Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Эгамбердиева 25 октябрь куни муборак 59 ёшга тўлди. «Келинлар қўзғолони», «Темир хотин», «Армон» каби кўплаб фильмлардаги бетакрор роллари билан танилган актриса ҳар доим ёш ва хушбичим кўринади. Қуйида журналистларга деярли интервью бермайдиган Дилором Эгамбердиева ҳақида сўз юритамиз.

Фарғона водийсидан Москвага...

Дилором Эгамбердиева 1962 йили Фарғона вилоятида туғилган. Мактабда ўқиб юрган даврида Москвадаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)да ўқиш учун иқтидорли ёшлар орасидан танлаб олинади. У 9-синфни тамомлаб, Россияга кетади ва олий ўқув юртида Борис Чирковнинг актёрлик курсларида ўқийди.

Фото: Instagram

Талабалик пайтиданоқ кино оламига кириб келган актриса дебют ролини 1981 йил суратга олинган «Олтин жун» фильмида ўйнайди. Зуҳра исмли таржимон қиз ижроси унга кетма-кет лойиҳалар учун эшик очади. 1983 йилда «Уйғониш» ва «Ёлғиз» киноларида иштирок этади.

Фото: Instagram

Тўққиз йил умрини билим олиш мақсадида Москвада ўтказган Дилором 1983 йили институтни битиради ва Ўзбекистонга қайтади.

Машҳурлик олиб келган «Келинлар қўзғолони»

Она юртига қайтган Дилором ўз меҳнат фаолиятини «Ўзбекфильм» киностудиясида бошлайди. 1984 йили Мелис Абзалов режиссёрлигидаги «Келинлар қўзғолони» бадиий фильмида қатнашади. Картина 1985 йили экран юзини кўргач, у Нигора роли билан халққа танилади.

Фото: Instagram

«Съёмка жараёнида Дилбар опа Икромова билан гапимиз гапимизга тўғри келиб, жуда аҳил бўлиб кетгандик. Бўш қолдик дегунча бир чеккага ўтиб олиб, гапдан бўшамасдик. То ҳай-ҳайлаб чақиришмагунча бошқа нарса билан ишимиз бўлмасди.

Фото: Instagram

Бутун бошли қозон ағдарилиб, шўрва ер билан битта бўлибди-ю, биз билмабмиз. Суратга олиш бошланганида синчиклаб қарасам, косада лой, тош, гўшт, картошка ҳаммаси бор. Қозон ағдарилганда ердан сидириб, барчаси аралаш-қуралаш қайтариб олинган-да! Ўшанда шўрвани ҳеч қайсимиз ичмай, ўзимизни ҳудди шўрва ичаётгандай қилиб кўрсатганмиз.

Фото: Instagram

Рақс саҳнасига эса аэробикани таклиф қилганман. Ўша пайтларда ҳали аэробика бизгача етиб келмаганди. Мен яқиндагина Москвадан ўқишдан қайтган пайтим, у ерда аэробикага қатнашгандим. Кўрасиз, роса чиройли чиқади, шов-шув бўлади, деганман. Режиссёр эса ўйлаб ўтирмай, рози бўлган ва ундан ҳалигача миннатдорман. Унинг ўрнида бошқа режиссёр бўлганида, бадиий кенгаш билан маслаҳатлашиб кўраман, деган бўларди.

Фото: Instagram

Бу саҳна фильмнинг энг чиройли, энг кулгили саҳнаси бўлган. Тошкентда ҳали «гедри»лар йўқ эди, мен биринчи бўлиб шу рақс саҳнасида кийганман. Белимга салом қиладиган рўмолимни боғлаб олгандим...», — деган эди у интервьюларининг бирида.

Муваффақият қозонган кинолар...

«Келинлар қўзғолони»дан кейин «Ҳужум», «Покланиш» каби бир қанча киноларда суратга тушган актриса 1987- йили «Армон» фильмида Humoр қиёфасини гавдалантиради. Мазкур рол ҳам омадли чиқиб, унинг мухлислари сафини янада кенгайтиради. 1990 йили яратилган «Темир хотин»даги Аломат образини ёш-у кекса бирдек севиб кўради.

Фото: Instagram

Фото: Instagram

Дилором Эгамбердиеванинг фильмографиясида мувафаққиятли кинолар талайгина. Актриса Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам кўплаб кино ва сериалларда турли характердаги қаҳрамонларни талқин қилади.

Фото: Instagram

Хусусан, «Юлдузингни бер осмон», «Чол ва набира», «Ўлимдан кейинги ҳаёт», «Кўчанинг қуёшли томонида», «Мадина», «Муҳаббатимсан», «Гулчатой», «Барон» каби фильмларда суратга тушади. Бундан ташқари, «Қозоқфильм» ва «Тожикфильм» киностудияларининг қатор лойиҳаларида ҳам ўзига хос роллар ўйнайди.

Фото: Instagram

«Борига шукр, йўғига сабр қиламан»

1995 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланган Дилором Эгамбердиева телевидение ва интернет сайтларидаги лойиҳаларда деярли кўриниш бермайди.

Фото: Instagram

У журналистлардан ўзини олиб қочади, турли тадбир ва фестивалларда ҳам ОАВ вакилларининг саволларига жавоб бермайди. Шу боис унинг болалиги, ижодий фаолияти ва ҳаёти тўғрисида маълумотлар жуда кам.

Фото: Instagram

Дилором Эгамбердиева 1990 йилда турмушга чиққан ва қиз фарзанд кўрган. Умр йўлдоши эрта вафот этган. У қизини турмушга узатгач, жияни билан бирга яшайди. Аммо актрисанинг шахсий ҳаёти ҳар доим омма учун сирли бўлиб келган.

Фото: Instagram

У интервьюларининг бирида «Босиб ўтган йўлингиздан қониқасизми?», деган саволга шундай жавоб берган:

«Ҳаётдан кўп нарса истаймиз. Лекин мен борига шукр, йўғига сабр қиладиган инсонман. Бошқаларнинг ҳаётида содир бўлаётган ишларга бир эътибор қилинг: ғийбатларга қулоқ тутманг, беморларни, ногирон болаларни кузатинг. Нақадар аянчли...

Фото: Instagram

Ҳайит арафасида онамнинг қабрини зиёрат қилгани бордик, қўйилганларига чамаси икки ойча бўлганди. Шу вақт мобайнида қабрлар олтмиш биттага кўпайибди... Музлаб кетдим. Қанчалик оғир бўлмасин, шукроналик ҳисси билан яшаш учун баъзан шундай жойларга бориб туриш керак, шекилли...»

Фото: «Дарё»

Актриса бугунги кунда ҳам фаолиятини Тошкентда давом эттириб, фильм ва сериалларда суратга тушмоқда, кино соҳасига оид тадбирларда иштирок этмоқда.

Миролим Исажонов тайёрлади