Ўзбекистон ФВВ вазири Турсинхон Худойберганов Россия Фуқаролик мудофааси ишлари, фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш вазири Евгений Зиничевнинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
8 сентябрь куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Евгений Зиничев 56 ёшида Норилскдаги ҳарбий машғулотлар чоғида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
«Евгений Зинчевнинг қариндошлари ва дўстларига ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу қайғули соатда уларга самимий ҳамдардлигимизни етказишингизни сўраймиз», — дейилади Россия қутқарув идорасига йўллаган мактубда.
«РБК» ўз манбасига таяниб хабар беришича, Зиничев машғулотларга оид съёмка пайтида вафот этган. Вазир суратга олиш гуруҳининг жарлик четида сирғалиб кетган аъзосини ушлаб қолишга уринган. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, суратга олиш гуруҳи ходими ҳам вафот этган.
РТ телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг айтиб беришича, Евгений Зиничев оператор билан бирга жарлик четида турган. «Операторнинг оёғи тойиб, сувга тушиб кетди. Зиничев унинг ортидан ўзини сувга ташлади ва туртиб чиққан тошга урилди», — деб ёзади муҳаррир ўз Telegram каналида.
Евгений Зиничев 1966 йил 18 августда туғилган. У аввалига армияда, кейин давлат хавфсизлик идораларидаги турли лавозимларда хизмат қилган. 2015 йилда генерал майор унвони билан Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ)нинг Калининград вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 2016 йилда аввал Калининград вилояти губернатори вазифасини бажарувчи, кейин ФХХ директори ўринбосари бўлди. Евгений Зиничев 2018 йил май ойидан буён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаб келаётганди.