1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.
Тил ва эл ули ёхуд қақраган тилга тириклик суви
Нақл қилишларича, асримиз бошларида бизнинг Қорачиқ қишлоғимизда тили чучук одам бўлган экан («с»ни айтолмас экан). Ўша одамнинг болаларини мактабдошлари «Сенинг отанг соқов», дея масхаралайверганларидан кейин кунлардан бир куни улар отасининг қошига келиб хархаша қилишибди: «Нега соқовсиз, бизга тенгдошларимиз кун бермаяпти». Ўшанда бу бедодликдан аччиғи чиққан тажангроқ ота болаларига «қозоқнинг тўққиз пулидек» тушунарли, лўндагина «бир сўз» дебди: «Дод дешангам отанг бўламан, войдод дешангам отанг бўламан».Бу гап учун тили чучук отани айблаб бўлмайди, албатта. Ҳар қалай, шундай дейишга маънавий ҳаққи бор унинг! Бироқ шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида аслида тўтидек тилсиз, ҳаккадек қўнимсиз не-не шахсиятпараст-у шуҳратпарастлар, биз дод десак ҳам, войдод десак ҳам: «Мен халқнинг отасиман!» дея оёқ тираб туриб олишди. Отабекни яратган Жулқунбой ва Ота шоир — Чўлпон сингари бундай «қип-қизил майнавозчилик»ка қарши дадил исён кўтарганларнинг тили кесилди. Омон қолганларнинг Ойбекдек тили тугилди. Ўша йилларда: «Тил югуриги — бошга», деган мақол шунақанги кенг тарқалдики, асти қўяверасиз. Хайрият, кўз тегмасин, охири бахайр бўлсин, мана, замоннинг шарофати билан тағин тилимиз чиқиб келаяпти. Давлат тили хусусидаги қонун бунинг энг ёрқин далили бўлди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирувчи муҳим тарихий воқеа, албатта. Лекин: «Мана, ахийри тилимизга давлат тили мақоми берилди — орзумиз ушалди-ку», дея хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки вақтида не-не эзгу қонунларимиз қоғозда қолиб кетгани барчага аён. Очиғи, биз бири иккинчисидан ажойиброқ қонун ва режаларни хўжа кўрсинга қалаштириб ташлаб, амалда уларнинг батамом аксини қилиш бобида устаси фаранг бўлиб кетганмиз! Ўзингиздан қолар гап йўқ, «Озиқ-овқат программаси» озиқ-овқатнинг баттар баракасини ўчирди. Демоқчиманки, қонунни қабул қилиш билан иш битмайди, балки бошланади.
Хўш, тил хусусидаги қонунни қандай амалга ошириш керак? Уни кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тезроқ ва кўнгилдагидек тўкис-тугал жорий этмоқ учун нималар қилиш керак? Бу ғоят мураккаб ва серқирра ишда даставвал қай бир ўзак масалаларга эътиборни қаратмоқ керак? Мен бир қаламкаш сифатида ўзимни ўйлантириб юрган бу муаммоларга доир айрим шахсий мулоҳазаларим ва аниқ таклифларимни айтишга ўтишдан аввал тарихга — муаммонинг илдизларига қисқа бир назар ташлашни истардим.
Маълумки, қадимий юртимизда Расул Ҳамзатов «Доғистоним»да тилга олган қарғиш устасига устозликка ярайдиган энг шаллақи хотин ашаддий душманини ҳам «тилинг кесилгур» дея қарғамайди. Чунки қадим-қадимдан тил кесиш ўтакетган ваҳшийлик, энг мудҳиш жазо, бош олишдан ҳам шафқатсизроқ ёвузлик ҳисобланган.
