирок этган 26 нафар аёл округларнинг бирортасига ҳам ўтмаган.