АҚШ Афғонистонга коронавирусга қарши вакцина етказиб беришга тайёрлигини билдирган, бу ҳақда «Толибон» ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи мулла Амирхон Муттақий Доҳада Америка делегацияси билан учрашувдан кейин маълум қилди, деб ёзади «РБК».
Муттақийнинг сўзларига кўра, афғон делегацияси музокаралар чоғида гуманитар масалаларга ҳамда «Толибон» ва АҚШ ўртасидаги шартнома низомларининг амалга оширилишига эътибор қаратган, ушбу битимга мувофиқ АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини тўлиқ олиб кетиш мажбуриятини олганди. Бундан ташқари, «Толибон» вакиллари америкалик дипломатлардан Афғонистон Марказий банки захираларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлашни сўраган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Афғонистонда 8 октябрдан олдинги бир кеча-кундузда 47 киши коронавирусга чалинган, бир киши вафот этган. Бутун пандемия даврида касалланганлар сони 155,42 мингдан ошган. Бу вақт ичида мамлакатда 7221 та ўлим қайд этилган. 1,5 миллиондан зиёд одам тўлиқ эмланган.
Аввалроқ «Толибон» ва АҚШ ўртасида музокаралар ўтказилиши ҳақида Associated Press иккала томон мансабдорларига таяниб хабар берган эди. Бу Афғонистонда август ўрталарида ҳокимият тепасига толиблар келганидан буён икки делегациянинг биринчи учрашувидир. «Толибон» вакили Суҳайл Шоҳин томонлар ўтган йили имзоланган тинчлик битимини қайта кўриб чиқишни режалаштираётганини айтганди.
Гап ўтган йили февралда тузилган келишув ҳақида бормоқда. Унга кўра, америкаликлар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди, ўша вақтда амалда бўлган Афғонистон расмий ҳукумати эса БМТ Хавфсизлик кенгаши билан толибларни санкция рўйхатидан чиқариш бўйича музокаралар олиб бориши керак эди. Вашингтон ҳам толибларга нисбатан санкцияларни бекор қилишга ваъда берганди. АҚШ, шунингдек, Афғонистон ички ишларига аралашмасликни зиммасига олганди.
«Толибон» ўз навбатида Афғонистон ҳудудидан ҳужумлар учун фойдаланмаслиги керак эди.