Бир пайтлар Қутайба бошчилигидаги араб босқинчилари бизни жоҳилликда айблай туриб, ўзлари ишни айни шундай ваҳшийларча ёвузликдан бошлаганлари тарихдан маълум. Узоқ давом этган жисмоний тазйиқ, ғоявий тақиқ ва руҳий таҳқирлар ниҳоясида қадим ва бой туркий тил хонаки тилга айланиб, ҳалокат бўсағасига келиб қолди. Унинг худди санскрит ва ё лотиндек ўлик тилга айланиш хавфи туғилди. Ана шунда бир даҳо тилшуносимиз — Маҳмуд Қошғарий ўзининг «Девони луғатит турк» асари билан, уч даҳо шоиримиз — Юсуф Болосоғуний «Қутадғу билик», Аҳмад Югнакий «Ҳибат ул ҳақойиқ» достонлари-ю Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»и билан она тилимизни, айтиш мумкинки, ажал чангалидан соғ-омон олиб чиқдилар. Шундан кейин ўтган минг йиллик тарих тилимизнинг тозалиги ва яшовчанлиги учун муттасил кураш-у синовларда ўтди. Форобий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбекдек алломаларимиз, азбаройи уни фан тилига айлантиролмаганлари боис, ўз асарларини Шарқдаги фан тили — арабчада яратдилар. Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Паҳлавон Маҳмуд, Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Мирзо Абдулқодир Бедиллар эса уни адабиёт тилига айлантира олмаганлари боис, Шарқдаги шеърият тили — форсчада ижод қилдилар. Хоразмий, Отойи, Дурбек, Саккокий, Лутфийларнинг тил мустақиллиги, адабий тилимизнинг равнақи йўлида олиб борган кўп асрлик курашлари ҳазрат Навоий ижодида оламшумул ғалаба билан якунланди.
Бу ёқда энг буюк даҳолардан буюкроқ даҳо — халқнинг ўзи ҳам қараб турмади, албатта. Биргина Гўрўғли туркумига кирган олтмишдан ортиқ достоннинг ўзиёқ туркий тилни гўр оғзидан нақ осмони-фалакка олиб чиқиб қўйгандек бўлди. Нима десангиз денг-у, лекин жаҳон адабиётида бу бадиий-эстетик ҳодисага тараф йўқ. Сирасини айтганда, Гўрўғли туркуми билан на «Илиада» ва «Одиссея», на «Рамаяна» ва «Махабхарата», на «Шоҳнома» ва «Илоҳий комедия», на Балзак ва Журжи Зайдоннинг туркум романлари беллаша олади... Хуллас, натижа араб босқинчилари кутганининг батамом акси бўлиб чиқди: турк тили Энасойдан Шарқий Рим, яъни, Румга қадар, Мочиндан Аштархонга қадар, Оллоҳободдан Доғистонга қадар Машриқ-у Мағрибда кенг қулоч ёзди. Лекин аввалига — араб, кейинчалик — мўғул босқинчилари «моҳирона» экиб кетган ички низо уруғлари вақти келиб ўз ишини қилди. Амир Темурнинг марказлашган давлат — ягона Эл бирлиги, Алишер Навоийнинг давлат мақомидаги ягона Тил бирлигини қарор топтириш йўлида амалга оширган оламшумул ишларидан қатъи назар, қадимий Турон ва буюк турк халқи асрлар ўтган сари, худди ҳозирги араб мамлакатларидек, тобора парчаланиб кетаверди. Асримиз бошларига келиб, бир бутун турк халқидан, худди ўзаро ноаҳил уч хонлик (Хива, Қўқон, Бухоро) «уч оға-ини ботирлар»дек ворис қолдилар: Шарқий Туркистон, яъни Синсзян, Ғарбий Туркистон, яъни Туркия ва ниҳоят, Россия империяси таркибидаги мустамлака ўлка — Туркистон мухтор жумҳурияти. Сталинча миллий сиёсат эса, «пантуркизм» деган ваҳимали ёрлиқ остида мухтор жумҳуриятнинг ўзини ҳам тағин беш-олти бўлакка парчалаб ташлади. Шундай қилиб, айниқса сталинча миллий сиёсат «бўлинганни бўри ер» деган мақолнинг нечоғли тўғрилигини араб ва мўғул босқинчиларидан ҳам яққолроқ кўрсатди-қўйди.
