Самарқанд халқаро аэропорти 2021 йил 20 октябрдан 20 ноябргача янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик ишлари муносабати билан парвозларни вақтинча тўхтатиши тўғрисида хабар берилганди. «Ўзтемир йўлйўловчи» АЖнинг маълум қилишича, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Қарши—Самарқанд—Қарши йўналишида «Афросиёб» замонавий поезди қатнови йўлга қўйилади.
«Самарқанд халқаро аэропортининг вақтинчалик ёпилиши муносабати ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиб, кўпроқ транспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида 2021 йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар Қарши—Самарқанд—Қарши йўналишида 772/771-сонли ‘Афросиёб’ замонавий поезди қатнови йўлга қўйилади», — дейилади хабарда.
Ҳаракат жадвалига кўра, бир ой мобайнида Қарши—Самарқанд йўналишида ҳаракатланадиган 772-сонли «Афросиёб» замонавий поезди ҳар куни соат 12:20 да Қарши темир йўл вокзалидан, Самарқанд—Қарши йўналишида ҳаракатланадиган 771-сонли поезд эса ҳар куни соат 14:30 да Самарқанд темир йўл вокзалидан қатновини амалга оширади.
Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан олиш мумкин.
Аввалроқ «Афросиёб» поездининг янги таркиби Тошкентга етиб келгани, Навоий—Бухоро йўналишида «Афросиёб» поездлари учун қўшимча йўл қурилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)