Серқирра ижодкор: сўз устаси, актёр, хонанда ва режиссёр сифатида халқ қалбидан муносиб жой олган Обид Асомов 22 октябрь санасида таваллуд топган. Қуйида марҳум сўз устасининг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

«Мактабда ҳам сергап бўлганман»

Обид Асомов 1963 йили Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида дунёга келган. Оилада тўрт фарзанднинг иккинчиси бўлган Обид 8 ёшидан мактабга боради.

Фото: Instagram

Дадаси бир умр темир йўл соҳасида ишлаган. Санъаткор интервьюларининг бирида падари бузруквори билан боғлиқ болалик хотираларини ёдга олиб, шундай дейди:

«Отам оилани боқаман, деб ўнинчи синфни битирибоқ ишга кириб кетган. Темир йўлда ишларди: беш кун йўлда, беш кун уйда бўларди. Тошкент-Москва-Тошкент поездида проводник эди. Дадам вагонларда ташлаб кетилган газета-журналларни ахлатга ташламай, уйга олиб келарди. Рус тилидаги бир қанча машҳур нашрларни ўқиб, катта бўлдик. Рус тилини яхши билишимнинг сабаби ҳам шунда. Лекин ўзбекча мактабда ўқиганман, боғчам ҳам ўзбекча эди.

Конкида учиш, ланка ўйнаш, варрак учириш севимли ўйинларим бўлган. Катта бўлгунимча «Школник», «Весна», «Кама», «Орлёнок» велосипедларини минганман. Уйимизга бир қадам бўлган Комсомол кўлида ўтган кунларим ҳам ҳеч эсимдан чиқмайди. Бола бўш юриши керакмас, дерди отам. 4-синфгача болалик – пошшолик давримиз бўлган.

Фото: «Дарё»

Мактабда фақат «беш»га ўқиганман. Саккизинчи синфгача ҳеч қайси фандан бирорта ҳам «тўрт» олмаганман. Ўша пайтларда ҳам жуда сергап бўлганман. Биринчи ўқитувчим Шарифа опа Турдиева ота-оналар мажлисида Асомовда ҳаммаси «беш», фақат оғзи тинмайди, деб арз қиларди».

Москвага ўқишга киролмаган ёш рассом

Кичкиналигидан расм чизишга қизиққан Обиднинг бу қобилияти қўшниси сабаб юзага чиқади. Аниқроғи, «Тангалик болалар», «Абдуллажон», «Алибобо ва қирқ қароқчи» каби фильмларда постановкачи рассом бўлган Садриддин Зиёмуҳамедовнинг ижодхонаси уни ҳар доим ҳайратлантиради.

Фото: Instagram

«Садриддин аканинг ўғли Фаҳмиддин мен билан ўқиган, болаликдаги ўртоғим эди. У оператор бўлиб етишди. Болалигимда уларнинг уйига кўп кирардим, Садриддин аканинг расмларини кўриб, ижодхонасига кирганда ўз-ўзимдан расм чизишга қизиқиб қолдим. 3-синфда ўқиб юрган кезларимдан чиза бошладим.

Дадам ҳаракатимни кўриб, Республика пионерлар саройига олиб борди. Зоя Абурская исмли кекса аёл раҳбарлик қиладиган тасвирий санъат тўгарагига қатнай бошладим. Саккизинчи синфни битиргунга қадар шу соҳага қаттиқ берилдим. Кейин Виталий Жданов деган рассомдан ҳам уйига қатнаб, билмаганларимни ўргандим. Икки жойда дарс олиб, Бенков номидаги республика рассомлик билим юртига яхши тайёрландим. 8-синфни битиргач, билим юртига ўз кучим билан ўқишга кирдим.

Фото: «Дарё»

У ерни қизил диплом билан тамомлаб, Москвадаги Суриков номидаги бадиий академиянинг ранг-тасвир йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Аммо имтиҳондан ўта олмадим ва Тошкентга қайтиб келдим», деган эди актёр.

Ўқишни ташлаб кетган бўлажак актёр

Ота уйига қайтган Обид бир йилдан кейин Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти – таҳр.)нинг графика факультети талабасига айланади.

Фото:  Instagram

«Бешинчи курсга ўтганимизда режиссёр Латиф Файзиев ҳинд режиссёри Умеш Меҳра билан ҳамкорликда «Овчи» деган кино оладиган бўлди. Институтимизга келиб, ролларга мос тушадиган одам қидиришди. Мени ёқтириб қолиб, «Ўзбекфильм»га чақиришди. Бордим, кийинтиришди, расмга олишди. Уч-тўрт кундан кейин уйга телефон бўлди: «Фотосиновдан ўтдингиз, зудлик билан ҳужжат топширинг, Ҳиндистонга кетасиз». Ҳайрон бўлдим.