Тилимизнинг бугунги ҳаёт-мамотини ижобий ҳал қилишда, ўйлайманки, тарихга бундай бирров назар эмас, узоқ муддатли сафар-саёҳатлар керак бўлади. Ҳар қалай, бугун шу ҳол ойдек равшанки, умуман, маданиятимиз каби тилимизни ҳам тарихий илдизлардан узиб ташлаш, уни беҳад қашшоқлаштириб қўйиши муқаррар экан. Ахир «язык туземца», сарт тили, ўзбек қавми, чиғатой улуси қабилидаги ўта шартли ва таҳқиромуз атамалардан (маълумки, дастлабки иккитаси — Россия империяси малайларининг бизга «тортиғи» бўлса, кейинги икки атама аслида халқ номи эмас, мўғул босқинчиларининг вакили бўлмиш икки ҳукмдорнинг исми, холос. Бу жиҳатдан қирғиз, қозоқ, туркман, қалмиқ ва бошқа биродарларимизнинг аҳволи бизникидан тузукроқ, ҳар қалай, қадим туркий қабила ва уруғ номларини сақлаб қолганлар, босқинчи номини бошдаги дўппидек азиз билиб, у билан фахрланиб юрганлари йўқ! (Ҳа, шулар каби халқ шаънини оёқости қилувчи атамалардан қадди дол қадим ва бой турк-у тилимиз бугунги кунда Оролдек қуруқшаб қолгани, санскрит ва ё лотиндек ўлик бўлмаса-да, ўта ҳолсизланиб, чалажон бўлиб ётгани кўрар кўзга аён ҳақиқат. Башарти исбот керак бўлса, уни, айтайлик, ҳозирги тилимизнинг икки жилдлик изоҳли луғатидан истаганча топса бўлади. Зотан, мазкур луғат тилимизда тарихан мавжуд сўз бойлигининг ўндан бирини ҳам кўрсатолмайди. Бинобарин, бугун ишни аввало кенг миқёслардаги луғатлардан бошламоқ керак бўлади. Шу маънода филология фанлари номзоди Ҳ. Исматуллаев «Тилимиз ўзгараяптими? Қандай?» мақоласида («Совет Ўзбекистони» газетаси, 1989 йил, 3 декабрь) хабар берганидек, Тил ва адабиёт институти олимлари ўн жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» устида иш бошлаганлари таҳсинга лойиқ, албатта. Лекин энди шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги ва ё янгича шамойилда «ривожлантирилмаслиги» зарур. Аввало халқнинг «отини бошқа қўйиш», тўғрироғи, уни аслига қайтариш, ўз номи билан аташ масаласи ўйлаб кўрилса экан. Қолаверса, бу луғат икки жилдлик луғатнинг «айрим жузъий кам-кўстларини тўлдириш» ва жилдлар ҳажмини кичрайтириш ҳисобига шоша-пиша, пала-партиш яратилмаслиги, минг йиллик адабий тилимизнинг мавжуд сўз бойлигини тўла қамраб олмоғи лозим. Бироқ адабий тилнинг изоҳли луғати билан ҳам иш битмайди. Унинг манбаларига ҳам теранроқ назар ташлаш керак бўлади.
