Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда Афғонистон чегарасидаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтган. Бу ҳақда Telegram’даги «Микрофон кўтарган аёл» канали хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Эрталаб туриб Ўзбекистон-Афғонистон чегараларида нима бўлди, деб сўрайман. 30-40 дақиқа менга чегараларимиздаги вазият ҳақида хабар беришади. Янги раҳбарлар билан музокара олиб боряпмиз. Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди. Жафокаш афғон халқига қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз.

Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин. Мен лавозимга келганимда 57 фоиз чегарамизда муаммолар бор эди. Қўшни мамлакатлар билан музокаралар ёрдамида уларнинг аксариятини ҳал қилдик», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон Президентига афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирганди. «Толибон» расмийси Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги ҳам айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида Афғонистондаги вазият, «Толибон» билан олиб борилаётган мулоқот ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди. «Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, мулоқотга киришишга тайёрман», — деган эди ўшанда Президент.

Изоҳ
Асосий янгиликлар