Деканимиз қабулига кириб, вазиятни тушунтиришга уриндим. Лекин улар фикрларимга қарши чиқиб, мени олиб қолиш ниятида розилик бермади. Охири ариза ҳам ёзмай, шартта кетдим. Нақ йигирма беш кун Ҳиндистонда бўлдик. Катта лойиҳа эди. Москва, Рига, Юрмалада съёмкалар бўлди. Ўша йиллардаги ҳинд киносининг бош юлдузи - актёр Митхун Чакраборти ва таниқли продюсер Умеш Меҳра билан учрашдим. Кинога тушдим, ўхшади. Кино ҳам зўр чиқиб, муваффақият қозонди.

Фото: Instagram

Пойтахтга келгач, мени «Ўзбекконцерт» ишга чақирди. Яна бир-икки кинога таклиф этишди, телевидениедаги кўрсатувларга ҳам. Ҳазил-ҳазил билан артист бўлиб қолдим. Ўз-ўзидан рассомлик иккинчи планга ўтиб қолди», деб ўша дамларни ёдга олганди у.

«Кўзгу»дан «Обид-А»га...

Бир қанча кинолардаги роллари билан одамлар назарига тушган Обид Асомовни аста-секин тўй-тадбирларга бошловчилик қилишга ҳам таклиф этишади. Шу орқали у ўзидаги яна бир қиррани шакллантириб боради. Вақт ўтган сари кичик-кичик давраларда қизиқчилик санъати билан шуғуллана бошлайди. У «Шунчаки ҳазил» кўрсатувида ғийбатчи ролини ўйнагач, шуҳрат қозонади.

Фото:  Instagram

90 йиллар бошида акаси Собит Асомов, ҳамкасблари: Тўхтамурод Азизов, Ботирхўжа Муҳаммадхўжаев ва Мирзабек Холмедов билан биргаликда «Кўзгу» театрини ташкил қилишади. Бу жамоа қисқа вақт ичида халқ кўнглига кириб боради ва тан олинади. «Халқлар дўстлиги» санъат саройида ўн кунлаб икки сеансдан концерт дастурини ҳам тақдим қилишади.

Фото: Instagram

«Кўзгу»да бир неча йил ижод қилган Обид Асомовнинг 1993 йили орзуларидан бири ушалади: у шогирдларини жамлаб, «Обид-А» театрини тузади. Ушбу ижодий гуруҳ ҳам тез орада эл эътиборини қозонади. Кейинроқ «Обид шоу», «Тўйлар муборак», «Қовун тушди» каби муваффақиятли лойиҳалар яратилади.

Саҳна ва кинодаги муваффақиятлар

2000 йилда Обид Асомовнинг ижодий фаолиятида кескин бурилиш кузатилади. Устазода санъаткор Фарруҳ Зокиров уни «Ялла» гуруҳининг Германия бўйлаб гастрол сафарига бошловчилик қилишга ўзи билан олиб кетади. Юморист-бошловчи бир ой давомида Германиянинг ўттизга яқин шаҳрида бўлади.

Фото:  Instagram

Худди ўша йили машҳур комик Евгений Петросян ўзбек қизиқчисига ҳамкорлик таклифини билдиради. Шундан кейин Обид Асомов Россия телевидениесида пайдо бўлади. «Қийшиқ ойна» телекўрсатуви ҳамда рус ва ўзбек киноларидаги иштироки уни янада машҳур қилади.

«Тоҳир ва Зуҳра янги талқин», «Дев билан пакана», «Пўшт арава», «18-квадрат» каби фильмларда турли характердаги қиёфаларда намоён бўлади. «Уйда ёлғиз», «Мадагаскар» сингари хориж кино ва мультфильмларининг ўзбек тилидаги дубляж жараёнларида қатнашади.

Кутилмаган «запрет»

Қизғин ижод қилаётган Обид Асомов 2011 йили Ўзбекистонда тақиққа учрайди. У телевидение ва радиоларда «қора рўйхат»га тушади, унинг иштирокидаги фильмлар эфирга узатилмайди, концерт ва турли тадбирларда қатнашиши чекланади, ИИВ ансамблидаги фаолиятига нуқта қўйилади.

Шундай бўлишига қарамай, у ижод қилишдан тўхтамайди, тўйларда хизмат қилади, дунё кезади...

Фото: Instagram

«Нима сабабдан «запрет»га тушганимни ҳалигача билмайман. Менинг танқидларим тўғри жойга етиб боргани учун кимгадир ёқмай қолганман ва мени кўрсатгиси келмаяпти, бор гап шу холос. Агар айбим бўлса, тан олардим. Лекин айбим йўқ.

Тақиққа учраганимдан сира сиқилмайман. Худога шукр қиламан, балки бу ҳам ижодкорга керакдир. Бундай танаффус янада ижод қилишга ва аввалги ижод маҳсулларингизни таҳлил қилиб, хулоса чиқаришга ундаса керак», деганди Обид Асомов 2017 йил бошларида берган интервьюларининг бирида.

Фото: Instagram

2017 йилнинг ярмида Обид Асомовдан барча тақиқлар олиб ташланади. У телеканалларда кўриниш беради, 2010 йилда ўзи суратга олган «Ада эмас, дада» фильмининг тақдимотини ўтказади.