Маълумки, ҳар қандай адабий тилнинг уч манбаи бор: оғзаки адабиёт, ёзма адабиёт ва жонли халқ тили, яъни жами лаҳжа ва шевалар (чунончи, тилимизнинг қардош жумҳуриятлар, Афғонистон, Хитой, Туркия, АҚШ ва ГФРда мавжуд лаҳжа ва шевалари). Шу уч бисотимиз, шу уч чексиз уммонимизни яққолроқ тасаввур этмоғимиз учун ўн жилдли луғат қошида (билмадим, ҳар бири неча жилдлик бўларкин?) тағин учта изоҳли луғат ҳам яратилиши керак бўлади: ҳозирги адабий тилимизга сингишмаган «Оғзаки адабиёт сўзлиги», «Ёзма адабиёт сўзлиги», «Лаҳжа ва шеваларга хос сўзлар». Бир пайтлар чоп этилган «Навоий асарлари луғати» бундай изоҳли луғатлардан бирига хамиртуришликка ярайди, холос. Дейлик, халқ достонларидаги Чамбил, Сусамбил, Ваянган, Қўнғирот, Қалмоқ, Кўҳи Қоф каби минглаб жой номлари, Алпомиш, Кўкалдош, Гўрўғли, Ултонтоз, Жайноқ ва ҳоказо беҳисоб атамалар ҳамда атоқли отлар атрофлича изоҳланса эди, бир томондан — маданий тарихимиз хусусидаги тасаввуримиз, иккинчи томондан — адабий тилни замонга мослаб ривожлантириш имкониятимиз сезиларли даражада бойиган бўлур эди. Ёхуд, дейлик, жонли тилда ёнма-ён қўлланувчи учта сўз («лўли», «анди», «жўги»)нинг маъно жиҳатидан муштарак ва фарқли томонлари етарли изоҳланса, тилимиз ва тарихимизнинг бугунги кунда қоронғи нуқталари ажабтовур ойдинлашган бўлур эди. Эътибор беринг: нима учун одатда «лўлилик қилма», «жўгимисан дейман?», «андига ўхшайсан-а?» дейилмайди. Дейилганда эса, бу иборалар асл файз-таровати, жозибаси, «либоси мавзун»ини йўқотиб қўяди. Нега шундай?
Ҳа, одатда ҳар қандай тилнинг қудрати унда мавжуд сўзлар ва ё синонимик қаторлар миқдори билангина ўлчанмайди, балки ҳар бир сўзнинг нақадар пурмаъно ва бўёқдорлигига, шуларга боғлиқ ҳолда тилнинг ибора-ю мақол-маталларга нечоғли бойлигига ҳам жуда-жуда боғлиқ. Айниқса, шу икки жиҳатдан тилимиз жаҳондаги энг қудратли тиллардан бири эканлиги шак-шубҳасиздир. Дейлик, унинг синонимик қаторларга нечоғли бойлигини бобокалонимиз Алишер Навоий «Муҳокаматул луғатайн»да етарлича исботлаб кўрсатган. Хўш, халқ оғзаки ижодидаги (жаҳонда ягона!) аския жанри ва ё ёзма адабиётимиздаги туюқ жанрига асос бўлган омоним (маънодош) сўзлар-чи? Иборалар-чи? Мақол-маталлар-чи? Улар тилимизда нечта экан? Санаб адоғига етиб бўлармикин? Бу борада ҳам изоҳли луғатшуносларимиз учун қиладиган ишлар беҳисоб. Ҳурматли тилшунос олимларимиздан Азим Ҳожиевнинг синоним сўзлар, Шавкат Раҳматуллаевнинг иборалар хусусидаги қимматли илмий тадқиқотлари, ака-ука Шораҳмедовларнинг «Кенг уйнинг келинчаги» оммабоп китобидек хайрли ишлар бугунги кунда янгича суръат билан давом эттирилмоғи, муҳими — узилиб қолган тарихий илдизлар қайта уланмоғи керак.
Мулоҳазаларим қуруқ бўлмаслиги учун шу ўринда биргина мисолга тўхталиб ўтишни истардим. Мана, қадим туркий мақолнинг икки — замонавий ва тарихий шаклини муқояса қилиб кўринг (булардан биринчиси бугунги кунда фаол муомалада, иккинчиси қарийб унутилган): «Қизим — сенга айтаман, келиним — сен эшит». «Увизим — сенга айтаман, улим — сен эшит, Керагам — сенга айтаман, келиним — сен эшит». Тўғри, мақолнинг замонавий шаклида ҳам муайян имо-ишора, коса тагида нимкоса, яъни, бадиият бор. Лекин бу бадиият қадимий шаклдагига нисбатан бағоят жўн ва нурсиз. Эътибор беринг: аввалги шаклда мақол айтилажак гапнинг муқаддимасига ўхшаб турибди. Қолаверса, унда қизни яқин тутиб, келинни четлатиш, келинга бегонасираб қараш сезилади. Бунинг устига, «қизим» ва «келиним» тушунчаларида жинс маъносидан бошқа, мустаҳкамроқ мантиқий боғланиш йўқ. Кейинги, яъни, қадимий шаклда-чи? Мақол ҳавас қилса арзигулик юксак бадиият касб этиб, тугал бир образга айланган. Яъни, унда «айтаман» дейилган гап, аслини олганда, айтиб бўлинган: оила ўтовга ўхшайди, эр — увиз бўлса, хотин — керага. Шу икковининг мустаҳкам бирлигисиз ўтов ҳам йўқ, оила ҳам!.. («Увиз» ва «керага» — ўтовнинг ўзаро боғланган пастки ва устки синчлари демакдир).
