ЎзЛиДеПнинг 9 сентябрь куни бўлиб ўтган қурултойида ўз сайловолди дастурини маълум қилган Шавкат Мирзиёев туман ва шаҳар ҳокимларини сайлашнинг янги тартибини таклиф этди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, туман, шаҳар, вилоят вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилади. Келгусида туман ва шаҳар кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Улар муаммоларни маҳаллабай ўрганиб, ечимини Кенгаш муҳокамасига киритади.
«Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади. Бунда номзод ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини халқ вакиллари олдида ҳимоя қила олган тақдирда ҳоким лавозимига тасдиқланади. Келажакда барибир ҳокимлар сайланади, шу тизимга келамиз», — деди Президент.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бир қатор ижтимоий масалалар, жумладан, ичимлик ва оқова сув, ички йўллар, бошқа инфратузилма объектларининг қурилиши, бандлик дастурини тасдиқлаш туман ва шаҳар кенгашлари ваколатига ўтказилади.
2022 йилдан бошлаб боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган 4 триллион сўм маблағни тақсимлаш ваколати, вилоятларга берилади.
«Бундан буён Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари ўқитиш ва тарбия сифатига, маҳаллий ҳокимликлар эса, қурилиш-таъмирлаш ишларига жавоб беради», — деди давлат раҳбари.
Унинг айтишича, энди ҳар бир ҳокимлик ўзининг ва ҳудудий ижро идораларининг штат бирлиги ва тузилмаларини кенгаш билан бамаслаҳат мустақил белгилайди. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлиғича ушбу туман ва шаҳарларда қолдирилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрида ҳокимларни лавозимга сайлашни таклиф этган эди. 2017 йилнинг августида у ҳозироқ ҳокимларни халқ сайлаши тизимини жорий этишга тайёрлигини билдирганди. 2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари яна бир бор «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», деб таъкидлаганди. 2021 йилнинг март ойида эса жамият ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслигини айтганди.
«Ҳокимлар ҳам сайлансин, деган гаплар жуда кўп муҳокама қилинади. Буни ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга ҳозир биз тайёрмизми? Битта маҳалла раисини адолатли сайлай олмаймиз-ку: тўда-тўда бўлиб, ўз яқинларимиз ёки танишларимизни сайлаймиз. Жамиятни тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, буни жуда яхши тушунаман. Аммо кимни сайлаймиз? Лекин мен ишонаман, вақт ўтиб, албатта, ҳокимларни ҳам сайлаш жараёнига етиб келамиз», — деган эди Президент.
Ҳозирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Шу билан бирга, номзодни давлат раҳбари тавсия этади.