Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 октябрь куни Кобулда толиблар ҳукуматининг ташқи ишлар вазири билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди. ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, вазир бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Фото ТИВ расмий вакили

Учрашувда Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари А.Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этган. Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амирхон Муттақий билан алоҳида музокаралар олиб борилган.

Хабарда айтилишича, томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото ТИВ расмий вакили

Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.

Афғонистон томони Ўзбекистон Президентининг Афғонистон янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорловини юқори баҳолади.

Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон—Афғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларни, жумладан, Сурхон—Пули—Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олди.

Фото ТИВ расмий вакили

Музокаралар давомида Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги ҳам билдирилган.

«Афғонистон томони ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.

Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди», — дейилади ТИВ хабарида.