Ниҳоят, тилимизнинг луғат бойлиги ва ифода қудратини яққолроқ тасаввур этиш билан боғлиқ учинчи таклифим: модомики икки дарё (Аму ва Сир) оралиғи қадим турк халқининг туб-киндигини, «ўзбек тили» деб юритилувчи тил эса туркий тилнинг ўзагини ташкил этар экан, демак, ўзингники ўзагинни ўймаслиги керак! Қани энди бир қияда — Ленинградда эмас, жумҳуриятимиз Нозирлар кенгаши қошида Туркшунослик маркази ташкил этилса-ю, бу марказда уйғур, қирғиз, турк, озарбойжон, туркман, қозоқ, татар, бошқирд ва бошқа биродарларимиз билан ҳамкорликда шу тилларнинг қиёсий луғати яратилса. Ана ўшанда наинки она тилимизнинг луғат бойлиги, айни чоғда санаб ўтилган тилларнинг нечоғли қон-қардошлиги, бошқа тил оилаларига нисбатан ўзаро ғоят яқинлиги, аслида битта тиллиги, туркий тилнинг нақадар сержилолиги рўй-рост кўринарди-қоларди. Муҳими — бу қон-қардош тиллар бугунги кунда расмий идора тилини, саноат ва маданият тилини, айниқса, фан ва техника тилини замон талаблари даражасига кўтаришда бир-бирларига биродарларча ёрдам қўлларини чўзардилар, қўлни қўлга бериб, кўплашиб-кўмаклашиб иш кўрардилар. Бу эса, ўз навбатида, сталинизмнинг халқларни парчалаб-тўзитиб, ўзаро зимдан ёвлаштиришдек маккорона сиёсати илдизига болта урар эди.
Ана шу уч ишни кўнгилдагидек уддалай олсалар, аминманки, луғатшуносларимиз ўз устозлари (Кошғарий)га муносиб ворис бўла олардилар. Муносиб ворис бўлиш мақсад эмас, мақсадга эришиш йўлидаги восита, албатта. Муҳими — тил хусусидаги қонунни ҳаётга жорий этиш ишига амалий ҳисса қўшган бўлардилар.
Хўш, шоир-ёзувчиларимиз-чи? Ёзма адабиётимизнинг бошида турган уч оға-ини ботирлар: Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий ва Аҳмад Яссавийларга муносиб ворис бўлишлари, яъни, тилимизнинг замонга муносиб равнақини таъминлашлари учун шоир-ёзувчиларимиз — сўз санъаткорларимиз нима қилмоқлари керак? Очиғи, «Гап билгунча иш бил» мақоласидан сўнг («Совет Ўзбекистони», 1989 йил, 25 февраль) бу хусусда ёзиш тугул гапиришдан ҳам қўрқиброқ қолганман. Шу боис қаламкашларимизга «ақл ўргатиш»дан тийилиб, ниҳояти тилак билдирмоқчиман: модомики бирламчи иш қуролимиз — тил экан, аввало ҳеч биримизнинг тилимиз кесилмасин, қолаверса, ҳозирги адабий тилимиз ҳар уч манбадан қувват олиб, жонлансин, Тилимиз айри эмас, бир бўлсин, Тилимизга маҳкам бўлайлик. Бунинг учун эса... Чўпон ота, Занги ота, Нур ота, Чўлпон ота, Қурқут ота, қўйинг-чи, тарихимизда муносиб из қолдирган қирқ отанинг, қолаверса, не-не отахонлар-у отабойларнинг катта отаси, пири комилимиз Аҳмад Яссавий айтади:
Ҳақ зикрини мағзи жондан чиқармасанг,
Уч юз олтмиш томирларинг тебратмасанг,
Тўрт юз қирқ тўрт сўнгакларинг қул қилмасанг,
Ёлғончисан, ҳаққа ошно бўлғонинг йўқ.
