КХДРда 10 октябрь куни Меҳнат партияси ташкил қилинганига 76 йил тўлгани муносабати билан ташкил қилинган яна бир тантанали маросимдаги суратлар Ғарб ОАВни ўзига жалб этди. Суратларда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Корея халқ армияси офицерлари ҳамда ҳарбий кийимда эмас балки Marvel ёки DC комиксларидаги каби суперқаҳрамонлар кийимини кийган киши билан бирга тургани акс этган. Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар бу нотаниш кишини «КХДР капитани» деб аташга ҳам улгурди, кимдир эса сурат «фейк» бўлиши мумкинлигини тахмин қила бошлади, сабаби ўзгача либос кийган ушбу одам расмий кийимда турган ҳарбийлар фонида жуда ғалати таассурот қолдирган. Meduza КХДРдаги ҳарбий парашютчиларнинг янги формаси баҳонасида мамлакатдаги ҳарбий мундирлар тарихи ва Ким Чен Ин бу борада олиб бораётган ўзига хос сиёсат ҳақида маълумотларни тақдим этди.

Ким Чен Ин ва ҳарбийлар Пхеньянда бўлиб ўтган қуроллар кўргазмасида. 2021 йил 12 октябрь

Фото: Reuters

Бу «фейк» эмас

Бунга КХДР Меҳнат партиясининг расмий газетаси ҳисобланувчи «Нодон Синмун»нинг расмий сайтига кириб ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ноодатий кийинган эркак Корея халқ армиясининг ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилувчи парашютчи аскар. Партия юбилейига бағишланган мақолада (ўзгача формадан фарқли равишда ушбу мақоланинг эълон қилинган санаси қалбакилаштирилган) «Нодон Синмун» таҳрирриятининг вакиллари, жумладан, тахминан шундай матнни ёзган: «Қувончли октябрь осмонидаги уфқ чизиғида Партиянинг қизил рамзи порлади, бу парашютчининг ўзига хос маҳорат намунаси».

Парашютчи давлат пропагандасининг юқори баҳосини олгани туфайли КХДРнинг «олий раҳбари» билан бирга суратга тушиш шаклидаги юқори даражадаги мукофотга лойиқ кўрилган. Шимолий Кореяда бундай сурати бор одамлар расман оддий фуқародан ижтимоий иэрархиянинг юқори лавозимига муносиб амалдорига айланишга жуда яқин келади.

Партия газетасига жуда маъқул келган ва улар роса мақтаган парашютчи осмонга олиб чиққан партия рамзи

Фото: КХДР марказий телевидениеси

Парашютчилар Шимолий Корея телевидениесида илк бор бундай ноодатий либосда кўриниш бераётган йўқ. Масалан, сентябрда Марказий телевидение Ким Чен Иннинг парашютчилар билан сўрашаётгани ҳақидаги лавҳани эфирга берган.

Фото: КХДР марказий телевидениеси

КХДР байроғи рангларидаги мазкур ҳарбий кийимнинг пайдо бўлиши Ким Чен Иннинг шахсий ташаббуси асосида амалга ошгани тахмин қилинмоқда.

Тарқалган маълумотларга кўра Шимолий Корея армиясида ҳарбийлар формасини ўзгартириш энг юқори даражадаги санкциялар асосида амалга ошади. Бу ҳақда КХДР ҳақидаги энг қизиқарли ҳужжатли фильмлардан бири ҳисобланган — «Қўмондон ота доим Халқ армияси жангчилари билан бирга туради» деб номланган асарда (айни вақтда фильм КХДРдаги барча интернет-платформаларидан ўчириб ташланган, бунга фильм орқали хориж разведкасига ахборотлар ошкор бўлиш хавфининг мавжудлиги сабаб бўлган) маълумотлар берилган. Фильмда 1980 йилларда мамлакат ҳозирги раҳбарининг отаси Ким Чен Ирнинг унга тақдим қилинган ҳарбий формалар шаклини кўриб чиқаётгани (баъзида олий раҳбар учун модель вазифасини бажарган эркак ушбу намуналарни кийиб «доҳий»га намойиш этган) тасвирланган. Ким Чен Ирнинг диди анча нозик бўлган — унга тақдим қилинган мундирлар намуналарининг катта қисми якунда тасдиқдан ўтмаган.

