АҚШ шимоли-шарқида «Ида» довули туфайли юзага келган торнадо ва сув тошқини оқибатида 42 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Фото: Getty Images

Хусусан, Нью-Жерсида 23 киши, Нью-Йоркда саккиз киши, жумладан, икки ёшли бола вафот этган. Шунингдек, Бриджуотер шаҳрида, Ҳиллсборо, Монтгомери, Жанубий Плейнфилд ва Пассаик графликларида ҳам қурбонларнинг жасади топилган.

Ҳукумат Нью-Йорк (шаҳар ва штат), Нью-Жерси ва Пассаикда фавқулодда ҳолат эълон қилди. NBC News телеканалининг АҚШ Миллий об-ҳаво хизматига таяниб хабар беришича, Нью-Йорк шаҳар марказий боғида кунлик ёғингарчилик 1 сентябрь, чоршанба куни 7,13 дюйм (18,11 см)ни ташкил этиб, 1927 йилда ўрнатилган рекордни янгилади — ўшанда ёғингарчилик 3,84 дюйм (9,75 см) бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден энергетика вазири Женнифер Гренхолмга «Ида» довули туфайли мамлакатда ёқилғи нархининг ошишига йўл қўймаслик учун стратегик нефть захирасидан фойдаланишни буюрди.

«Мен энергетика вазири Гренхолмга қувурларда бензин тўхтаб қолмаслиги учун ихтиёридаги ҳамма нарсадан, шу жумладан, стратегик нефть захирасидан фойдаланишини айтдим», — деди Байден. Президентнинг қўшимча қилишича, стратегик захирадан фойдаланиш ёқилғига эга бўлиш имкониятини оширади ва унинг нархи кўтарилишига қарши курашади.

Байденнинг айтишича, унинг маъмурияти «Ида» етказган зарарни, шу жумладан, нефть фаол равишда қазиб олинаётган ҳудудлардаги оқибатларни иложи борича тезроқ баҳолашга тайёр.

29 август куни Мексика кўрфази соҳилига «Ида» довули кириб келди. Дастлаб, шамол тезлиги соатига 240 километрга етган, довулга хавфлилик даражаси бўйича бешта тоифанинг тўртинчиси берилган. Табиий офат туфайли АҚШнинг Луизиана штатида 1 миллиондан ортиқ аҳоли электр энергиясидан узилиб қолди, бир киши вафот этди. Кейин довул Миссисипи, Теннесси ҳудудларидан ўтиб, Виржиния, Мериленд, Пенсильвания, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларини қамраб олди. Бир кун олдин табиий офат қурбонлари сони 20 тага етгани хабар қилинганди.

Шу билан бирга, ҳозирда АҚШ Атлантикада кучайиб бораётган яна бир довул — Ларри ҳақида огоҳлантирилмоқда. Метеорологлар унинг бир неча кун ичида учинчи тоифага ёки ундан юқори даражага кўтарилишини прогноз қилмоқда. Ларри шамолининг тезлиги ҳозирда 128,7 км/соат.