Агар ҳазрати султони орифиннинг шу гаплари рост бўлса, биз ҳали... қип-қизил ёлғончимиз!
Халқ айтади: «Гап келганда отангниям аяма».
Агар биз чинакамига «ҳаққа ошно» — ҳақгўй бўлсак, рост гапни рўй-рост айтиш бобида сохта оталар тугул чин оталарни ҳам аяб ўтирмасак (барибир, ўша мақоланинг мағзини тағин такрорлашга тўғри келади): агар биз қуруқ гап билан алаҳсиб қолмай, ҳар биримиз аниқ ишни сидқидил бажаришга ўтсак, агар бизга тўғри гап ёқса (йўқ, ноумид шайтон, «туянинг думи ерга тегса» демайман), ҳар қалай, Насриддин Афандимиз айтганидек, «насиб қилса», она тилимиз қоғозда эмас, амалда давлат тили бўлади.
Модомики ўша мақоланинг мағзини эслатган эканман, «берди»сини ҳам айтишга тўғри келади: агар ҳар бир ижодкор оғзаки ва ёзма адабиёт ҳамда жонли халқ тилининг чексиз имкониятларидан амалда яхши фойдалана олганида эди, эҳтимолки она тилимиз ўзи хусусидаги махсус қонуннинг кун тартибига қўйилишига ҳеч бир эҳтиёж сезмаган бўлур эди.
Минг афсуски, тилимизнинг бугунги аҳволи Оролимизнинг аҳволидан яхши эмас. Нимага асосланиб шундай деяпман?
Альбатта, луғатлар яратиш бобида узоқ асрлик тарихий тажрибаларга эгамиз — яна кўплаб луғатлар яратса бўлади. Она тилимизда яратилган бой оғзаки ва ёзма адабиётимиз бор, у бугун ҳам баҳоли қудрат яшаб турибди ва бундан кейин ҳам яшайверади. Қатор адабий асарларимиз ва айниқса, матбуотимиз тилига хос «ғайрат камарини боғлаб», «жавлон урди» қабилидаги сийқа ва жонсиз иборалардан-у сўз қаҳатчилигидан қутулиб, адабий тилимизни бойитиш ҳам мушкул иш эмас. Уни расмий ёзишмалар-у халқаро муносабатлар тилига айлантиришни ҳам уддаласа бўлади. Назаримда, энг мушкул иш — она тилимизни замонавий фан ва техника тилига айлантиришдир. Жиддийроқ ўйлаб қарайлик: машина-трактор станцияси (МТС)дан тортиб то реле, ион, синхропозитронгача, эҳ-ҳе, озмунча сўзлар, аксарият ҳолларда ўз сўзларимиз ҳисобига тилимизнинг нақ тўрига кириб, ястаниб олмаяптими? Худди бир пайтлар арабларнинг фан, маориф, мактаб каби сўзларидек. Ё Афросиёб-у Турк ҳоқонлиги бўлган халқда «фан» йўқмиди?! Хўш, бугун-чи? «СССР», «КПСС» — қай тилда бу қисқартма отлар?! Шу сингари сўзларнинг муқобилини ўз тилимизда яратиш ва борларини қидириб топишдек ижод-изланишни йиғиштириб қўйиб, фақат сўз қабул қилиш билан машғул бўлаверсак, бунақада тилимиз қачон киройи фан тилига айланади? Илмий-техник инқилоб ғалабаларини тарғиб-ташвиқ этиш билангина машғул изоҳловчи, кўмакчи тил ҳолида қолиб кетавермайдими? Ҳолбуки ана ўша тарғиб-ташвиқ бобида ҳам аҳвол афсусланарли. Аниқ фанлар ва замонавий техниканинг исталган соҳасига доир исталган рисола таржимасини, ҳатто «ўз» тилимизда ёзилган китобни олиб варақланг! Баайни русча-байналмилал сўзларнинг йиғиндиси дейсиз.