Шимолий Корея ҳарбийларининг униформасига қараб туриб ҳам мамлакатдаги ички ҳолатдан муайян чизгиларга эга бўлиш мумкин эди. Масалан, Ким Чен Иннинг бобоси Ким Ир Сен 1954 йилда Кремль етакчиси вафот этганидан кейингина худди Сталиндек маршаллар погони тақишни бошлаган. КХДР Собиқ Иттифоқ таъсир доирасидан чиққанидан сўнг, яъни 1957 йилда олий қўмондонлик таркибидаги погонлардан «советлар»га хос лангарли юлдузлар йўқолиб қолди. Мазкур юлдузлар 1950 йиллар бошида мамлакат олий ҳарбийлари учун мажбурий рамзлардан бири эди.

Голливуд блокбастерларидаги қаҳрамонларни эслатувчи ушбу парашютчилар кийими КХДРда қандайдир ўзгаришлар бўлишини англатадими?

Катта эҳтимол билан ундай эмас.

Албатта форманинг суперқаҳрамонларга хос дизайни 10 йил олдин Шимолий Кореяда янги етакчи пайдо бўлганидан кейин мамлакатда янги ислоҳотлар амалга оширилиши ҳақида умидлар учқунлай бошлаганини ёдга солади. Бироқ кейинги йиллардаги ҳаёт бу борада оптимизмга ўрин йўқлигини, Ким Чен Ин раҳбарлигининг биринчи йилларидаги ёрқин ҳаракатлар, етакчининг концертларда Микки-Маус либосини кийган актёрлар билан чиқиши техно услубидаги мусиқалар янграйдиган концертлар шунчаки қилинган завқланиш ишлари бўлиб қолиб кетди.

Аксинча Ким Чен Ин ҳарбийлар либосини ўзгартиришга қизиқиб, раҳбарлигининг бошланишидаги қайта ислоҳот ўтказиш фикридан чекинди, асосий эътиборни стратегик қуролларни янада ривожлантиришга, кейин эса очиқдан очиқ ўзи бир вақтлар илгари сурган ташаббусларига қарама-қарши йўналишлардаги ислоҳотларга ўтиб кетди. Ушбу ўзгаришларнинг айримлари фақат ҳарбийларни қайта кийинтиришдан иборат бўлмай амалий аҳамиятга ҳам эга эди — масалан, Жанубий Корея билан чегара ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда камуфляж формасида хизматни ўташ бошланди. Бундай форманинг фақат жанубликларда борлиги шимолликларни ҳасадда ёндирар, рақиб томонни устунроқдек кўрсатар эди.

Ким Чен Ин ва тантановор либоснинг турли шаклларида кийинган КХДРнинг энг юқори лавозимдаги офицерлари Меҳнат партиясининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган парадда. 2020 йил 11 октябрь

Фото: AFP

Бироқ бу каби ишларнинг деярли ҳаммаси киши кўзи учун яъни мамлакат раҳбарини қувонтириш учун амалга оширилган. Ким Чен Ин бошқаруви даврида олий қўмондонлик таркибининг бир неча турдаги тантановор либослари пайдо бўлди. Ёш раҳбар ўзининг КХДР маршали погонида ҳам ўзгаришлар қилди. Унинг елкасидаги погон – отаси ҳамда бобосининг генералиссимус ҳарбий унвонидаги каби кўриниш олди. Ким Чен Ин учун отаси Ким Чен Ир билан мусобақалашиш ундан кейин нималарнидир исботлашга уриниш ҳаракати раҳбар фаолиятини характерлайди.

Ким Чен Ин Корея халқ армиясининг стратегик кучлари қўмондонлик пунктини кўздан кечирмоқда. 2017 йил 14 август

Фото: KCNA

Ким Чен Ин ва ҳарбий аёллар. 2019 йил 25 ноябрь

Фото: AP Photo

Шунга қарамай Корея халқ армиясининг асосий либоси 1943 йилдаги Қизил армия қўшини ҳарбий формасининг бир шаклидек таассурот қолдиради. Совет Иттифоқи маъмурияти 1940 йилларда Шимолий Кореяда ҳарбийларнинг шундай формада юриши бўйича анъанани жорий этганди.