Афғонистондаги туркий халқлар етакчиси, мамлакатда «Толибон» ҳукумат тепасига келгунига қадар Ашраф Ғани ҳукуматида етакчи раҳбарлардан бўлган Абдурашид Дўстум жаҳон ҳамжамиятини толиблар томонидан шакллантирилган ҳукуматни тан олмасликка чақирди. Бу ҳақда «Интерфакс Озарбайжон» хабар қилган.

Фото: Facebook

«Мен халқаро жамоатчиликни ва барча қўшниларимиз, айниқса, Афғонистонга шимол ва шимоли-ғарбдан чегарадош бўлган қўшни давлатларни мамлакатда ташкил қилинган ҳамда таркибига жаҳон миқёсида террорчи деб тан олинган жангарилар кирган янги ҳукуматни тан олишга шошилмасликка чақираман», – дейилади Дўстум Twitter’да эълон қилган баёнотда.

Афғонистон шимолда Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон, ғарбда Эрон билан чегарадош.

Шунингдек, Афғонистон Ислом ҳаракати миллий партияси етакчиси БМТдан Панжшердаги вазият юзасидан жим турмасликни, «Толибон»га қарши бош кўтарган ушбу вилоят аҳолисига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошлашни сўраган.

«БМТдан жимжитликни бас қилишни сўрайман. Агар ижтимоий ёрдам Панжшергача етиб келмаса, фалокат юз беради», – дея огоҳлантирган маршал Дўстум.

У «қора рўйхат»га киритилган террорчилардан Панжшердаги этник тозалаш ва ваҳшиёна қирғинни тўхтатишни, водий дарвозасини очишни ва ОАВ вакилларига вилоятга ҳолатни ёритишига имкон яратишни талаб қилган.

Афғонистонда август ойи ўрталарида ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати 7 сентябрда мамлакатда муваққат ҳукумат тузиб, унинг таркибини эълон қилди. БМТнинг Афғонистондаги миссияси «Толибон» ҳукуматидаги 33 нафар аъзоларнинг аксарияти, хусусан, бош вазир, унинг икки нафар ўринбосари ва ички ишлар вазирига халқаро санкциялар қўлланилганлигини қайд этган.