Илмий атамаларни айнан олганимиз олган, жумлалар қурилишида ҳам рус тилидан пала-партиш нусха кўчирмоқдамиз. Натижада бу китобларнинг тили шунақанги «чийралган», услуби шунақанги мижғов ва мужмағилки, нима дейилмоқчи — мутахассислар ҳам тушунолмай бошлари қотади. Шу боис улар аслиятда — рус ёхуд инглиз тилининг ўзида ўқишни маъқул кўрадилар. Лоақал яқиндагина чоп этилган «Политехника луғати»ни олиб қаранг! Унда русча-байналмилал атамаларнинг тилимиздаги муқобили йўқ ҳисоб: айрим ярим-ёрти таржималарни айтмасангиз, аксарияти рус тилидаги сўзларнинг она тилимиздаги ўта мужмал ва тушунарсиз изоҳлари-ю тушунтиришлари! Бас, шундай экан, бунинг нимаси «луғат», қай тилдаги «луғат»?! Наҳотки тилимизни мужмал изоҳлар тилига эмас, замонавий фан ва техника тилига айлантириб бўлмаса? Ундан зарур муқобил атамалар топиб ва ё янги сўзлар ясаб бўлмаса?! Ҳар қалай, тилшунослар-у аниқ фан соҳалари бўйича малакали мутахассиларимиз ҳамкорликда шу мушкулотни ҳал қилсалар, она тилимизнинг киройи фан тилига айлантира олсалар халқимизнинг асрий орзуси, Форобий, Ибн Сино, Берунийдек не-не алломаларимизнинг кўнгил армонлари бизнинг инқилобий қайта қуришлар даврида ушалган бўлур эди. Айниқса, шу ишда бугунги жаҳоннинг тараққий топган пешқадам мамлакатларидан бири бўлмиш Туркия тажрибалари биз учун бир мактаб вазифасини ўтаса, эҳтимол. Туркшунослик маркази ҳам, худди Атамалар марказидек, айни шу энг мушкул ишни амалга оширишда жуда-жуда қўл келиши аниқ.
Менимча, энг мушкул муаммолардан яна бири — ҳар қандай тилнинг тирик хазинаси бўлмиш жонли сўзлашув тилининг софлиги масаласидир. Бундан йигирма йил аввал биз талабаларга дарс берарканлар, Шавкат Раҳматуллаев домла шундай бир ҳаётий ҳангомани ҳикоя қилгандилар. У киши кўнка (трамвай)да кетаётиб етмиш яшар бир чолга гап қотибдилар:
— Ҳойнаҳой бозорга тушарсиз, отахон, кейинги бекат — Паркент бозори...
Жавоб шундай бўлибди:
— Йўқ, мен доконсасигача бораман.
Йигирма йил муқаддам етмиш яшар чолнинг нутқи шундай бўлгач, бугунги кундаги талаба ўсмирлар-у аниқ фан бўйича мутахассисларнинг жонли мулоқот тили русча ва ўзбекча сўзлар аралаш-қуралаш қўлланувчи ўзига хос «эсперанто», тўғрироғи, бўтқа ҳолига келиб қолганига ажабланмасак ҳам бўлади!
Ҳолбуки, ҳар қандай тилнинг тириклик мезони, бош манбаи, сарчашмаси — жонли халқ тили. Айрим илғор вакиллар қанча кўп тилни билса, шунча яхши, лекин ҳар бир Эл, токи Эл экан, унинг она тили иккита ёхуд икки тилнинг қотишмаси эмас, битта бўлиши керак. Шуниси билан у Эл! Акс ҳолда у Кумуш билан Зайнаб ўртасида сарсон Отабекдан бешбаттар аҳволга тушиши мумкин. Демоқчимизки, ҳар бир тил чашмадек тиниқ, Кумушдек гўзал ва севимли бўлмоғи керак. Иккинчи тил эса, Кумушни заҳарлаб ўлдирган Зайнабдек, Отабекни «уч талоқ» дейишга мажбур этмаслиги керак...
