Наманган шаҳридаги Наманган давлат университетининг талабалар турар жой биносида ёнғин содир бўлди, дея хабар қилмоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Маълум қилинишича, 9 сентябрь куни соат 08:48 да Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 101 қисқа рақамига Наманган шаҳар «Бобуршох» маҳалла фуқаролар йиғини, Бобуршох кўчаси, 1-уйда жойлашган Наманган давлат университети 2-талабалар турар жойи биносида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Воқеа жойига Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими етиб борди.

Ёнғин натижасида талабалар турар жойи 2-қаватидаги ошхонаси ичидаги 1 дона музлатгич ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракат натижасида Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ёнғин бартараф этилди.

Содир бўлган ёнғин оқибатида талабаларни куйиш тан жароҳати олиш ҳамда ҳалок бўлиш ҳолатларига йўл қўйилмаган.

Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.