2021 йил 20 сентябрь куни Россиянинг Перм вилоятида жойлашган олий таълим муассасаларидан бирида қуролланган талаба университетда тенгдошлари ва ўқитувчиларига ўқ узди. Ҳодиса оқибатида айрим манбалар ахбороти бўйича 8 нафар, Россия тергов қўмитаси берган маълумотга кўра эса 6 нафар одам ҳалок бўлган. 30 нафарга яқин киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. «РБК» нашри сўнгги йилларда Россиядаги ўқув даргоҳларида содир бўлган шунга ўхшаш бошқа қуролли ҳужумларни эсга олди.

Москва, 2014 йил

Фото: «ТАСС» / Артём Геодакян

2014 йил 3 февраль куни Москвадаги 263-мактабда таҳсил оладиган юқори синф ўқувчиси отасининг карабин Камари ва милтиғи билан қуролланган ҳолда бинога кирди. Йигитча милтиқ билан география ўқитувчисини отиб ташлади, жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлди. У ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимларига ҳам ўқ узган, отишма оқибатида яна бир киши ҳалок бўлди ва бир нафар ходим яраланди.

Ўсмирга нисбатан мактабга бостириб кириш, одамларни гаровга олиш, қотиллик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳаётига хавф солиш бўйича айбловлар эълон қилинди. Экспертизадан кейин унинг жиноятни руҳий беқарор ҳолатда ғайришуурий тарзда қилган деб топишди ва у мажбурий даволанишга юборилди.

Мазкур ҳодиса Россияда «Америка сценарийси» бўйича фуқаролик қуролидан фойдаланган ҳолда мактаб ҳудудида уюштирилган биринчи отишма сифатида тарихда қолди.

Находка, 2016 йил

Кадр: YouTube

2016 йил 18 март куни 19 ёшли йигит Находкадаги мактаб директорининг хонасида 15 ёшли қизни пичоқлади, шундан кейин ўз жонига қасд қилди. Кейинчалик қиз ва йигитнинг севишганлар бўлгани, ҳодисадан маълум вақт олдин жанжаллашиб қолишгани, йигитнинг қиз олдига муносабатларга ойдинлик киритиш учун келгани маълум қилинди. Йигит директор кабинетига бостириб кирган, у ерда ўқувчи қизни пичоқ билан ўлдирган ва шундан кейин ўз жонига қасд қилган.

Люберци, 2017 йил

Фото: Люберци онлайн

2017 йил март ойида Москва вилоятининг Люберци шаҳридаги гимназияда жисмоний тарбия дарси вақтида ўқувчилардан бири итларни ҳуркитувчи қурилмани ишга туширган. Ушбу қуролдан фойдаланиш учун лицензия талаб этилмайди ва у олов учқуни чиқаради, шовқини ҳам баланд. Ҳодиса оқибатида тўрт киши енгил жароҳат олган.

Ивантеевка, 2017 йил

Фото: «ТАСС» / Сергей Савостянов

2017 йил 5 сентябрда Ивантеевка шаҳридаги 1-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Михаил П. дарс вақтида ошхона болтачаси билан информатика ўқитувчисини урган, шундан кейин пенвматик қурол билан синфдошларига ҳужум қилган ва портловчи моддалар солинган пакетларни атрофга улоқтирган. Мазкур тажовузкор ҳаракатлар оқибатида тўрт нафар одамга жароҳат етган.

Кейинчалик ўқувчининг бундай тажовузкор ҳаракатлар қилишига аёл ўқитувчининг унга дарсга узун плаш кийиб келгани ва кечиккани учун унга танбеҳ бергани, ташқи кўриниши учун камситгани сабаб бўлгани аниқланган.

Ўқувчига одам ўлдиришга уриниш ва безорилик ҳаракатлари учун айблов эълон қилинган.

Москва, 2017 йил

Фото: «ТАСС» / Антон Новодережкин

2017 йил 1 ноябрда Москвадаги коллежнинг 3-босқич талабаси «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги асосолари» фанидан дарс бераётган 44 ёшли ўқитувчини ўлдирган. У жиноятдан кейин «ВКонтакте»даги саҳифасига сурат юклаган ва ўз ўзини ўлдирган. Жиноятга талаба ҳамда ўқитувчи ўртасида тез-тез низолар бўлиб тургани сабаблардан бўлгани тахмин қилинади.