Тил. Эл. Ул. Қадим турк тилимизнинг, айтиш мумкинки, ўзагини ташкил этувчи бу уч сўз ўзаро яқин тушунчаларни ифодалайди. Айни чоғда, уларнинг ҳар бири бир нечта маънони англатади. Дейлик, тил — «нутқ аъзоси» ва «ижтимоий онг шакли», эл — «халқ» ва «ватан» маъноларини ўзида бирлаштиргандек, «ул» сўзи уч маънода баравар ишлатилади: ўғил, пойдевор ва ўкча. (Пояфзал, яъни, оёқ кийимдаги ўкча устига ёзиладиган пой-патакнинг қадим турк тилида «ултон» дейилиши ҳам бежиз эмас! Ҳа, Тил (она тил) ва Эл (ота юрт, ота макон)нинг Ули — Сўз! «Сўз парваришида оналардан ибрат олайлик, сўз — одам», дейди Мурод Хидир ўз «Иншолар»идан бирида, «Сўз — фарзанд, сўз — пойдевор, сўз — ўкча, керак бўлса, сўз — базис, яъни ўзак», деймиз биз. Тилимиз ва Элимизнинг тарихий тақдири ҳар тўрт маънодаги Улимизнинг аҳволи билан боғлиқ. Демоқчимизки, ота-онасининг тайини йўқ, тили ва эли мажҳул тўти-ю ҳаккалар, ўкчасидан ажраган тепакаллар, хуллас, улидан тонган Ултонтозлар эмас, Она Тил ва Ота Маконнинг тиниқ чашмаларидан қониб сув ичган ҳакимбеклар, тил ва элнинг ор-номуси деб минг ўлиб, минг тирилган гўрўғлилар, онасини ҳалокат чоҳидан тортиб чиқарган уч оға-ини ботирларгина Тилни ҳам, Элни ҳам ўз оталикларига олишга қодирдирлар. Агар «Гап десанг қоп-қоп, иш десанг Кўҳи Қофдан топ» шиори остида устаси фарангларча кун кечирувчи ваъзхонлар ҳуда-беҳуда гапиравериб тилни баттар қуруқшатсалар, бу фидойи зотлар айтган «бир сўз», худди илоҳий томчи — тириклик сувидек, қуруқшаган тилга қайта жон бағишлай олади.
Хулласи калом, Тил ва Элнинг Ули бор бўлсин! Улимиздан ажрамайлик. Қолгани, дейлик, ўша ултонтозлар, ниҳояти устқурма! Улар, қадимий қўшиқ сатрларида айтилганидек:
Ўзи келар Лайлихон,
Ўзи кетар Лайлихон.
Кўҳна юртимиздаги нуроний боболар ва кекса-кайвони момолар одатда ҳар бир қизалоққа «онам», болакайга эса, «отам» дея мурожаат қиладилар. Бу мурожаатда меҳр-саховатдан ташқари асрлар тасдиғидан ўтган улуғ бир ҳикмат ҳам бор. Зеро, боболаримиз ва момоларимиз яхши биладилар: улларимиз омон бўлса, эрта бир кун улғайиб, Она ва Ота бўладилар. Ўтган кунларини улдек асраб-авайлаб, Она тил ва Ота маконнинг мушкулини осон этмоқ учун енг шимариб кураш майдонига тушаверадилар.
Ҳа, Тил ва Элнинг Ули омон бўлса, давлат тили хусусидаги қонунни кўнгилдагидек амалга ошириш мушкул иш эмас. Ҳар қалай, яккама-якка курашда Кўкалдошни енгиш, Ҳасанхон, Авазхон, Равшандек баҳодирларга Ота бўлиш ва ё эртакдаги қирқ қароқчини маҳв этишдан мушкул иш эмас!
Ота Раҳим,«Гулистон» журнали 1990 йил 5-сон
Изоҳ (0)