Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси томонидан «Андижон дори-дармон» акциядорлик жамиятида сақланаётган жами 650 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз дори воситалари йўқ қилинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Аниқланишича, судлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг тегишли бандларига асосан, МИБ Андижон шаҳар бўлими томонидан сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз дори ҳамда тиббиёт воситаларини йўқ қилиш бўйича махсус тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида жамият омборида сақланаётган умумий қиймати 650 миллион сўмни ташкил этувчи, жиноят иш материаллари бўйича ашёвий далил ҳисобланган 10 минг дона «Лейкопластир» номли тиббиёт воситаси, 427 қути «Кеto power», 1805 қути «Эровир», 428 қути «Скинни стих», 248 қути «Оторин», 1 327 қути «D-vision» номли дори воситалари мутасадди ташкилотлар иштирокида «Экотиббиёт» хусусий корхонасига қарашли қурилиш чиқиндилар полигонида ташкил этилган куйдириш печида белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Изоҳ (0)