Високовск, 2017 йил

Кадр: YouTube

2017 йил 29 ноябрда Високовск шаҳридаги мактаблардан бирида 8-синф ўқувчилари ўртасида жанжал содир бўлган. Оқибатда улардан бири ўзи билан олиб келган пичоқ воситасида синфдошининг бўйин қисмига бир нечта зарба берган. Жабрланувчи омон қолди. Тўқнашувга жабрланган боланинг синфдоши устидан доимий равишда кулиб юргани, уни камситиб келгани сабаб бўлган. Пичоқ билан шеригига зарба берган болага нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Перм, 2018 йил

Фото: Global Look Press/ Сергей Федосеев / «59.ru»

2018 йил 15 январда 127-мактабнинг икки нафар юқори синф ўқувчилари (бири 11-синфда ўқиган, бошқаси мактабдан ҳайдалган ўқувчи) кичик синфда ўқийдиган мактабдошларига пичоқ билан ҳужум қилган. Оқибатда 15 нафар одам, жумладан, жанжаллашаётганларни ажратишга уринган ўқитувчи аёл тан жароҳати олган. Уч киши оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Пичоқбозлик қилган йигитлар ҳисбга олинган.

Улан-Уде, 2018 йил

Фото: «РИА Новости»/Андрей Огородник

2018 йил 19 январь куни тонгда 15 ёшли А.Улан-Удедаги Сосновий Бор туманида жойлашган 5-мактабда ўқувчиларга ҳужум қилган. У «Молотов коктейли»ни дарс вақтида синфхонага улоқтирган, шундан кейин болаларни қўлидаги болта билан ура бошлаган. Ўсмир ҳодиса вақтида ушланган.

Керч, 2018 йил

Фото: «РИА Новости»/ Екатерина Кейзо

17 октябрда Керч политехника коллежида портлаш содир бўлган. Тергов-суриштирув ишлари давомида тўртинчи босқич талабаси Владислав Росляков ўқув муассасасида отишма содир этгани ва якунда портлаш юз бергани аниқланган. Талаба ҳодисадан кейин ўз жонига қасд қилган.

Тергов қўмитаси ҳамда Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси берган маълумотларга кўра ушбу отишма оқибатида 17 нафар одам ҳаётдан кўз юмган, Қрим губернатори Сергей Аксенов эса ушбу фожиада 18 нафар одамнинг ҳалок бўлганини айтган.

Благовешенск, 2019 йил

Фото: «РИА Новости» / Евгений Земцов

14 ноябрда Амур қурилиш коллежининг талабаси ов қуролидан ўт очиб муассаса ҳудудида отишма содир этган. Кейинчалик қуролнинг йигит номига расмийлаштирилгани ва рўйхатга олингани аниқланган. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, уч нафар одам жароҳатланган. Тергов қўмитаси воқеадан кейин жиноятчи ҳам ўзини ўзи ўлдирганини маълум қилган.

Қозон, 2021 йил

Фото: «ВКонтакте» / Владислав Загородня

2021 йил 11 майда 19 ёшли Илназ Галявиев ўзи битириб кетган 175-мактабга қонли ҳужум уюштирди. Йигит қурол олиб юриш рухсатномасига эга бўлган, мактаб ҳудудига ўқ-дорилар захираси билан кириб келган. Отишма оқибатида тўққиз нафар одам ҳалок бўлди, 23 киши жароҳатланди, яраланганларнинг аксар қисми болалар эди. Мактабга полициячилар етиб келганидан кейин Галявиев таслим бўлди ва уни ҳибсга олишди. Мерган қилган қонли жинояти учун қамалди.

Перм, 2021 йил

Фото: «РИА Новости» / Алексей Романов

20 сентябрь куни тонгда Перм давлат миллий тадқиқотлар университети талабаси олийгоҳ ҳудудига милтиқ билан кирди ва йўлида учраган одамга ўқ уза бошлади. ОТМ матбуот хизмати талабаларни аудиториялардан чиқмасликка чақирди, бошқа дарсларга кетаётганлардан ҳам ортга қайтишни сўради. Ҳужум оқибатида 8 нафар одам ҳалок бўлди. Тергов қўмитаси мерганнинг полиция вакилларига қаршилик кўрсатгани ва отишма вақтида яраланганини хабар қилди. Шаҳардаги қон қуйиш станциясида ишловчи шифокорлар аҳолидан ҳодиса оқибатида яраланганлар учун қон беришни илтимос қилган.