Фото: Instagram

2018 йилнинг май ойида «Ўзбекфильм» қошидаги «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори лавозимига тайинланади.

Фото:  Instagram

Обид Асомовнинг оила аъзолари ва ҳамкасбларининг бир қанча интервьюларда айтишича, унинг «запрет»га тушишига Россиядаги омадли лойиҳаларда қатнашиб, катта саҳналарга чиққани сабаб бўлган.

Шахсий ҳаётда ҳам омадли актёр

Шахсий ҳаётида ҳам омади кулган ижодкор уч қиз ва бир ўғилнинг меҳрибон падари, ўнлаб набираларнинг севимли бобоси эди. Фарзанду неваралари тўғрисида доим мамнуният ила гапирарди.

Фото: Instagram

«Қизларимни ёмон тарбия қилмадим, деб ўйлайман. Худога шукр, ҳеч бири ҳақида салбий фикр эшитмадим. Тарбия усулига келсак, мен шунчаки, эскиларнинг гапига қулоқ тутдим. Отам бизга қўллаган тарбиясини, фарзандларимга сингдирдим. Яъни ўзим ҳеч қачон қизларимга дашном бермаганман. Онаси орқали эътирозларимни етказардим, шунинг ўзи етарди.

Фарзанд тарбиясида ортиқча эрка-тантиқликка йўл қўймаслик керак. Ҳақиқий ёшим нечада эканини унутганман. Назаримда, 30-35 ёшлардаман (кулади). Бунга бола билан бирга болага айланиш қобилиятим ҳам борлиги сабаб бўлса керак. Набираларим уйга келса, умуман бошқа одамга айланиб қоламан. Болаларга мўлжалланган қурилмаларни бирга ясаймиз, ҳовузда бирга чўмиламиз, ҳатто от бўлиб ҳам бирга чопамиз (кулади). Нима сўрашса, ҳаммасини бажаришга тайёрман. Албатта, керак пайти дакки ҳам бераман. Буни ўзлари ҳам яхши билишади», деган эди.

Фото:  Instagram

Марҳум сўз устасининг рафиқаси Дилфуза Асомова яқинда YouTube’даги Chotki TV каналига берган интервьюсида турмуш ўртоғининг иккинчи аёлидан бўлган ўғил фарзанди ҳақида гапирди.

«Обид акам келин туширишни орзу қилардилар. Яширмайман, иккинчи оилалари бўлган, ўғил фарзандлари бўлган. У ўғил шу ерда катта бўлган, Худога шукур. Шу ўғилни уйлантирмоқчи бўлганлар. Бўлажак келин яхши, инсофли, диёнатли, иймонли, эътиқодли, ўзига ўхшаган жайдари бўлсин, дердилар.

Лекин Дилфуза, қиз тарафдан ҳеч нарса олмаймиз, мен қизларга қилавериб чарчадим. Келиндан битта нарса олмайман, битта жон оламан, мол олмайман. Молнинг кераги йўқ, ўғлимнинг пешонасига берсин, ўзи меҳнат қилиб қадрига етади. Агар ҳамма нарсани тўла-тўкис қилиб берсам, унда қадрига етмайди, дердилар.

Фото: «Дарё»

Фарзандларимизнинг ҳаммасини олий маълумотли қилганлар. Катта қизим шарқшунослик институтида, иккинчи қизим фармацевтикада ўқиди, учинчи қизим тўқимачиликда дадасига ўхшаб дизайнер бўлмоқчи бўлди.

Обид акам топган пулларини шу бугун учун ишлатар эдилар. Ҳеч қачон йиғиб қўйган инсон эмасдилар. Боқувчилари, етимлари кўп бўлган. Тўғрисини айтаман, машинамни сотиб, ўғилларини уйлантириб қўйдим. Боланинг бошини иккита қилиб, отасининг васиятини адо этдим», деган Дилфуза Асомова.

Фото: Instagram

2018 йилнинг 11 декабрида юрак хуружи билан касалхонага ётқизилган Обид Асомов ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, 14 декабрь куни вафот этган.

55 ёшида оламдан ўтган актёрнинг севимли машғулоти қуш боқиш бўлган. Коллекциясидаги мавжуд тўтиқушнинг йигирмадан ортиқ зотини боқишни жуда яхши кўрарди.

Сўз устаси кўплаб ўзбек ва дунё машҳурлари билан дўстона муносабат ўрната олган. Айниқса, ўзбек примадоннаси Юлдуз Усмонова иккиси қалин дўст бўлишган. Бу таниқли санъаткорлар турли давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, концерт дастурлари қўйишган, тўйларда ҳам бирга хизматга қилишган.

Қизиқчи Обид Асомов учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени қизи Наргиза Эргашевага топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

1996 йил Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олган Обид Асомов вафотидан кейин, яъни 2021 йилда «Фидокорона хизматлари учун» орденига лойиқ кўрилди.

Муаллиф:Миролим Исажонов