24 октябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев икки кунлик давлат ташрифи билан Туркманистонга келди. Бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот котиби Берик Уалига таяниб, «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: Facebook

Аэропортда Қозоғистон раҳбарини Туркманистон бош вазирининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов кутиб олган. У ердан Тўқаев ва кичик Бердимуҳамедов музокаралар олиб бориш учун «Оғузкент» меҳмонхонасига йўл олган. Учрашувда қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида на туркман, на қозоқ матбуот хизматлари хабар берган.

Фото: Facebook

Шундан сўнг Қозоғистон президенти Ахалтеке от спорти мажмуасига борди, уни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди.

Бу ерда меҳмонга Туркманистон раҳбарининг отлар коллекцияси таништирилиб, чавандозлар томошаси намойиш этилди. Туркманистон давлат ахборот агентлигининг ёзишича, дастурнинг диққатга сазовор жойи отларнинг санъаткорлар билан биргаликда ижро этган куштдепди рақси бўлди.

«Бу ёрқин, ўзига хос от спорти намойиши мамлакатимизнинг ҳурматли меҳмонида чиндан ҳам ҳайратланарли таассурот қолдирди», — дейилади агентлик хабарида.

Фото: Facebook

Тадбир сўнгида Гурбангули Бердимуҳамедов қозоғистонлик ҳамкасбига Ахалтеке зотли Ганатли отини совға қилди. Ахалтеке отлари халқаро  ассоциацияси ва «Туркман алабайи» халқаро ассоциациясига раҳбарлик қилаётган Сердар Бердимуҳамедов эса Бовсер лақабли този ит совға қилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Туркманистон президенти Татаристон раҳбарига алабай зотли кучук боласини совға қилганди, 2017 йилда эса Ўзбекистон президентига Ахалтеке учқур отини ҳадя этган.