Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс йўл ҳаракати қоидабузарликларини тасвирга олиб, ички ишлар органларига жўнатмоқчи бўлган фуқарони «самосуд» қилишга урингани акс этган видео тарқалганди. «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» информацион дастурида маълум қилинишича, ҳуқуқбузарлик содир этган мазкур шахс ва унинг шериклари жавобгарликка тортилган.
Маълум қилинишича, видеодаги воқеа 1 октябрь куни соат 17:00 да Учтепа тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида, «Ўрикзор» бозори яқинида содир бўлган. Ҳуқуқбузар 1996 йилда туғилган Х.Э. экани аниқланган ва Учтепа тумани ИИО ФМБ 3-сонли ички ишлар бўлимига етказилиб, у билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Маълум бўлишича, жабрланувчи қоидабузарлар иддао қилганидек фотоларни йиғиб, ЙПХ ходимларига жўнатиш билан шуғулланмаган, унинг бундай ишга алоқаси йўқ. Кейинроқ Х.Э. ҳолат учун фуқародан узр сўраб, видеомурожаат қилганди. «Тушунмовчилик бўлиб, видеода айтган гапим нотўғри, акамиз ундай инсон эмас экан. Ўзларидан ҳам узр сўрадим», — деган ҳуқуқбузар.
Тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан кўриб чиқилган. Суд қарорига кўра ушбу фуқаро Х.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига биноан айбдор деб топилган ва унга жарима ҳамда 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, ҳолатни тасвирга олган ва «самосуд» пайтида Х.Э.нинг ёнида бўлган икки шериги ҳам жаримага тортилиб, 10 суткага қамалган.
Аввалроқ Тошкентда қоидабузар ҳайдовчиларни суратга олиб, ИИБга жўнатгани айтилган фуқаро билан жанжаллашган шахслар қидирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)