Турли сабабларга кўра тўйни тўхтатган ҳинд киносаноати вакиллари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Абҳишек Баччан ва Каришма Капур
Амитабҳ Баччан қизи Шветани 1997 йилда Раж Капурнинг набираси Никхил Нандуга узатган. 2002 йилда эса ўғли Абҳишек ва Капурлар сулоласининг вакили Каришмани унаштирилганини маълум қилган. «Ҳа, мен сени севаман» фильмида бирга суратга тушган Абҳишек ва Каришма 5 йил учрашиб юрган ва Амитабҳ Баччаннинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил қилинган тантанада унаштирилган. Шунга қарамай, жуфтлик тўйга бир неча ҳафта қолганда муносабатларига нуқта қўйган. Баъзи манбаларда маълум қилинишича, бунга Каришманинг онаси сабабчи бўлган, у бўлажак куёвининг молиявий аҳволидан қониқмаган. Орадан ярим йил ўтиб, у қизи учун ўзига тўқ куёв — бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлган Санжай Даттни топган. Турмуш қурган машҳурлар икки нафар фарзанд дунёга келганидан кейин ажрашган. Абҳишек эса «Дунё гўзали»Айшварияга уйланиб, бахтини топган.
Салмон Хон ва Сангита Бижлани
Болливуд юлдузи Салмон Хон деярли 10 йил давомида «Ҳиндистон гўзали» Сангита Бижлани билан учрашиб юрган. Таъкидланишича, жуфтлик 1995 йилда турмуш қуришга қарор қилган ва тўй билан боғлиқ ҳамма нарса ҳал қилиб бўлинган. Никоҳдан бир неча кун аввал Сангитанинг қулоғига бўлажак турмуш ўртоғи актриса Соми Али билан хиёнат қилаётгани ҳақидаги миш-миш етиб келган. Дарғазаб бўлган Сангита тўйни тўхтатган. Кейинроқ эса Салмон Хон «Каран билан қаҳва» шоусида Бижла уни дарҳақиқат хиёнат устида ушлаб олганини маълум қилган. Шунга қарамай улар ҳали ҳамон бир-бири билан яхши муносабатда. Сангита кейинроқ крикет ўйинчиси Муҳаммад Ажаруддинга турмушга чиқиб, ажрашишга ҳам улгурган. 55 яшар Салмон эса ҳали ҳам уйланмаган.
Акшай Кумар ва Равина Тандон
Акшай Кумар Ражеш Кҳаннанинг қизи Твинклга уйлангунига қадар, деярли уч йил актриса Равина Тандон билан учрашган. Равина берган интервьюсида Акшай билан яширинча унаштирилгани, аммо актёрнинг карьерасига таъсир қилмаслиги учун бу сир тутилганини маълум қилган. Кейинроқ Кумарни бошқа бир актриса билан учрашиб юрганини билиб қолгач, тўйни қайтаришга қарор қилган.
Кумар Гаурав ва Рима Капур
Ўз вақтида Раж Капур ва Ражендра Кумар жуда ҳам қалин дўст бўлган. Раж қизи Римани Ражендранинг ўғли Гаурав билан турмуш қуришини истаган. Унаштирув бўлганига қарамай, кейинроқ тўй қайтарилган. Айтишларича, бу вақтда Кумар «Севги тарихи» фильмидаги ҳамкасби Вижайта Пандит билан муносабатда бўлган ва бу унаштирув бузилишига асосий сабаб бўлган. Гауравнинг Римадан воз кечиб, Намрата Даттнинг қизи Наргисга уйлангани эса Раж Капур учун оғир зарба бўлган.
Мавзуга доир: