19 октябрь куни соат 18:30 лар атрофида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани «Истиқлол» МФЙда яшовчи фуқаро ўзининг танишлари билан туман тиббиёт бирлашмаси врач акушер-гинекологи У.Х.ни калтаклаган. Бу ҳақда «Дарё»га шифокорнинг яқинлари маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Таъкидлашича, 28 ёшли Д.Э. ва унинг бир гуруҳ танишлари туғуруқ мажмуасига маст ҳолатда келиб, жамоат тартибини бузган. Шунингдек, туғуруқ мажмуасида даволанаётган хаста ҳомиладор аёллар, шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларини ҳақоратлаган, ходимлар иш фаолиятига тўсқинлик қилиб, тўполон кўтарган.

«Мен уларга шовқин солмасликни, бўлимда оғир касаллар ҳам борлигини, шифокорларни ҳақорат қилмасликларини айтдим. Аниқроғи, уларни тинчлантирмоқчи эдим. Аммо улар мени туғуруқхона эшигидан судраб чиқиб, эгнимдаги махсус иш кийимларимни йиртиб, дуч келган жойимда дўппослади», — дейди жабрланувчи шифокр У.Х.

Шифокор У.Х.нинг айтишича, Д.Э. ва унинг шерикларига қонуний чора кўришни сўраб Пайариқ туман прокуратурасига мурожаат қилган.

Аввалроқ Жиззахда ҳамшира калтаклангани, Фарғонадаги туғуруқхонада шифокорнинг сочидан тортиб судраган шахс ушланиб, жиноят иши қўзғатилгани, Наманганда иссиғи кўтарилганидан шикоят қилиб келган ака-укадан COVID-19 га чалинмаганини билмоқчи бўлган шифокор аёвсиз калтаклангани тўғрисида хабар берилганди.