Самарқанд вилоятида газ таъминотига ноқонуний уланиб, ундан фойдаланган тадбиркорлар аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.
Қайд этилишича, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан ҳудудларда газ ўғриликларини аниқлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказилган.
Аниқланишича, 2021 йилнинг август ойида турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар томонидан шартнома шартларига амал қилмай, газ тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича жами 12 та ҳолат аниқланиб, тармоқдан узилган.
Барча тўпланган материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган. Ноқонуний уланишлар натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 2 миллиард 825 миллион 687 минг 120 сўмни ташкил этган.
Маълумот берилишича, ушбу ҳажмдаги табиий газ, тахминан, 24 мингта хонадоннинг 6 ойлик газ истеъмолини ташкил қилади.